Даврон Ҳошимов: Терма жамоадан чақирув бўлишини кутаман

Чемпионатимиздаги жанговор футболчилардан бири бу Даврон Ҳошимов десак адашмаган бўламиз. У ҳимоячи бўлишига қарамасдан доим рақибларига қаттиқ курашларга бой ўйинни таклиф қилади. Ўзи эса асло ютқазишни ёмон кўради. Шу боис қандай бўлмасин рақибидан тўпни олиб қўйиш ҳаракатида бўлади. Футболчи ушбу мавсумни «Локомотив» клубида ўтказганидан хабардорсиз.

«Захирамизнинг торлиги ва жароҳатлар таъсир қилди»

Бунгача Ўзбекистоннинг кетма-кет уч карра чемпиони бўлган «Локомотив» клуби жорий мавсумга келиб ўз ваколатини «Пахтакор»га топширди. «Локомотив»да дебют мавсумини ўтказган Даврон Ҳошимов эса темирйўлчилар билан кумуш медални қўлга киритди. Футболчи эса аввало якунига етган мавсум ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Авваламбор, халқимизни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбимдан табрикламоқчиман. 2019 йилги мавсумга келадиган бўлсак, «Локомотив» аслида чемпион жамоа эди. Шу боис бу сафар ҳам олдимизга чемпионликни қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Лекин таркибда ўзгаришлар бўлди, «Локомотив» эса янгиланди, деган гаплар ҳам бўлди. Аммо бу жамоада асосан профессионал футболчилар йиғилишганди. Шунга яраша биз бу сафар ҳам чемпионликни қўлга киритишга ҳаракат қилгандик. Бироқ бу йил биз оғир мавсумни ўтказдик. Таркибимизда жароҳат олганлар кўп бўлди. Захира ўриндиғимиз эса торайиб қолди. Шунинг ҳисобига кўплаб ўйинчиларимизда толиқиш пайдо бўлди. Миллий терма жамоага чақирилган футболчилар ҳам бу борада чарчаб қолишганди. Шунинг ҳисобига чемпионатда кўп очколарни йўқотдик деб ўйлайман. Ўзбекистон Кубогига ҳам жиддий эътибор қаратгандик. Аммо Термизда «Сурхон»га қарши ўта иссиқ об-ҳавода кечган ўйинда омад биздан юз ўгирди. Кейин эса мавсум охирларига келиб ҳеч бўлмаганда эгаллаб турган иккинчи ўринни сақлаб қолиш вазифаси топширилди. Якунда эса буни бажариб, Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф йўлланмасини қўлга киритдик. Лекин «Локомотив» бундан кейин ҳам фақат чемпионлик учун кураш олиб боради. Ўйлашимча, келаси мавсумда таркибда жиддий ўзгаришлар бўлади ва клуб яна чемпионлик ҳамда Кубокни ютишга ҳаракат қилади.

«Бабаян Хитойга яхши натижалар кўрсатиш учун кетди»

Шунингдек, мавсумнинг ярмига келганда «Локомотив»да бош мураббий алмашиб, Самвел Бабаян бошқарувни ўз қўлига олганди. Яқинда эса у клубни тарк этди ва Хитой чемпионатига йўл олди. Бундай янгилик эса ҳеч кимни беэътибор қолдиргани йўқ, албатта. Шуни инобатга олганда, Даврон Ҳошимов Бабаяннинг Хитойга кетгани ҳақида ўз муносабатини билдирди.

- Самвел Бабаянга 2017 йилда ҳам Хитойдан таклиф тушган экан. Бироқ ўша пайтда миллий терма жамоани бошқараётгани боис у ерга кетишни истамаган. Бу сафар унга яна бир бор Хитойда ишлаш учун имконият пайдо бўлди. Унинг ўзи ҳам биз билан суҳбатда Хитойга пул учун эмас, балки мураббий сифатида ўсиш учун кетяпман деб айтиб ўтди. Шунингдек, ҳали Ўзбекистондаги ҳеч бир мураббий Хитой чемпионатида ишламаганини ҳам айтди ва у ерга бориб яхши натижалар кўрсатиб қайтмоқчилиги ҳақида алоҳида айтганди. Бу борада «Локомотив» раҳбарлари Бабаянга оқ йўл тилашди.

«Локомотив»даги тақдирим борасида гаплашамиз»

«Локо» таркибида тўлиқ мавсумни ўтказган ҳимоячининг кейинги режалари қандай эканлиги билан ҳам қизиқиб кўрдик.

