«Динамо»га қайтган Дилшод Шарофутдинов энди футболчи эмас!
Ads

Самарқандлик Дилшод Шарофутдинов охирги пайтларда ҳеч бир жамоада кўриниш бермаётганди. Аслида эса ушбу ўйинчи охирги йилларда асосан легионер сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди. Аввалига Малайзия чемпионатида бир неча йил иштирок этди, кейин эса Индонезияда ҳам фаолият олиб борди. Қолаверса, унинг ўз вақтида «Пахтакор»да ҳам тўп сурганини мухлислар яхши билишса керак. Айни пайтга келиб Дилшод фаолиятини тугатишга қарор қилди ва катта футболга кириб келган «Динамо» жамоасида ишлай бошлади.

«Индонезияга сингган оёқ билан бора олмасдим»

- Хабарингиз бўлса, беш йил давомида Малайзияда фаолият олиб бордим. Шундан кейин бироз муддат Самарқандга қайтмоқчи бўлиб тургандим. Кейин шу пайт менга Индонезиядан таклиф бўлиб қолди. Қарасам, уларнинг варианти менга ёқди. Натижада ярим мавсум «ПСМ Медан» жамоаси шарафини ҳимоя қилдим. У ерда нима учун ярим мавсум ўйнадингиз деб савол беришингиз ҳам мумкин. Гап шундаки, Индонезияда биринчи давра тугаганидан кейин танаффус эълон қилинганидан фойдаланиб Самарқандга келгандим. Бекор юрмасдан спорт формамни ушлаб туриш мақсадида ўзимизнинг «Динамо» жамоасининг машғулотларида шуғулланиб юргандим. Минг афсуски, машғулотларнинг бирида оёғим синиб қолди. Индонезияга синган оёқ билан бора олмасдим-ку. Натижада уларга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Шундан сўнг иккала томон ўзаро келишиб, тузилган шартномани бекор қилдик. Бу ҳолат ўтган йилнинг август ойларида юз берганди. Мен синган оёқ билан юра олмасдим, шунинг учун бир ярим ой давомида гипсда юришга мажбур бўлдим. Мени яна футбол ўйнагим келаётганди. Шунинг учун гипсни олиб ташлаганларидан сўнг яна югуришни бошладим. Лекин қарасам, барибир оғриқ билиниб турганди. Негаки, ўша оёғим иккинчи бор синганди. Мен фаолиятимни тугатиш ёки давом эттириш ҳақида кўп ўйладим, лекин оғриқ барибир футбол ўйнашимга имкон бермади. Барибир ўзим қийналаман экан. Шундан сўнг тугатишга мажбур бўлдим. 5-6 йил давомида уйимдан ташқарида, олисда ўйнаб юрганим боис оиламга ҳам етарлича вақт ажарата олмасдим. Шу баҳонада оилам, ота-онам олдида бўлдим.

«Жароҳат олсангиз, сизни бир ой кутишади»

- Малайзия ва Индонезиядаги фаолиятларимдан нолимайман. Ҳаммаси мен учун яхши бўлди. Энг асосийси, легионер бўлиб ўйнаган пайтларимда жароҳат олмаганман. Биласиз, футболчи учун энг ёмони – бу жароҳат. Айниқса, сиз легионер бўлсангиз янада қийин. Чунки улар сизни кўпи билан бир ой кутишади. Бир ойдан кейин ҳам тузалмадингизми, унда улар сизга узр, сенга ҳар ой маош тўлай олмаймиз, ўрнингга бошқасини олиб келамиз деб хайрлашиб қўя қолишади. Шукрки, мен легионер бўлиб бирор  марта жароҳатланмадим. Доим ўйин амалиётига эга бўлдим. Қолаверса, легионер сифатида ҳар мавсумда камида 10 тадан кам гол урмадим. Малайзия ёки Индонезия чемпионати Ўзбекистон чемпионатидан кучли эмас, аммо у ердаги футболчилар меҳнат қилишдан тўхташмайди.

«Динамо»нинг таклифини ўйланмай таклиф қилдим»

- Катта футболга «Динамо» орқали кириб келганимни ҳамма яхши билса керак. Бу клуб мен учун доим қадрли бўлиб келган. Бундай пайтда улар мени унутишмаганидан хурсанд бўлдим. Бир куни менга клубдан қўнғироқ қилишди. Албатта, футболни тугатганимдан жамоадагиларнинг ҳам хабари бор эди. Лекин шунга қарамасдан, «Динамо» клубида менга иш таклиф қилишди. Мен эса ўйланиб ўтирмасдан қадрдон жамоамда ишлашга розилик билдирдим. Эндиликда жамоанинг маъмуриятида фаолият кўрсатиб келяпман. Ҳеч қачон ўз ишимдан нолимайман.

«Динамо» иккинчи даврада янада кучаяди»

- Ҳамма яхши билади, «Динамо» жамоасининг Суперлигада қатнашиши кутилмаганда юз берди. Мавсум бошланишига 10 кунча вақт қолганидагина «Динамо»нинг Суперлигада иштирок этиши маълум бўлди. Ҳеч ким вазият бу даражада ўзгариб кетишини кутмаганди. Бизникилар ҳам таркибни асосан про-лигага мослаб тузишаётганди. Лекин жамоамизда ёш футболчилар кўп бўлишига қарамай, аксарияти иқтидорли йигитлар. Уларда Суперлигада ўзларини кўрсатиш учун ажойиб имконият туғилди. Бизнинг яна бир катта ютуғимиз шундаки, вилоят ҳокими футболнинг ашаддий ишқибози. Шунинг учун жамоага катта эътибор қаратиб, етарли шароитларни яратиб беряпти. Худога шукрки, «Металлург»га қарши учрашувда дастлабки ғалабамизни ҳам қўлга киритдик. Ҳоким футболчилар учун нима керак бўлса, ҳамма имкониятларни яратиб беряпти. Ҳозиргача учта тур ўтди ва натижаларимиз ёмон эмас. Бир ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этдик. Шуни аниқ айта оламанки, «Динамо» ҳозирги ҳолати билан чекланиб қолмайди. Биз доим изланишдамиз. Яъни, ёзда таркибимизни янада кучайтирамиз. Таркибга тажрибали футболчиларни жалб этиш борасида ишлар олиб бориляпти. Мавсумнинг иккинчи даврасида «Динамо» янада янгича кўринишга эга бўлади. Насиб қилса, ажойиб ўйинчиларнинг жамоамизга келиши кутилмоқда. Нимагаки, «Динамо»да пул бор, йўқ эмас. Яширишнинг кераги йўқ, агар пулингиз бўлса хоҳлаган ўйинчиларни олишингиз мумкин бўлади. Илҳом Шарипов билан Даврон Файзиев ҳар куни селекция борасида ҳам ишлашяпти. Ишонаманки, иккинчи даврада «Динамо» янада кучли жамоага айланади. Имконият эса ҳаммада бир хил. Лекин биз чемпионатда шунчаки қатнашмаймиз. Худо хоҳласа, бу йил мухлисларимизни хурсанд қилиб, натижаларимиз ҳам шунга яраша бўлади деб ишоняпман.

«Укамни ҳам хорижга кетиш нияти бор»

- Укам Комил Шарофутдинов ҳам «Динамо»да тўп суриб келяпти. Унинг ҳам мақсадлари катта. Бу йил Самарқандда ўзини кўрсатса, кейинчалик янада номдор жамоалардан бирига ўтиб ўйнамоқчи. Айниқса, унинг легионер сифатида четга кетиш нияти бор. Биринчи навбатда ўз устида янада кўп ишлаши керак, буни унинг ўзи ҳам яхши билиб турибди. Футбол ҳаёти шунақаки, унда қисқа фаолияти жуда тез ўтиб кетади. Масалан, ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, футболга кириб келганим кечагина ёдимда эди, бугун эса тугатдим. Ҳаммаси худди кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Фаолиятини тугатганидан кейин футболчи пушаймон бўлмасин. Шу боис укамга ҳам кўп маслаҳатлар бериб тураман. Масалан, фаолиятим давомида сира афсусланган пайтларим бўлмаган. Футболни «Динамо»да бошладим ва қайси жамоада ўйнаган бўлсам, ҳаммасида асосий таркибда тўп сурганман.