Дебют: Майк Тайсонга спарринг шерик бўлган ёхуд Дон Кинг билан ҳамкорлик қилган ўзбек боксчиси...

Хоразмлик чармқўлқоп устаси Тимур Ибрагимовни барча ўзбекистонлик бокс мухлислар яхши билишса керак. Айни вақтда АҚШда истиқомат қилаётган ушбу юртдошимиз ўз вақтида ҳаваскор йўналишнинг  -81 ва 91 кг вазн тоифаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган эди. У бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби ва 1997 йил Осиё чемпионатининг олтин медалини ҳам қўлга кирита олганди. 1996 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этган ва унда хорватиялик Стрипе Дрвишга  имкониятни бой бериб қўйган. Баҳсли тарздаги жангда ғалаба хорват боксчисига берилганди. Хуллас, “Дебют” рукнимизнинг бу галги “қаҳрамон”и айнан ушбу ватандошимиз бўлади.

т

Ибрагимов ҳаваскордаги ушбу натижалардан сўнг, ўз омадини профессионал боксда синаб кўришга аҳд қилади ва АҚШнинг "Warriors Boxing" промоутерлик компанияси билан шартнома имзолайди. Ушбу компания шафелиги остида 22 та жанг ўтказади. Ўзининг ажойиб жанглари билан ҳамюртимиз профессионал бокс оламида том маънодаги афсона Дон Кинг назарига тушади ва у билан ҳамкорлик қилишни бошлайди. Шу тариқа Тимур Ибрагимов  фаолияти мобайнида 36 та жанг ўтказиб, уларнинг 31 тасида ғалаба қозонишга эришади. 4 маротаба мағлубиятга учрайди ва бир бора дуранг қайд этади. Рақиблари устидан 16 бор нокаут эвазига зафар қучади.

АҚШдаги фаолияти мобайнида россиялик собиқ WBO чемпиони Султон Ибрагимов билан яқин дўстларга айланишади ва улар биргаликда машғулотлар ўтказишади. Ўз ўрнида ватандошимиз 2004 йилларда Майк Тайсонга спарринг партнёр бўлади. Шунингдек, унинг бир нечта телешоуларида ҳам иштирок этади. У фаолияти мобайнида WBA Pan African, IBA Intercontinental, NABA, WBC FECARBOX камарларини қўлга киритади. У профессионал боксдаги сўнги жангини  2012 йил 25 июнда Наманган шаҳрида WBA Pan African титули учун ўтказади. Унга Жанубий Африка Республикаси вакили Дломо Вайсмен рақиблик қилади. Мазкур жангда юртдошимиз очколар ҳисобига кўра, ғалаба қозонади. Бу унинг профессионал боксдаги саргузаштларининг интихоси эди. Шундан сўнг, Тимур Ибрагимов ўз фаолиятига якун ясайди. Мазкур жанг профессионал боксдаги илк жангидан 12 йил ўтиб содир бўлганди.

Қаҳрамонимиз профессионал йўналишда биринчи бор, 2000 йил 29 март куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида мезбонлар вакили Дмитрий Наумовга қарши жанг қилади ва очколар ҳисобида устун келади. Россиялик чармқўлқоп устаси эса, юртдошимизга тўқнаш келгунга қадар, 2 та жанг ўтказиб, ҳар иккисида ғалаба қозонганди. Ибрагимовдан мағлубиятга учраши унинг фаолиятига якун ясайди. Чунки, унинг профессионал боксдаги фаолияти учта жанг билан чекланади.

Якунда шуни айтишимиз мумкинки, Тимур Ибрагимовнинг ўзбек боксида ўз ўрни бор ва уни мухлислар ажойиб жанглари билан ёдда сақлашади десак, муболаға бўлмайди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)