Деян Журжевич: Оиламда ўзбекона муҳит юзага келган

Сербиялик мутахассис Деян Журжевич мавсум ўрталарида «Навбаҳор»ни маълум муддат бошқарганидан хабардорсиз. Лекин аксига олиб унинг Намангандаги фаолияти узоққа чўзилмаганди. Натижада Журжевич истеъфога чиқарилиб, ўрнига Андрей Канчельскис қайтарилганди. Шундан бери сербиялик мураббий Тошкентда юрганлиги ҳақида эшитгандик. Энди эса Самвел Бабаян билан бирга Хитойда ишлаши ойдинлашди. Яқинда эса ўзи билан учрашиб қолдик ва фурсатдан фойдаланган ҳолда унга суҳбатлашишни таклиф қилганимизда у ижобий жавоб берди.

- Сиз бир неча йил юртимизда ишлаган ҳолда ўзбек футболини яхши биласиз. Охирги иш жойингиз эса Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бўлган. Умуман, Наманган шаҳри ва маҳаллий клуб ҳақида нима дея оласиз? У ерда қисқа фурсат ишладингиз холос…

- Наманган – бу футбол шаҳридир. У ердаги мухлислар маҳаллий клубни ҳаддан ташқари ёқтиришади. Вазиятга доим теран нигоҳ билан боқиш керак. Шахсан мен шундай ҳисоблайман. Мен келгунимча жамоадаги ҳолат қандай эдию, келганимдан сўнг қай тарзда ўзгарганлигини ёддан чиқармаслик зарур. Охирги йилларда «Навбаҳор» чемпионатда яхшироқ натижаларга эриша олмасдан келаётгани рост. Янглишмасам, жамоа анча йиллардан олдин чемпион бўлган. У ерда жуда яхши инфратузилма бор. Агар клуб жиддийроқ натижаларга эришишни истаса, кенг қамровли ишларни олиб бориши керак бўлади. Агар жамоа ютса, ҳамма уни кўкларга кўтариб мақташга тушади. Бунинг акси кузатилганда эса клуб танқидлар бўрони остида қолиб кетади. Аммо масалага бу тарзда ёндашиш керак эмас. Ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, Намангандаги фаолиятим узоққа чўзилмади. Бироқ шу вақт оралиғида «Навбаҳор»нинг потенциали катта эканлигига амин бўлдим. Аввало клубни мустаҳкам оёққа турғазиб олиш керак. Мен умумий маънода гапиряпман. Ривожланишнинг иккита йўли бор: биринчиси – инқилобни амалга ошириш. Ўзингиз кўриб турибсиз, араблар «Манчестер Сити»ни сотиб олганларидан кейин уни жаҳон миқёсига олиб чиқишга эришдилар. Бунинг учун катта сармоя керак, албатта. Иккинчи йўл – бу эволюция. Бунинг учун юқоридагидан фарқли равишда озроқ пул сарфланади. Шунинг асносида ёш иқтидор эгаларини диққат билан кузатиб бориш керак бўлади. Ўзим ҳам клубда ишлаган пайтимда худди Қаршининг «Насаф»ида бўлгани каби кўпроқ маҳаллий ўйинчиларга имконият беришга ҳаракат қилдим. Ёшларни тарбиялаш осон иш ҳисобланмайди. Бунинг учун вақт керак. Лекин маҳаллий ишқибозлар  жамоадан ҳар қачон юқори натижани кутишади ва сабр қилиш кераклиги ҳақида ўйлашмайди. Футболда ҳар қандай жамоа майдонга ғалаба қозониш илинжида тушади. Наманганда рақобатбардош клубни шакллантириш учун ҳамма нарса етарли. Вилоят ҳокими «Навбаҳор» учун жуда қайғуради. Мен буни иш жараёнида ҳис қилдим. Фурсатдан фойдаланган ҳолда «Навбаҳор»даги фаолиятим давомида менга кўрсатган ёрдами учун вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровга ўз миннатдорчилигимни етказмоқчиман. Назаримда, жамоадаги муаммо ичкарида. Афтидан, юқоридагиларга кўпинча нотўғри маълумотлар етказиб турилган бўлса керак. Албатта, вилоят раҳбарини ҳам тушуниш керак. Ахир унинг маҳаллий клубдан ташқари қиладиган ишлари етарлидан ҳам ортиқча. Бироқ шундай вазиятда ҳам Бозоровнинг жамоани унутиб қўймагани диққатга сазовор. Агар жамоа ютишни истар экан, кўп нарсани ўзгартиришга тўғри келади. Биз яхши ўйин намойиш этишни бошлагандик. Гарчи натижалар максимал даражада бўлмаса-да, «Навбаҳор»нинг ўйинини йўлга қўйиш учун астойдил ҳаракат қилганмиз. Айнан шу ҳолат ҳам у ердаги фаолиятим узоққа чўзилмаслигига сабаб бўлди. Режани тузиш чоғида қисқа фурсатлиси деярли бўлмайди. Бунинг учун камида ярим йил ёки бир йил керак бўлади. Футболда эса вақт энг муҳим омиллардан бири саналади. Аммо мухлисларга натижанинг яхши кўринишда бўлиши доим биринчи даражали аҳамият касб этади. Шу боис улар томонидан жамоага оғир босим тушади. «Навбаҳор»га келмасимдан олдин ҳам клубни ўрганиб, ўта талабчан мухлисларга эгалигидан хабарим бор эди. Кейин эса иш асносида бунга ўзим тўла-тўкис амин бўлдим. Клуб ғалаба қозонар экан, ҳамма бир-бирига дўст бўлиб апоқ-чапоқ бўлиб кетади. Мағлубиятга учраган пайтингда эса қаерга қочишни билмай қоласан. Бундай бўлиши керак эмас, аслида. Нима бўлган тақдирда ҳам Наманганда вақтимни яхши ўтказдим, дея оламан. Афсуски, ҳаммаси бунчалик даражада тез ниҳоясига етгани мени ранжитди. Нима бўлган тақдирда ҳам вилоят раҳбари, шаҳар ҳокими ва маҳаллий ишқибозларга ўз миннатдорчилигимни сиз орқали етказишни лозим топдим.

журжевич янги 3

- «Навбаҳор» бош мураббийи сифатида илк бор сафарда «Андижон» устидан ғалаба қозонгандинглар…

- Йўқ, унгача «Қизилқум»ни ҳам енгиб қайтгандик.

- Айтмоқчиманки, жамоада яхши ижрочилар ва мураббийлар штаби бўлса-да, негадир натижа яхши эмасди…

- Масалан, Олмалиқ билан ўйинда ҳам ютқазгандик. Ўша ўйинда рақиб дарвозаси томон 20 бор зарба бердик. Улар эса бизнинг дарвозамизга битта зарба йўллашди, шунда ҳам стандарт вазиятдан. Ўша биргина зарба ўйин тақдирини ҳал этди. Ўша беллашувдан кейин ўйинчиларга ҳаммасини обдон тушунтириб беришимга тўғри келган. Футболда ҳар доим ҳам устунликка эга бўлган жамоа ғалаба қозонавермайди. Бу ўйин шуниси билан ҳам бошқача. Аммо ёзги танаффус қисқа бўлди ва таътилдан қайтганимиздан сўнг ишлар ўзимиз кутган даражада кечмади. Шу вақт оралиғида таркибга ўйинчиларни қўшиб олишимиз мумкин эди. Аммо бу масалада ҳам оқсадик. Чекланган ўйинчилар билан катта натижалардан умид қилиш амримаҳол. Лекин супер даражада чиққан ўйинларимиз ҳам бўлган. Мен буни шунчаки мисол тариқасида келтиряпман. Шундай вазият бўлганки, Азиз Турғунбоев жуда яхши ўйин намойиш этганди. Лекин бу йигит пенальтидан фойдалана олмаган. Шундай бўлса-да, бундай пайтда ўйинчини қўллаб-қувватлаш керак. Акс ҳолда у руҳан «синиб» қолиши мумкин. Шахсан мен Азизни қўллаб-қувватлаганман. Нафақат Турғунбоев, балки жамоадаги бошқа ўйинчилар билан муносабатим аъло даражада бўлган. Шунчаки, жамоада ўйинни йўлга қўйиш учун вақт керак эди. Мен кетганимдан кейин «Навбаҳор»нинг қаерда эканлигини айтишим шарт бўлмаса керак. Ички имкониятлардан кўпроқ фойдаланиш керак. Чемпионат эса узоқ давом этади. Биринчилик мобайнида ўйинчиларда турли муаммолар кузатилиши мумкин: жароҳат, дисквалификация ва ҳоказо. Бунинг учун таркибда етарли даражада футболчилар бўлиши керак. Акс ҳолда муаммо чуқурлашиб кетади. Наманган аҳли футболни яхши кўради. Шундай экан, улар совринли ўринлар учун курашадиган жамоага мухлислик қилишга муносиблар.

