Дунёнинг энг бадавлат футболчиси қандай ҳаёт кечирмоқда?

Дунёнинг энг бадавлат футболчиси ким ва у қандай ҳаёт кечирмоқда?

У аслида ким?

deni2

«Мендан нега футболчи бўлишга шунчалар интиласан, деб кўп сўрашади. Уларга доимо бир хил жавоб қайтараман. Менинг ака-укаларим кўп. Улар 24 соат уйда ўтиради. Банкдаги ҳисобларида миллионлаб евро пуллар мавжуд. Менда ҳам шундай, бироқ мен улар сингари, эрталабдан кечгача ҳеч нарса қилмай, уйда ўтирмоқчи эмасман. Мен ниманидир уддасидан чиқиш мақсадида тинимсиз ҳаракатдаман».

Бу сўзлар футбол оламидаги энг бадавлат шахс саналган Бруней султонининг жияни - Фаик Болкиага тегишли. Ҳасанали Болкиа 1997 йилда “Forbes” журнали томонидан дунёнинг энг бадавлат инсони, деб топилган эди. Ушбу султоннинг ҳисобида 17 миллиард доллар пул мавжуд. Фаик эса, унинг жияни бўлиб, қироллик оиласининг эркатой вакилларидан бири саналади.

Dani3

Эътиборлиси шундаки, Фаик дунёнинг энг бадавлат болаларидан бири бўлишига қарамай, 10 йил давомида Англиянинг «Лестер» жамоаси академиясида тарбия олган. У «Лестер»нинг ёшлар жамоасида ҳам бир мунча фурсат тўп сурди. Темми Абрахам ва Лофтус-Чик билан бирга тўп сурган қаҳрамонимиз таниқли футболчи бўлишни уддалай олгани йўқ.

Келинг, бироз ортга қайтамиз. Фаик Болкиа 1998 йилда Лос-Анжелос шаҳрида таваллуд топган. Шундай бўлса-да, қаҳрамонимиз амакисининг ўғли билан Англияда таълим олади. Фаикнинг ота-онаси европаликларга ўхшаб фикрлаши учун уни хориж мактабида илм олишини истаган эди. Европаликлар сингари ҳаёт кечиришга уринган Фаик улар сингари футболни севиб қолади.

Унинг дадаси бу пайтда миллионларни ҳавога учириш борасида ҳаммага «ўрнак» бўлаётган эди. Маълумотларга қараганда, Фаикнинг дадаси ўз туғилган кунида Майкл Жексоннинг ташрифи учун 17 миллион доллар сарфлаган экан. Инглиз нашрлари берган хабарларга қараганда, Брунейда султон оиласи аъзоларининг ойлик сарф-харажати 1 миллион доллардан кўпроқ. Ушбу машина Фаикнинг дадасига тегишли.

dani6

Бруней султонининг жияни футболдаги илк қадамларини «Нюбери» шаҳри жамоасида бошлайди. 2009 йилга келиб, «Саутгемптон» жамоасига ўтади. Унинг футболдаги илк устози Пол Морганнинг фикрларига эътибор беринг:

«У клуб академиясига кириш учун лозим бўлган ҳужжатларни тўлдираётган пайтда, доимо яшаш жойини кўрсатиши керак. Шунда, Фаик «Холлингтон Хаус»ни белгилайди. Биз унинг бу ишига кулиб қўйдик. Кейинроқ билсак, унинг оиласи ушбу меҳмонхонани тўлиқлигича сотиб олган экан. Шу сабабли, биринчи кунданоқ, у қирол оиласи аъзоси эканлигини маълум бўлган эди. Биринчи машғулотлар куниёқ, унинг инсон сифатида яхши тарбия олгани маълум бўлди. Фаик жуда камтарин ва оддий болалардан ажралмас эди».

Бунга ҳозир ишонмаслигингиз мумкин, аммо Фаикни «Саутгемптон» скаутлари бежиз таркибга қўшиб олмади. Гап шундаки, у жуда тезкор ва чаққон футболчи эди. Боз устига, ҳеч қачон тўпни қизғанмас, керакли паллада пас беришни уддалар эди. Шу боис, биринчи кўрикдаёқ уни «Саутгемптон» ўз сафига қўшиб олди.

Фаик Болкиа 2009-2013 йиллар оралиғида «авлиёлар» сафида машғулот ўтказди. Кейин Лондоннинг «Арсенал» жамоаси қаҳрамонимизни ўзи билан Сингапурдаги турнега олиб кетди.

Бунга қадар «Арсенал» футболчилари Бруней қиролининг жияни ҳақида айтарли маълумотга эга эмас эди. Сингапурда эса, Фаикни халқ катта қизиқиш билан кутиб олди. У билан суратга тушганлар сони машҳур футболчиларникидан ортиб кетди. Ўша турнеда Фаик билан бирга иштирок этган клуб персонали Рубен Саммут қуйидагича хотирлайди:

dani5

«У жуда камтарин футболчи эди. Ўнг қанотда тўп сурар эди. Тэо Уолкотт сингари супер тезлик эгаси эди. Тўғриси, «Арсенал» жамоасидаги ҳеч ким унинг бу қадар бадавлат эканлигини билмаган. Гап шундаки, у бошқа ёш футболчилар сингари клуб базасида ётиб қолар, ўзи учун қиммат нарса сотиб олмас эди. У бор кучи билан оддий футболчи бўлишга интилар, ўз имижини тушириб юбормасликка уринар эди.»

Фаик ўзи сингари футбол орқали катта ютуқларга эришиш орзусидаги болалар ичида катта бўлди. Балки, шу боис унинг камтарлиги кўплаб инсонларда ҳайратланиш ҳиссини уйғотар. Қаҳрамонимиз медиа оламда жуда машҳур бўлишига қарамай, негадир интервьюлардан қочишга уринади. У билан шу кунга қадар, журналистлардан фақат Герри Кохгина суҳбат қурган, холос. Журналистнинг маълум қилишича, Фаик жуда оддий инсон, бироқ унинг атрофида бўлаётган воқеалар уни ноқулай аҳволда қолишга мажбур қилаверади. Журналист Бруней қироллик оиласи аъзоси ҳақида ёзган мақоласидан иқтибос келтирамиз.

«Бруней ёшлар жамоаси Сингапурда футбол учрашувида иштирок этганида, Фаикни бутун бошли армия қўриқлаган экан. Ўйиндан олдин, ҳатто рақиб жамоаси футболчилари ҳам тинтув қилинган. Футболчи жамоадошлари билан биргаликда меҳмонхонада қолган, аммо уни 50 га яқин тансоқчи ҳимоя қилган.»

2016 йилда қаҳрамонимиз ўз фаолиятидаги илк профессионал шартномага имзо чекади. «Лестер» клуби чаққон вингерга ишонч билдиради.

Қизиқувчан инглиз журналистлари «тулкилар»нинг янги футболчи қандай мақсадда клубга қабул қилгани ҳақида тергов-суриштирув ишларини олиб борган бўлса-да, ҳеч қандай маълумот топишнинг имкони бўлмади. Қаҳрамонимиз «Лестер»нинг U18 ва U19 жамоалари сафида тўп сурди. 5 бор УЕФА доирасидаги турнирларда иштирок этди, аммо асосий жамоада тўп суриш унга насиб этмади. Шартнома муддати якунлангач, у Португалиянинг «Мартиму» жамоаси билан шартнома имзолади. Ўтган ёзда унинг Португалияга кўчиб ўтганини инглиз футбол мухлислари сезмай қолди.

«Мартиму»да жамоаси футболчилар миллионер футболчини жуда илиқ кутиб олди. У ҳақида клуб ҳимоячиси Клаудио Винг билдирган фикларга эътибор қаратамиз:

Deni1

«У Португалияга катта мақсадлар билан ташриф буюрди. Эътиборлиси шундаки, у барча сингари машғулот ўтказади. Доимо нимадир ўрганишга ва ниманидир уддалашга уринади. Ваҳоланки, у ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлаб қўйишга мажбур эмас.

Мен  инглизча оз-моз сўзлашаман. У эса, португал тилида ҳали нўноқ. Шундай бўлса-да, бирга кўп вақт ўтказамиз. У жуда содда ва меҳнаткаш йигит. Ўйлашимча, уни олдинда ажойиб келажак кутмоқда.»

Фаикнинг ўзи Бразилиялик афсона – Роналдонинг ашаддий мухлиси. Гап шундаки, Бруней терма жамоаси сардори шу темпда яна 10 йил тўп сурса, бу чинакам қаҳрамонликка тенг.

«Мен ўз мамлакатим тарихида илк бор Европада тўп сурган футболчи бўлишга муваффақ бўлдим. Бунинг учун ёшлик чоғимдаги энг ўйинқароқ даврларимни спортга бағишладим. Ҳозирги даражамга чиқишим учун узоқ йиллар меҳнат қилишимга тўғри келди.

Футболчилик фаолиятим давомида ўзимни яхши тутишга ҳаракат қиламан. Оилам мен билан фахрланишини жуда ҳам истайман. Ҳар бир голимдан сўнг, уларга қўнғироқ қиламан ва суҳбатлашаман. Асосий мақсадим эса, Бруней футболини янги даражага олиб чиқиш».

Қаҳрамонимиз 2016 йилда АҚШ терма жамоасида тўп суриш таклифини олди, бироқ у Бруней терма жамоасида тўп суришни афзал кўрди. Энг қизиғи шундаки, у эндигина 22 ёшга қадам қўйди. Олдинда, бутун бошли карьера уни кутиб турибди. Ҳисоб рақамида миллиард доллардан ортиқ пули бўлган Фаик эса, португал тилини ўрганиш билан банд. SPORTS.uz ўз устида ишлашда давом этаётган сайёрамиздаги энг бадавлат футболчига омад ва зафарлар тилаб қолади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)