- «Локомотив» клуби билан икки йилга мўлжалланган шартнома тузгандим ва унинг бир йили ўтди. Яна бир йил амалдаги шартномам бор. Айни пайтда эса бу масала бўйича клуб билан гаплашяпмиз. Балки вазият ўзгариши ҳам мумкин, ҳозирча бир тўхтамга келганим йўқ. Ҳаммасини ўзаро маслаҳатлашган ҳолда ҳал қиламиз. Айтмоқчиманки, ҳамма нарса бўлиши мумкин.

«Абрамов билан ўртамизда ёмон гап-сўз ўтмаган»

Шунингдек, Даврон Ўзбекистон миллий терма жамоасига Вадим Абрамов келгунига қадар Эктор Купер даврида доимий равишда чақирилиб турилганди ва ўйин амалиётига эга бўлиб келаётганди. Лекин Абрамов келгач, Ҳошимовни термага  чақирмай қўйди. Ўшанда Абрамов билан Ҳошимов ўртасидаги муносабат у қадар яхши эмаслиги ҳақида ҳам гап-сўзлар чиққанди. Лекин футболчини буни инкор қилди.  

- Вадим Абрамов билан яхши муносабатдаман. У олимпия терма жамоасида ишлаганида ҳам Вадим Карленовичдан чақирув олганман. Мени нима учун миллий терма жамоага чақирмаётганининг сабабини эса билмайман. Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша футболга қарашлари бўлади. Умуман олганда, ҳозирги вазиятни тўғри қабул қиламан. Ўйлайманки, мураббий ўйинларимизни кузатиб боради. Янги мавсумда эса янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламан ва терма жамоамиздан чақирув бўлишини кутаман. Яна қайтараман, бош мураббий билан ўртамизда ҳеч қандай ёмон гап-сўз бўлмаган.

Қаршида «Насаф»ни ютганимиз ёқимли бўлганди»

Давроннинг «Локомотив»даги дебют мавсумида эсда қоларли ўйинлар ҳам бўлгани шубҳасиз. Бу борада гап кетар экан, ҳимоячи шундай деди:

- Мавсум бошида ва охирида «Пахтакор»га қарши ўйнадик. Менимча, чемпионатнинг илк турида гарчи уларга ютқазган бўлсак-да, яхши ўйин кўрсатгандик деб ўйлайман. Шунингдек, эсда қоларли ўйин сифатида Қаршида «Насаф» устидан қозонилган ғалабани ҳам айтган бўлардим. Бу ёқимли ғалаба эди. Ўшанда чиройли ўйин бўлганди, биз эса чинакамига жамоавий ўйин кўрсатиб иродали ғалабани қўлга киритгандик.

«Пахтакор»да кучли футболчилар йиғилган»

Ҳошимов «Пахтакор» клубида тарбияланганини билсангиз керак. У катта футболга ушбу клуб орқали кириб келди ва бир неча йил давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилди. Ўтган йили эса ушбу клубни тарк этганди. Бу йил эса улар ҳаммадан кучли эканлигини кўрсата олишди. Даврон Ҳошимов эса собиқ клубининг муваффақиятлари хусусида қуйидагича фикр билдирди:

- Тўғри, «Пахтакор»да энди барча кучли ўйинчилар йиғилди. Уларда иккита тенг кучли таркиб пайдо бўлди. Футболчилар бемалол бир-бирининг ўрнини тўлдириб ўйнай олишади. Қолаверса, уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бир сўз билан айтганда, уларнинг муваффақиятини ҳаққоний деб айтсак бўлади. Чемпионлик учун ҳам улар катта меҳнат қилишди. Афсуски, чемпионатда «Пахтакор»га рақобат кўрсата оладиган клуб етарлича бўлмади. Чунки боя таъкидлаганимдек, ҳамма кучли футболчилар «Пахтакор» жамоасида эди. Шунинг ҳисобига ҳам улар бошқаларга қараганда анча кучли кўринишди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
12/12/2019 12:34
Даврон омад ёр булсин бу сурхон хаммага латта осиб юради
&
Surxon turon
11/12/2019 22:26
Даврон сени термада ӯйнашингни халқ хохламайди қандай тушиндинг сен шу локамативингдан қолма носкаш мураббийинг билан

Минбар

Барча блоглар