Даврон Файзиев Усман-Масвидаль жангида кимнинг имкониятларини юқори баҳоламоқда?

ММА мухлислари яна бир неча кундан сўнг бўлиб ўтувчи  “UFC 261” турнирини кутаётган бўлса ажаб эмас. Сабаби, бу жанг кечасида таъбир жоиз бўлса,  супер тўқнашувлар бўлади, дея оламиз. Жумладан, ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Камару Усман ушбу дивизионнинг том маънодаги юлдузи Хорхе Масвидаль билан иккинчи бор тўқнаш келса, қирғизистонлик Валентина Шевченко Жессика Андраде билан, “сомонча” дивизион вакили Вейли Жанг ушбу вазндаги юқори техника эгаси Роуз Намаюнасга қарши октагонга кўтарилади. 

Қолаверса, кечадан яна бир қатор қизиқарли ўтиши кутилаётган тўқнашувлар ўрин олган. Улар орасида барибир Усман-Масвидаль қарама-қаршилигига бўлган қизиқиш юқори. Уларнинг дастлабки жангида нигериялик Усман очколар ҳисобида ғалаба қозонганди. Хуллас, бизни ажойиб жанг кутиб турибди. 

Биз эса анъанага мувофиқ, таниқли шарҳловчи Даврон Файзиевнинг ушбу жангга оид фикр ва мулоҳазалари билан қизиқдик. 

- Усман-Масвидаль - 2! Уларнинг биринчи жангида Усман очколар бўйича ҳақли равишда ғолиб чиққан. Лекин битта омил борки, Масвидаль бу жангда қатнашишини бир неча кун олдин билган. Туғма атлетлар бўладию, Ҳабиб Нурмагомедов, Исраэль Адесанья каби жанг ўтказмаса ҳам доим “форма”да юрадиган, доимо машғулотлар ўтказадиган, Масвидаль ундай жангчилар сарасига кирмайди. У Майамида ҳордиқ чиқариб, жисмоний ҳолатини бир маромда ушламай турган пайтда жанг ўтказишини билди ва бир ҳафта мобайнида машғулот ўтказиш эмас, вазн ташлаш билан шуғулланди. Кескин вазн ташлаш, биламизки,  куч йўқолишга олиб келади. Плюс Майамидан Абу-Дабига учиб боришга тўғри келган.

Вазн ташлашдан ташқари, расмий жараёнларда иштирок этган, интервью, медиа тадбирлар ҳам барибир чалғитади. Айтмоқчиманки, Хорхе Масвидаль Камару Усманга қарши ўз имкониятининг балки 70 фоизида жанг қилгандир. Шунинг учун иккинчи жангда Масвидаль кескинроқ қаршилик кўрсатади. Дейлик, охирги тўртинчи-бешинчи раундларда биринчи жангдаги бўлгани сингари чарчаб, ҳарсиллаб қолмайди. Шунинг учун, бу галги баҳс Усманнинг доминантлиги остида кечмаса керак. Лекин барибир кичик фаворит Усман!

Чунки бир йилдан бери Масвидални октагонда кўрмаяпмиз. Усман эса орада жиддий рақибга қарши жанг ўтказди. Гилберт Бёрнсни мағлубиятга учратди. Яъни, Усман бизнинг кўз ўнгимизда бўлди. Иккита тўлиқ машғулот лагерларини ўтказди. У “форма”да биламиз. Масвидаль эса қандай жисмоний ҳолатга эга эканлигини билмаймиз. Ижтимоий тармоқларда мунтазам машғулотларини қўймайди. Одатда, ҳар-хил тадбирлардаги иштирокларини жойлайди. Шунинг учун ҳам барибир кичик фаворит Усман, деб ўйлайман. Лекин шу билан бирга биринчи жангга нисбатан солиштирганда Масвидалнинг ғалаба қозониш имкониятини ҳам юқори баҳолайман. 

 

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар