Дилшод Нуралиев:
Ads

Ёшлар футболида ишлаб катта тажрибага эга бўлган мутахассислардан бири Дилшод Нуралиевни мухлисларимиз яхши билишади. Ўз вақтида турли ёшдаги терма жамоаларимиз билан муваффақиятларга эришганини барча яхши билса керак. Ҳозирги пайтда эса ушбу мутахассис «Локомотив» академиясида директор лавозимида ишлаётгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга у яқинда ташкил этилган Одил Аҳмедов академиясида ҳам фаолият кўрсатаётганини айтиш жоиз. Шу сабабли ўзи билан бир қатор масалалар бўйича суҳбатлашдик.

- Сизни яқинда «Локомотив» академиясида директор сифатида иш бошлаганингизни эшитгандик. Кейин эса Наманганда Одил Аҳмедов академиясининг очилиш маросимида ҳам иштирок этдингиз ва маълум бўлишича сиз у ерда ҳам ишлаяпсиз, шундайми?

- Одил Аҳмедов академияси билан ҳамкорлигимизга анча бўлган. Бунгача улар Наманганда ёш болаларнинг танловини ўтказишганида мен уларга ёрдам берганман. Шундан сўнг улар билан ҳамкорлигимиз бошланган. «Сурхон» клубида ишлаб келганимдан сўнг менга ташкилотчилар алоқага чиқиб, ушбу академия учун 2009 йилга туғилган болаларни саралаб, ишни йўлга қўйиб берилишида ёрдам беришимни сўрашган. Шу сабабли ушбу масканда ҳам 2009 йилда таваллуд топган болаларга мураббийлик қилиб турибман. Шунингдек, «Локомотив» академиясига мени директор этиб тайинлашаётганида қўшимча равишда Одил Аҳмедов академиясида ҳам ишлаётганимни айтганимда улар рози бўлишган. Намангандаги иш жойимда менинг ёрдамчиларим бор. Шу боис иккала иш жойим бир-бирига ҳалақит қилмайди. Барибир кўпроқ майдонда фаолият олиб бораман. Айниқса, директорликка қараганда майдонда ишлаш мен учун қизиқ.

- Кўпроқ қаерда бўляпсиз? Тошкентдами ёки Намангандами?

- Тошкентда. Наманганга Одил Аҳмедов академиясининг очилиш маросимига бизни ҳам таклиф қилишганди, шунга боргандик. У ерда фахрий футболчилар ўртасида ўйин ташкил қилинди. Кейин дарҳол ўша куни кечки пайт уйга қайтганмиз.

- «Локомотив»да иш бошлаганингиз бевосита Самвел Бабаян билан боғлиқми?

- Биласизми, Бабаян билан 2002 йилдан бери «Пахтакор»да бирга ишлаганмиз. Ўшанда мен академияга келмагандим. Иккинчи лига, биринчи лигаларда жамоаларимиз бўларди. Ўша пайтларда Бикмаев, Шораҳмедов ва бошқалар биринчи лигаларда ўйнаб, кейин кимлардир асосий таркибга, яна кимлардир ёшлар жамоаларига ўтишган. Самвел Бабаян билан анча самарали ишлаганмиз. У «Локомотив»да иш бошлаганидан сўнг клуб раҳбари билан бирга мени ўша жамоага таклиф қилишди. Барибир қаерда бўлса ҳам ўзимиздаги тажрибаларни амалда қўллаш керак-да. Ўз олдига аниқ мақсади қўйилган клубда ишлаш жуда самарали ва қизиқарли бўлади. Менга ҳам шундай клубдан таклиф бўлгач, йўқ демадим. Юқорида айтганимдек, бир-икки йил ичида клубнинг болалар футболида катта ўзгаришлар бўлади.

нуралиев4

- Биламизки, фаолиятингизнинг катта қисмини «Пахтакор»да ўтказгансиз. Клуб академиясида ҳам бир неча йил давомида ишладингиз. Энди бўлса, бу клубнинг асосий рақобатчиларидан бири бўлган «Локомотив» академиясидасиз. Бу сизга нимани англатмоқда?

- Мени «Локомотив»га ишга таклиф қилишди. Бу ерда ҳам болалар футболини янги босқичга олиб чиқишни исташмоқда. «Пахтакор»да ишлаганим эса тарихда қолди. Яхшими-ёмонми, буни футбол ишқибозлари баҳолашсин. Энди эса мен «Локомотив»даман. Агар ўйлаган режаларимиз амалга ошадиган бўлса, биз ҳам «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф»га ўхшаб иқтидорли болаларни асосий жамоаларга етказиб бера оламиз. Ана шунда чинакам рақобат ҳам бўлади. Қолаверса, бу терма жамоаларимизга ҳам катта фойдасини келтиради. Клуб раҳбарларининг режа ва лойиҳалари катта. Қурилиш ишлари ва бошқа режалар амалга ошганидан кейин «Локомотив»нинг болалар футболида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлади, мен бунга аминман. Мана, «Насаф»ни қаранг, у ердан чиқаётган болалар терма жамоаларда ва бошқа клубларда ўйнашяпти. Рўзиқул Бердиевнинг ёшларга ишончи ўз самарасини беряпти. Аксарият ўйинчилари 1997-1999 йилларда туғилган ва ҳаттоки ундан ёш бўлган футболчилари ҳам бор. Бу эса терма жамоаларимизга жуда катта ёрдам бўлмоқда. Масалан, олимпия терма жамоамизда ҳам аксарият етакчилар «Насаф» ўйинчиларидан иборат. Бунинг учун Бердиевга катта раҳмат айтиш керак. Ёш болаларга ишониб, Суперлига ўйинларида деярли бутун таркибни улардан ташкил этиш аслида осон иш эмас. Бу эса клуб академиясининг қанчалик самарали ишлаётганидан далолат беради.

- «Локомотив» клуби охирги пайтларда болалар футболига эътиборни кучайтирмоқда. Гарчи жамоа кетма-кет чемпионликка эришган бўлса-да, ўзининг тарбияланувчилари борасида оқсоқлик кўзга ташланаётганди. Шу боис у ерда ҳам ислоҳотлар қилинди. Айтинг-чи, клуб академиясида қандай ишларни йўлга қўймоқдасиз?

- Ўринбосарлар жамоамизда асосан ўзимизнинг тарбияланувчиларимиз – 2000-2003 йилларда туғилган болалар ўйнашяпти. Шунингдек, улар асосий таркиб билан ҳам машғулот ўтказишяпти. Келаси йили асосий таркибга кира олиши мумкин бўлган иқтидорли йигитларимиз бор. Шунингдек, 2003 йилларда таваллуд топган футболчилар орасида ҳам истеъдодлилари талайгина. Улар билан Алишер Бозоров ишлаяпти. Шунингдек, иккинчи лигада иккита жамоамиз ҳам иштирок этмоқда. Бунда ҳам асосан академиямиз тарбияланувчилари ўйнашади. Ўйлайманки, бир-икки йил ичида қилаётган ишларимизнинг самараси кўринади. Бундан ташқари, бизда энг кичик ёшдаги гуруҳ ҳам бор. Яъни, 2015 йилда туғилган болакайлар – 4 ёшлиларнинг ҳам алоҳида гуруҳини ташкил қилганмиз. Мана шундай ёш болажонлар билан ҳам ишлаш услубини йўлга қўйдик ва уларга иккита мураббий бириктирилган. Академиямизда ҳаммаси бўлиб 2002 йилдан 2015 йилгача бўлган ёшлар бизнинг қарамоғимизда. Шунингдек, «Обод» жамоасига қарашли майдон ва ётоқхонани ижарага олдик. Еттита жамоамиз ўша майдонда машғулот ўтказяпти. Бошқа вилоятлардаги ёшларни селекция орқали танлаб олиб келяпмиз ҳамда уларни ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминлаяпмиз. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, октябрь ёки ноябрь ойида академиямизнинг ўзига қарашли бўлган иккита майдони қурилади. Бу борада бизда катта лойиҳа бор.

- Сизни асосан ёшлар футболидаги ишингиз орқали яхши биламиз. Чунки мураббийликдаги асосий ютуқларингиз ҳам бевосита ёшлар билан боғлиқ. Яқинда эса «Сурхон» жамоасини маълум вақт бошқардингиз. Бироқ кўпчилик сизни катталар футболидан кўра болалар футболида самарали ишлашингиз ҳақида гапиришади. Чиндан ҳам ўзингизни ёшлар мураббийиман деб ҳисоблайсизми?

- (Кулади) Фаолиятимда асосан ёшлар билан ишладим. «Сурхон»га борган пайтимда клуб раҳбарлари томонидан олий лигага чиқиш вазифаси қўйилганди. Лекин биз у ерда ҳаммасини кеч бошлаганмиз. Масалан, мени ҳам жамоага кечроқ таклиф қилишган. Адашмасам, 20 февралдан иш бошлагандик. Лекин шунга қарамасдан у ерда яхши жамоа шакллантирдим десам ҳам бўлади. Ўша пайтда бизга қарши «Машъал», «Андижон», «Истиқлол» каби шаклланган жамоалар асосий рақобатчилик қилгандилар. Ўшанда «Сурхон»да ёшлар ҳам, тажрибали футболчилар ҳам бор эди. Ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган клубда албатта тажрибали ўйинчилар бўлиши шарт. Ўйлайманки, ўша пайтда биз барча ўйинчилар билан бир-биримизнинг меҳнатларимизни қадрлаб, ҳурмат қилган ҳолда иш олиб бордик. Айтмоқчиманки, катта футболда ҳам ишлаш қўлимдан келишига «Сурхон» жамоасидаги фаолиятим орқали ишондим. Клубдан кетишдан олдин «Сурхон» 2-ўринда эди. Ўша пайтда 1-ўриндаги «Машъал» билан ўртамизда икки очколик фарқ бор эди холос. Кейин эса мени олимпия терма жамоасига қайтинг деб чақириб олишди. Кейинчалик эса нималар бўлганини ўзларинг ҳам биласизлар. Бошқа мураббийлар олиб келинди. Нима бўлганда ҳам «Сурхон»да ишлашим мен учун катта тажриба бўлди  ва бундан хурсандман. Клуб раҳбарларига, мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Ўшанда бизга мақсадимизга яраша барча шароитлар яратиб берилганди. Мана, кейин «Сурхон» ҳам Суперлигага қайтарилди. Муҳими, ўша пайтда мухлислар биздан хурсанд бўлишганди.

нуралиев3

- Шу билан бирга сизни турли ёшдаги терма жамоалардаги фаолиятингиз орқали ҳам яхши биламиз ва бу борада кўзга кўринадиган муваффақиятларга ҳам эришгансиз. Охирги пайтларга келиб эса терма жамоалардан четга чиқиб қолдингиз…

- Бирор терма жамоада ишлаган бўлсак, бу ҳол умримизнинг охиригача терма жамоада ишлаймиз, дегани эмас-ку. Қайси раҳбар кимни хоҳласа, ўшаларни таклиф қилади. Бунинг устига ҳозирда ёш мураббийлар ҳам етишиб чиқмоқда. Бир неча йил давомида терма жамоалар марказида ва турли ёшдаги жамоалар билан ишлаб келдик. Қилган меҳнатларимизни эса мухлислар баҳолашади. Биз ишлаган пайтимизда яхшими-ёмонми, қўлимиздан келганича меҳнат қилиб, натижа кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бундан кейин ҳам бизга яна таклиф билан чиқишса, қўлимиздан келганича ишлашга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳозирча таклиф қилишгани йўқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Айтинг-чи, бугунги кунга келиб юртимизда болалар футболидаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйишда барчаси тўғри амалга ошириляпти деб ўйлайсизми?

- ЎФАда болалар футболини ривожлантириш учун мутахассислар жалб қилинган. Тизимли муаммоларни улар ҳал қилишади. Мен эса ўзим ишлаётган жойга жавоб бера оламан. Республика бўйича барча қилинаётган ишларни кўриб, ўрганиб чиқиш керак ва шундан сўнг баҳо берса бўлади. Мен эса айрим вилоятлардаги болалар футболини кўрганим йўқ. «Локомотив»даги иш фаолиятимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биз янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Мураббийларнинг малакасини ошириш ҳам лозим.

- Шунингдек, яна бир оғриқли муаммоимиз шундаки, ёшларимизнинг ўтиш даврида кўпчилигини йўқотиб қўйяпмиз. Масалан, турли ҳалқаро майдонларда кўзга ташлангач, кейинчалик ўша авлодни бой беряпмиз. Бу борада гап кетганда эса кимдир болалар ўз устида ишлашмай қўйишганини айтса, яна кимдир клубдаги мураббийлар натижа ортидан уларга етарлича эътибор қаратишмаганини айтишади. Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Мен ўзим ишлаган терма жамоалар ва «Пахтакор»даги ишимдан мисол қилиб айтаман. Бошида 1986 йилда туғилган футболчиларга мураббийлик қилганман. Ўша пайтда Марат Бикмаев, Акмал Шораҳмедов, Аҳрол Рисқуллаев, Садриддин Абдуллаев, Виталий Денисов, Фарҳод Тожиев, Санжар Турсунов, Собир Усмонхўжаев каби ўйинчилар билан ишлаганман, буларнинг аксарияти ҳали ҳам ўйнашяпти-ку. «Пахтакор»да асосий жамоа, ёшлар жамоси, биринчи лига ва иккинчи лигаларда ўйинчиларимиз ўйнашарди. Тарбия қилганимдан сўнг 20 нафарини ёшлар жамоасига берардик. Кучи етмаганлари эса биринчи лигадаги жамоамизга йўл олишарди. Агар болалар билан ишлашда босқичма-босқич иш бўлса, ёшлар ўйин амалиётисиз ҳам қолиб кетишмайди ва уларнинг ўтиш даври ҳам тўғри бўлади. Яна бир гап: биз футболчиларни 17-18 ёшигача тарбия қиламиз. Кейин улар қайси мураббийнинг қўлига ўтади? Бу ҳам катта масала. Шуни биламанки, 17-18 ёшли иқтидорли бола бемалол асосий таркибда ўйнашга лойиқ ва уларга жисмоний томондан алоҳида ёндашув керак. 22-23 ёшли бола билан 17 ёшдаги футболчининг жисмоний юкламаси бир хил бўлиши керак эмас. Шунингдек 1996 йилда туғилган футболчилар билан уларнинг 18 ёшигача бирга ишладик. Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов, Жамшид Болтабоев, Акром Комилов, Рустам Ашурматов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Сарвар Каримов…улар ўйнашяпти-ку. Ўз устида ишлаган, футболга бўлган меҳнатини аямаган, тўғри ишлаган йигитлар ўйнашда давом этишяпти-ку. Олдинги раҳбарлар билан бирга ишлаган бир инсон менга шундай деганди, Осиё чемпиони қилган футболчилар ҳеч қаерда ўйнамаяпти-ю, деди. Мен эса айтдим: сен ё мутахассис эмассан, ё кўзинг кўр! Ким, қаерда ўйнаши керак дедим. Мана, миллий терма жамоада Ҳамробеков, Шукуров, Ҳамдамов, Комилов, Сидиқов…нима, булар ўйнамаяптими? Ахир уларнинг орасида хорижда ўйнаётганлари ҳам бор-ку. Футболчининг ўзига ҳам боғлиқ. Шунингдек, клубларга ҳам уларни тайёрлаб бердик. Лекин кейин уларнинг ўйнаш ёки ўйнамаслигини клубдаги мураббийларидан сўраш керак. Бу албатта менинг фикрим. Мана, Англия, Испания ёки бошқа чемпионатларда 16-17 ёшли футболчиларга бемалол ишонч билдириб майдонга туширишяпти-ку. Бизда эса ҳали 17 га кирганларга ёш бола деб қараб юрамиз. Нимага бундай? Ёмони 16 ёшли болани 20-22 га киргунича уни ёш бола деб юраверамиз. Мана, Вадим Абрамов ўз жамоасида 16 ёшли болани қўрқмасдан ўйнатяпти-ку. Айтмоқчиманки, клубдаги мураббийлар ҳам аста-секин уларни майдонга тушириб ишонч билдириб туриши керак. Шу сабабли кўп нарса клубидаги мураббийларга ҳам боғлиқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
18/09/2019 00:06
Баба...янни харом уруги тулик Узбек Футболини ураб олган эканлигига эндиям ишондим бу йигитни анча хурмат килар эдим хозир Баба...янни шахсий массажисти булиб ишлаяптими?????
Расулжон Тоштемиров
16/09/2019 23:27
Бабаян бор пух булмайсан сенлар хайолпараст ахмоклар