журжевич янги

- Сиз «Навбаҳор»га келганингиздан кейин жамоа етакчиси Остон Ўрунов «Локомотив»га қўйиб юборилди. Шундай футболчининг кетишига ким ёки нима сабаб бўлди? Эшитишимча, бунга сиз сабабчи бўлган экансиз…

- Йўқ, бундай гапларга қўшила олмайман. Аксинча, мен юқоридагилардан футболчининг клуб билан тузган шартномаси яна қанча давом этишини сўрагандим. Маълум бўлишича, унинг шартномасида кетиш ҳақидаги бир банд бўлган. Футболчи эса шундан фойдаланишни истаган холос. Қолаверса, у ёш ва истиқболли футболчидир. Биз учун шундай ижрочининг кетиши катта йўқотиш бўлган. Менимча, ҳозир «Навбаҳор»да ёш ижрочилар унчалик кўп эмас. Деярли йўқ ҳисоби. Бу эса клуб истиқболини сўроқ остида қолдириши мумкин. Ахир келажак ёшларнинг қўлида. Яна қайтараман: Ўруновнинг кетиб қолиши ўшанда биз учун катта йўқотиш бўлган. Агар адашмаётган бўлсам, унинг ёши 21 да, шундайми? Агар ўзинг ишонч билдирган ёш ўйинчини маълум бир позицияга қўйиб, ўйинни ташкил этаётган пайтингда у кетиб қолар экан, режаларинг буткул издан чиқади.

- Остон кайфият ўйинчисими?

- Одатда ёшлар сал нарсага қизишиб кетишади. Лекин бундай қизиққонлик яхши эмас. Футболчи хатоларга йўл қўяр экан, уни ким ҳам ёқтирарди. Аммо мураббий сифатида бундай пайтда сабрли бўлиши керак. Чунки ёш ўйинчилар худди оиладаги болакайга ўхшашади. Хатога йўл қўйган пайтда эса уларни кечириш ва тўғри йўлга солиш керак. Шахсан мен учун у Ўзбекистондаги энг яхши иқтидорли футболчи ҳисобланади.

- Намангандан кетганингиздан бери Тошкентда юрдингиз…

- Ҳа, шундай. Хизматимга таклифлар бор эди.

- Демак, таклифларга эга бўлгансиз…

- Бўлмасам-чи, таклифлар борасида менда муаммолар юзага келмайди. Шунчаки, бу ерда охирига етказадиган бир қанча ишларимни ҳал қилмоқчи эдим холос. Биринчилик ўз ниҳоясига етди. Мураббийнинг иши қандай эканлигини сиз журналистлар яхши биласизлар. Улар худди жомадон устида ўтиргандек ўзларини ҳис қилишади. Бугун бу ерда, эртага эса бошқа жойга кўчиб ўтишлари ҳеч гап эмас. Биласизми, мен учун биринчи навбатда оила асосий режа бўлиб турибди. Яширмайман, Ўзбекистонда ўзимни худди уйдагидек ҳис қиламан. Рафиқам ҳам паловингизни ва яна бир қанча таомларни қандай тайёрлашни ўрганиб олган. Мана ўзингиз қаранг (шу пайт телефонидаги суратларни кўрсатади). Кўриб турибсиз, аёлим паловни қойиллатиб тайёрлашни ўрганиб олган. Уйимда ҳам ўзбекона муҳит юзага келган, десам муболаға бўлмайди.

журжевич янги2

- Наманганга келишингизда сизга Самвел Бабаяннинг ёрдам бергани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга қанчалик мос тушади?

- У менга қанақасига ёрдам берсин?! Самвел Бабаян билан «Пахтакор»да мураббий бўлиб ишлаган пайтимда танишганман. Кейин терма жамоада устозлик қилган пайтида мен директор лавозимида ишлаганман. Бироқ «Навбаҳор»да ишлашимга унинг таъсири бўлмаган. Албатта, у билан терма жамоада ва «Пахтакор» клубида биргаликда жуда яхши ишладик. Агар терма жамоада ишлаган кезларда омад бироз кулиб боққанида ҳаммаси ўзгариб кетган бўларди. Сурия ва Хитойга қарши ўйинлардаги пенальтиларни бир эсланг. Агар Хитойдаги беллашувни ютган тақдиримизда жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Мен уни мутахассис сифатида жуда ҳурмат қиламан. Аммо «Навбаҳор»да иш бошлашимда унинг ёрдами бўлгани ҳақидаги гаплар…бу фақат кулгимни қистатади. Ўшанда мени клуб раҳбарияти ишга чақирган. Бу масалада вилоят ҳокими билан маслаҳатлашиб олганман.

- Самвел Бабаян Хитойдан тушган таклифни қабул қилди. Сиз ҳам у билан яна бирга ишлайсиз. Бу янгилик борасида нима деган бўлардингиз?

- Бу жуда ёқимли янгилик, албатта. Агар диққат билан кузатаёган бўлсангиз охирги йилларда ҳамма Хитойга йўл оляпти: таниқли футболчилар, машҳур мураббийлар…Жанубий Америка, Европа ва Африка қитъаларидан чин юртига ошиқаётганлар кўп бўляпти. Бабаяннинг Хитойга ишлаш учун йўл олиши – бу ўзбек  футболи учун жуда яхши воқеа. Энди хитойликлар ўзбекистонлик мутахассис ҳақида яқиндан маълумотларга эга бўладилар. Юртингиздан мутахассисининг ўша ерда ишлаши бу жуда яхши рекламадир. Вазиятга шу нуқтаи назардан қараш керак.

- «Навбаҳор» мавсумга Андрей Канчельскис билан киришди, кейин эса сизни олиб келишди. Аммо орадан кўп ўтмай яна Канчельскисни ортга қайтаришди. Бундай бўлишини кутганмидингиз?

- Бу хусусида гапиришни истамаган бўлардим. Шундоқ ҳам жамоадаги вазиятга жавоб берадиган масъул шахслар бор. Жамоада мураббийлар қачон алмаштирилади? Клуб нобарқарор ўйин намойиш этишга тушган пайтда. Ўз навбатида бундай ўзгаришлар мураббийнинг ишини қийинлаштириб юборади. «Пахтакор»ни мисол тариқасида келтиришим мумкин. У ерда барқарор муҳит ҳукм сурмоқда. Шунга яраша натижа ҳам максимал даражада бўлди. Чемпионат, Кубок ва Лига Кубогида узоқроққа етиб бориш учун жамоани шакллантириш керак бўлади. Қисқа фурсатда клуб ўйинини йўлга қўйиш ҳар қандай мураббийга ҳам насиб этавермайди. Шунингдек, бундай клубларда ўзига хос тизим йўлга қўйилган бўлмоғи даркор. Аммо «Навбаҳор» масаласида ҳозирча бундай дейишим мушкул.

