Даврон Файзиев: Ўзбекистон 2021 йилги жаҳон чемпионатига чиқди

ОФК Кувайтда бўлиб ўтиши режалаштирилган футзал бўйича Осиё чемпионатини бекор қилганди. Мусобақа регламентига асосан, турнирда муваффақиятли иштирок этган 5 жамоа 2021 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши керак эди. Шу сабабли, мазкур квоталар ОФК Ижроия қўмитаси белгилаб берган мезонга кўра тақсимланди. 

Литва мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар номини аниқлашда уларнинг сўнгги Осиё чемпионатларидаги иштироки ҳисобга олинди. Унга кўра, футзал бўйича Ўзбекистон, Япония ҳамда Эрон миллий терма жамоалари "Жаҳон чемпионати-2021" баҳсларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.

Ушбу воқеликдан сўнг, таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида ўз фикрларини билдирди.

- Эсингизда бўлса, 2016 йилда Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди. Осиё чемпионати эса Тошкентда фантастик атмосферада ўтказилган. Спортдаги йил воқеаларидан бирига айланган. Ўша жамоа мундиалга биринчи қадам ташлаб берган. Кейин мураббий ўзгарди, таркиб ҳам қисман янгиланди. Ёшлар пайдо бўлди. Шунга қарамай Ўзбекистон футзалчилари ўз даражаларини сақлаб қола олишди.

IMG_0916

Яқинда жаҳон чемпионлари Аргентина билан тенгма-тенг ўйнади. Дастлаб, Туркманистонда, кейин Кувайтда ўтиши режа қилинган Осиё чемпионати ва саралашига максимал тайёргарлик кўрилди. Чемпионат бекор қилинди. Ва мана расман хабар чиқдики, терма жамоамиз Осиёда етакчилардан бири сифатида жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олди. Супер! Тарихда иккинчи бор Ўзбекистон мундиалга чиқди. Футзалчиларни, мураббийлар Баҳодир Аҳмедов ва Нодир Элибоев, жамоанинг жонкуяр администратори Акмал Карабаев ва шу жамоага барча алоқадорларни табриклайман. Аввал ҳам шу соҳада меҳнат қилиб пойдевор қўйганлар бор, уларга ҳам муробак бўлсин. Бу катта натижа, афсуски унга пандемия сабаб озгина эмоционал дақиқалар ҳамрохлик қилолмади. Шундай бўлса-да, буни билган ҳолатда, ўзингизда бор тармоқлар орқали шу йигитларни қўллаб, Литвадаги ЖЧда омад тилаб қўясиз, деган умиддаман, - деди Даврон Файзиев.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар