Денис Иванков яна

Юртимизда тажрибали мутахассислар кўп ва мухлисларнинг меҳрини қозонганлари ҳам талайгина. Аммо бош мураббий бўлмасдан ҳам кўпчиликнинг эътиборини қозониб, ўзидан илиқ таассурот қолдирган ҳолда тажрибаси билан фойда келтираётган мутахассисларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим. Мисол учун дарвозабонлар мураббийи сифатида барчамизга яхши таниш бўлган Денис Иванковни ўз ишининг ҳақиқий устаси дейишимиз мумкин. Футбол жамоатчилигидаги аксарият инсонлар уни юртимиздаги энг яхши дарвозабонлар мураббийи дея эътироф этишади. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирда у миллий терма жамоамизда фаолият кўрсатиб келмоқда. У ўз тажрибаси билан кўплаб дарвозабонларни тарбиялади ва ҳозирда улар терма жамоаларда ҳам иштирок этмоқдалар. Бизни қизиқтиргани шундаки, Иванков ўзини бош мураббийликда ҳам тасаввур қила оладими? Шунингдек, яна бирор-бир клубда ўз иши билан шуғулланиши ҳам мумкинми ёки фақат терма жамоадаги ишини давом эттирадими? Айнан шундай саволлар билан мутахассиснинг ўзига мурожаат этдик.

- Денис Александрович, яна қачондир Суперлига клубларидан бирида ишлашингиз мумкинми? Шу масалада ўзингиз тўхталиб ўтсангиз.

- Мени маъзур тутинг, саволингизни унчалик тушунмадим. Суперлига иштирокчиларидан бирини бошқариш?

- Бу борада ўзингизни тасаввур қила олмайсизми? Балки бирор-бир клубдан аниқ таклиф бўлгандир...

- Айтишим керакки, шу пайтгача ҳали бирор марта бош мураббий бўлиб ишламаганман. Фақат дарвозабонларни шуғуллантирувчи мураббийлик лавозими билан машғул бўлганман.

- Лекин сизга қайсидир клубдан таклиф бўлаётгани ҳақида ҳам эшитиб турибмиз...

- Ҳаммаси миш-миш бўлса керак. Ҳозирча бирор-бир клубдан менга мана шундай таклиф билан ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Агар шундай иш юз берса, бу мен учун жуда қизиқарли бўларди.

- Бунгача асосан клубларда фаолият кўрсатгансиз. Аммо охирги пайтларда терма жамоада ишлаб келмоқдасиз. Сиз учун терма билан клубдаги ишингизнинг қандай фарқли томонлари бор?

- Клуб билан терма жамоа ўртасида ишлаш борасида жуда катта фарқ бор. Масалан, клубда бирор-бир режа асосида ишлашнинг иложи бор. Бундай пайтда эса ўйинчиларни мавсумга муносиб тайёрлаш мумкин. Шунингдек, клубда футболчилар билан ҳар ҳафта мунтазам равишда ишлашнинг ҳам иложиси бўлади. Терма жамоада эса бундай эмас. У ерда асосий урғу тактик ўйинларга қаратилади холос. Очиғини айтсам, менга шогирдларимни ҳафта давомида шуғуллантириш ёқади.

- Шунингдек, сиз “Насаф”да ҳам анча самарали ишлагансиз. Яна у ерга қайтишингиз ҳам мумкинми?

- Шуни алоҳида айтмоқчиманки, “Насаф” учун умримнинг олти йилини бердим. У ерда ҳамма мен учун худди оила-аъзоларимдек қадрдон бўлиб қолишган. Аммо ҳозир бу клубда мураббий ишламоқда! Шундай экан...

- Айни пайтдаги карантин чоғида нима билан бандсиз?

- Айни чоғда бутун эътиборимни назарий томондан билимимни янада оширишга қаратганман. Шу йўлда керакли қўлланмаларни ўқияпман, бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларим билан эса мунтазам мулоқот қилиб турибман. Уйда эса жисмоний ҳолатимни бир маромда ушлаб туришга алоҳида эътибор қаратганман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)