- Канчельскис бошчилигидаги «Навбаҳор»нинг ўйинларини кузатиб бордингизми?

- Ҳамкасбимнинг ишини муҳокама қилишни истамайман. Яхшиси, бу саволингизга жавоб бермай қўя қолай. Ҳар бир ҳамкасбимни ҳурмат қиламан. Чунки барчамиз бир иш билан – ўзимизга ишониб топшириладиган клубни бошқариш билан шуғулланамиз. Мураббийнинг ҳаёти эса осон кечмайди. Агар бирор-бир касбдошим муваффақиятсизликка учрайдиган бўлса, бундан асло хурсанд бўлмайман. Чунки мана шундай кун ўзимнинг бошимга ҳам тушиши мумкин. Нафақат Канчельскис, балки бошқа ҳамкасбларимнинг иш фалсафалари борасида қониқарсиз фикр билдиришни ўзимга уят деб ҳисоблайман. Канчельскисга ҳам, «Навбаҳор»га ҳам фақат муваффақият тилаб қолишим мумкин холос.

журжевич янги5

- Мана, Ўзбекистон Суперлигаси баҳслари ҳам ниҳоясига етди. Чемпионатдан олган таассуротларингиз қандай? «Пахтакор» муддатидан анча олдин чемпионликни расмийлаштирди. Суперлиганинг даражаси ҳақида нима дея оласиз?

- Нима дейишим мумкин, ўзбек футболининг даражаси охирги икки-уч йил ичида анча пастлади. Бу билан нима демоқчиман? Илгари чемпионлик учун кураш охирги турга қадар давом этарди. Камида учта жамоа ғолиб чиқиш учун курашарди. Энди эса «Пахтакор» бошқалардан бир калла баландлигини исботлаб, ғолибликни сиз айтиб ўтганингиздек, аллақачон нақд қилиб қўйди. Ҳозир «Пахтакор»га муносиб рақиблик қиладиган жамоани кўрмаяпман. Ҳозирда худди Ҳайдаров, Нестеров, Жепаров, Кападзе сингари юқори даражадаги футболчиларни ҳам деярли кўрмаяпман. Яъни, уларга муносиб ворис бўладиганлари чиқмади. Яна қайтараман: бу менинг шахсий фикрим бўлиб, биринчилик савияси анча пастлаган. Тўғриси, бундай савол билан ассоциация раҳбариятига мурожаат қилиш керак. Мутахассис сифатида ўзбек футболидаги муаммо ҳақида биламан. Бу ерда ёшлар жамоалари билан қандай ишлаш кераклигини билишмайди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ҳар доим, ҳамма вақт иқтидорли футболчилар етишиб чиққан. Шунчаки, энди натижа биринчи ўринга чиқиб қолгани учун ҳаммаси барбод бўляпти. Ёшларга эътибор қаратиш керак. Шунингдек, у ерда машғулот жараёни, футболчининг ўсишига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Агар футболингиз даражаси Европага яқинлашса жуда яхши бўларди. Аммо бу осон эмас.

- Ўзбек мураббийлари орасида яқин танишларингиз, дўстларингиз борми?

- Мураббийлар бир-бирларини ҳурмат қилишлари керак. Мен имкон қадар шунга амал қиламан. Мураббийнинг иши эса жуда оғир. Ўз навбатида ишқибозлар мураббийлар ўртасидаги муносабатга реал кўз билан боқишлари мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида бирор-бир ҳамкасбим билан хафалашиб ёки талашиб-тортишиб қолганимни эслай олмайман. Агар мураббийларни бирлаштирадиган ташкилот тузилса, бу жуда яхши иш бўларди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
08/12/2019 07:54
Бу яна локони кӯзлаяптими дийман

Минбар

Барча блоглар