Диёр Имомхўжаев:

Хабарингиз бор, бугун "Миллий стадиони"да Суперлига янги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Маросим якунида ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев қуръа ҳамда Суперлиганинг янги мавсуми хусусида ўз фикрларини билдирди.

- "Қуръага кўра, дастлабки турнинг энг марказий ўтиши кутилаётган ўйини сифатида қайси учрашувни кўрсата оласиз?"

- "Менимча, 1-турда дастлабки тўрттала ўйин марказий бўлади. "Насаф" - "Пахтакор", АГМК - "Локомотив", "Навбаҳор" - "Сўғдиёна", "Турон" - "Қўқон-1912" ўйинлари қизиқ ўтади. Айниқса, "Насаф" - "Пахтакор" ўйини жуда зўр тушди, сабаби улар Суперкубокда ҳам тўқнаш келади. Ҳаммаси табиий, ҳеч қанақа шубҳага ўрин йўқ".

- "Бу мавсум "Пахтакор"нинг Суперлигадаги юриши, кучсизланиши ҳақида фикрингиз қандай? Улар бу йил нималарга қодир?"

- "Фикримча, "Пахтакор" кучсизланмади, аксинча, битта релсга тушиб олди. Яъни, Ўзбекистон Чемпионатидан умидли ёш футболчиларни сотиб олиб, уларни юлдуз даражасига олиб чиқяпти ҳамда халқаро майдонда кўрсатиб, бемалол сотяпти. Янги футболчиларни ҳам сотиб оляпти. Германияда "Бавария" худди шунақа тенденсияда иш юритади.
   Мен хурсанд бўлган жиҳатим, "Насаф" худо хоҳласа, муаммоларини ҳал қилиб, Рўзиқул Бердиевни сақлаб қолса, АГМК мураббийини кетказмаса бу жуда зўр. Таркиб йилдан-йилга кучайиб боряпти. Худди шундай ҳолат "Металлург"да ҳам кузатиляпти, "Қўқон"га ҳам мос тушади. "Андижон" ва "Турон" хусусий клуб, ҳозирда уларнинг масъулияти катта, уларнинг зиммасига кўп нарса юкланган. "Локомотив" анча кучайганини ҳамма кўрди, янги мураббий келди, таркибда ўзгаришлар катта. Шунинг учун, бу йилги чемпионат ўтган йилгидан анча қизиқ ўтишига ишонаман, қисқа қилиб айтганда бу мавсум Суперлига ёнади!"

- "Нима деб ўйлайсиз, дебютант "Турон" илк мавсумда қай даражада қийналади, ўтган мавсумлардаги дебютантлар каби уларда ҳам муаммолар кузатиладими?"

- "Энди биринчи мавсум албатта, осон бўлмайди. Ҳеч кимда биринчи мавсум осон кечмаган. Ҳар соҳада биринчиси доим қийин бўлган. Қайсидир маънода бу яхши ва керакли. Чунки, кейин қийналишмайди. Ҳозирда "Турон" стадионини таниб бўлмайдиган даражага олиб келган, 1-турни ўзида ўтказа олмаслиги ҳам мумкин. Буёғига "Қўқон" билан келишишади, улар ака-ука жамоалар. Муаммо бўлмайди".

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)