Достон Ҳамдамов -

Ўзбекистон чемпиони – “Пахтакор” энди кубокда ҳам яна бир карра ғолиб чиқиш мақсадида жиддий ҳаракат қиляпти. Кўрдингиз, куни кеча ўз майдонида “Сўғдиёна”ни ер тишлатди ва 8 та гол урди. Жамоа таркибида эса Ўзбекистоннинг энг яхши футболчилари жамланган.

Шулардан бири ҳисобланган Достон Ҳамдамов ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлаб келяпти. Унинг ҳам ўзига яраша мухлислари бор. Ҳамдамов sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб қайтарди.

- “Пахтакор”нинг “Сўғдиёна” дарвозасига 8 та гол ургани ҳақида нима дея оласиз? Рақиб шу қадар кучсизмиди?

- “Сўғдиёна”га қарши учрашув ҳақида гапирадиган бўлсак, биз мутлақо ўйин ажратмаймиз. Бош мураббийимиз – Шота Арвеладзе ҳамма вақт ҳар бир беллашувга жиддий тайёргарлик кўришимизни талаб қилади. Шунинг учун майдонга тушган пайтимизда жанг бўлиши ва унда ғалаба қозонишимиз муҳим эканини доим таъкидлаб келади. Биз учун қандай ҳисобда ютишимизнинг фарқи йўқ. Асосийси, қўлимиздан келганича мураббий томонидан берилган кўрсатмаларни бажариб, ғалаба учун курашишга ҳаракат қиламиз.

- Барибир “Пахтакор”нинг ҳаммадан кучли экани кўриниб турибди. Чемпионликни ютгач, энди кубокни ҳам қўлга киритиш йўлида катта иштиёқ билан қадам босяпти. Бошқа рақибларнинг “Пахтакор”га кучи етмаётгани туфайли сизлар ўйинларга қандай мотивация билан тушяпсизлар?

- Йўқ, Ўзбекистондаги клубларни кучсиз деб ҳисобламайман. Ҳамма жамоа “Пахтакор”га қарши жуда яхши тайёрланади ва ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади. Шунинг баробарида рақибларимиз бизга жиддий қаршилик кўрсатишади. Шундай экан, ҳеч бир клубни кучсиз дея олмайман. Шунчаки, биз ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш йўлида меҳнат қиляпмиз ва қўлимиздан келганича мақсадларимизга эришиб боряпмиз.

- 2018 йили Россиянинг “Анжи” клубига кўчиб ўтган пайтингизда у ерда узоқроқ қолишингизни истагандик, бироқ бир нечта ўйинлар ўтказгач, яна юртимизга қайтгансиз. Ўшанда нима бўлганди?

- “Анжи” клубида тўп сурганим озгина бўлса ҳам менга тажриба мактаби бўлди, деб ўйлайман. Лекин “Пахтакор”дан тушган таклиф ўзимга маъқул келгани туфайли ҳозир шу ердаман.

ҳамдамов2

- Кейинги режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми? Бу “Пахтакор”даги охирги фаолиятингиз бўладими ёки..

- Ҳозир бу ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Айни пайтда фақат Ўзбекистон кубоги ҳақида бош қотиряпмиз.

- Ўзингизга қолса, қайси чемпионатда кучингизни синаб кўрган бўлардингиз?

- Ҳозирдан бир нарса дейишим қийин. Чунки ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша қийинчилиги ва қулай тарафлари бор. Ҳали қайсидир биринчиликда ўзимни синаб кўраман, деб ўйламагандим. Қайси жамоадан таклиф тушса, кейин шунга қараб ўйлаймиз ва бир хулосага келамиз.

- Терма жамоамизни олдинда иккинчи саралаш босқичининг муҳим учрашувлар кутяпти. Охирги пайтларда эса танқид тошлари отилаётгани борасида фикрингизни билмоқчимиз.

- Миллий терма жамоага келадиган бўлсак, карантиндан чиқиб машғулотлар олиб бордик. Бу ҳали термамизнинг шаклланган жамоаси эмас. Чунки терма жамоа билан йиғинларимиз кам бўлди. Бунинг устига кўп легионерларсиз машғулот ва ўйинлар ўтказдик. Аммо ишонаманки, олдимизга қўйилган барча мақсадларимизга эришамиз. Машғулотларда Саудия Арабистони ва бошқа рақибларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб, уларни жиддий ўрганиб боряпмиз. Биз учун ҳар бир учрашув финалга тенг деб ўйлайман.

ҳамдамов3

- Достон, бу йилги мавсумда Ўзбекистоннинг энг яхши уч нафар мураббий ва футболчиларини айта оласизми?

- Буни яққол айтиш қийин. Мен учун мураббийлардан Шота Арвеладзе, Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиев. Футболчиларга келадиган бўлсак, ҳар бири ўз позициясида муносиб тўп суряпти. Шу боис уларни астойдил санаб ўтиш нотўғри деб ўйлайман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)