Даврон Файзиев: Биринчи даврадаги ўрнимиздан пасайишга асло ҳаққимиз йўқ
Ads

«Динамо» жамоаси ҳамда унинг бош мураббийи Даврон Файзиев биринчи давранинг қаҳрамонларидан бирига айланишди. Бунинг сабаби нимада эканлигини яхши биласиз деб ўйлаймиз. Боиси, мураббий бировга керак бўлмаган, оддий, ўртамиёна футболчилардан курашувчан, ғалабага чанқоқ жамоани туза олганидан қойил қолса арзийди. Меҳнатлари эвазига улар 7-ўринни эгаллаб туришибди. Агар Даврон Файзиевнинг ўрнида бошқа мураббий бўлганида вазият қандай бўларди, деган ҳақли савол ҳам туғилиши мумкин. Балки бошқаси бундай таркиб ва чекланган имконият билан ишлашни истамаган бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин Файзиев қаерда ва қандай жамоа билан ишлашнинг фарқи йўқ. Камтар мураббий, камтар таркибдан ҳам бинойидек жамоани шакллантира олишини яна бир бор кўриб турибмиз. «Динамо» мисолида чемпионатимизда яна бир курашувчан, интригани вужудга келтиришга сабаб бўлаётган жамоани кўриб турибмиз. Муҳими, мураббий изланишдан, ўрганишдан тўхтамаяпти. Яқинда Тошкентда мураббийлар учун ташкил этилган про ўқув-курсларида ҳам таҳсил олди. Аҳамиятлиси, бир қатор мутахассислар мураббийлар ҳақида ва жумладан Файзиев хусусида ҳам илиқ фикрларни билдиришяпти.

- Албатта мураббийлар учун ташкил этилган ўқув-курслари жуда ажойиб ўтди, - дея гап бошлади, «Динамо» бош мураббийи. - Ростдан ҳам биз учун янгиликлар кўп бўлди. Ҳар бир мураббий учун керакли бўлган ўқув қўлланмалари жуда асқотади. Шу боис унда иштирок этган барча мураббийлар бутун эътиборини фақат ўқишга қаратиб, нимадир ўзлаштиришга ҳаракат қилишди. Масалан, ўзим ҳам инструктор Ислом Аҳмедов билан гаплашиб, бунгача қилган ишларимизни муҳокама қилиб, қаердадир тўғри ёки нотўғри қилган эканмиз дея ишимиздан хулоса чиқаряпмиз. Бемалол ишонч билан айта оламанки, ижобий томонга ўзгаришлар жуда кўп.

- Ислом Аҳмедов мураббийларнинг қанчалик ўзгарганини иккинчи даврада кўрасизлар дея алоҳида гапирди. Мазкур про ўқув-курсларида Суперлига клубларида ишлаётган бош мураббийлар бир жамоа сифатида таҳсил олдинглар. Эртага эса чемпионат бошланганида яна ҳамма мураббий майдонда бир-бири учун рақибга айланасизлар. Айтинг-чи, иккинчи даврада қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

- Янгилик? Қайси мураббий қайси услубни қўллашига боғлиқ. Тўғри, барчамиз битта билимни олиб, бир курсда ўқидик. Ҳамма мураббий ҳам уй-сафар тизимига қараб тайёргарлик олиб боради. Менга эса энг ёққан томони, ўтган ўйинларнинг таҳлилларини қилиш бўлди. Бундай таҳлилларда нималарга эътибор қаратиш кераклиги, рақибларнинг кучли ва кучсиз жиҳатларини ажратиб олиш каби жараёнларни яхшироқ ўргандик ва энди шунга қараб тайёргарлик олиб бориш лозим. Шу билан бирга ўша жамоа билан олдинги статистикалар қандай бўлганига ҳам қаралади. Умуман олганда, ўша учрашувга ким қандай тактикани қўллашига кўп нарса боғлиқ.

Даврон Файзиев янги

- Сир бўлмаса, сизга кўпроқ қайси тактик қўлланмалар маъқул келяпти?

- Ҳар бир мураббийнинг дунёқараши бор. Мен эса кўпроқ футболчиларнинг майдондаги техник ва тактик томондан жойлашуви ва шунга асосан кўрсатадиган ўйинига эътибор қаратаман. Тўғри, битта футболчи тактик томондан кўп хато қилиши мумкин. Лекин ўша ўйинчи ўша хатолар кетидан барибир ўз вазифасини ўрганиб олади. Мен ҳам тактика танлаётганда барибир ўйинчиларнинг кучли ва кучсиз томонларига кўпроқ аҳамият қаратаман, энди. Футболчидан қайси пайтда фойлдаланиш мумкин ёки фойдаланмаслик керак, шуларни ўрганиб боряпман.

- Биринчи давра якунларига кўра кўпчилик мутахассислар «Динамо» ҳақида илиқ фикрларни билдиришди. Ҳаттоки, Бахтиёр Ашурматов сизни биринчи давранинг энг яхши мураббий деб ҳам атади. Мавсумнинг дастлабки қисмини жамоангиз 7-ўринда тугатди. Бош мураббий сифатида бундан қониқдингизми?

- Бош мураббий сифатида нима дейишим мумкин? Баҳони мутахассислар, журналистлар ва мухлислар беришади. Тўғриси, ўзим жамоамни ундай ёки бундай деб мақташга йўқроқман. Лекин тан олишим керакки, мураббий сифатида жамоамнинг биринчи даврада кўрсатган ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Йигитлар юқори даражада ўйин кўрсатишлари учун ўзларига тўла-тўкис ишонишлари керак. Шу боис бу ҳозирча биз учун охирги чўққи эмас. Ҳали ўйинимизда хато ва камчиликларимиз бор, шуларнинг устида ишлашимиз лозим. Агарда ўша муаммоларимизни тўғрилай олсак, унда ўйлайманки, олдимизга қўйилган вазифага эришса бўлади. Аммо биринчи даврадаги ўйин ва натижалардан кейин асло пасайишга ҳаққимиз йўқ. Биз яна шу руҳда юришда ва олдинга қараб ҳаракатланишда давом этишимиз керак.

Даврон Файзиев янги4

- Сизнинг мураббийлик иш услубингизни кузатар эканмиз, кўпинча номи чиққан, тажрибали футболчилардан кўра катта футболга энди кириб келаётган, ёш, ҳали ном чиқмаган ўйинчилар билан ишлашингиз қулайроқдек кўринади. Масалан, биринчи даврадан кейин «Динамо»дан номи чиққан ўйинчилар кетишди. Айтинг-чи, чиндан ҳам сизга ўртамиёна футболчилар билан ишлаш осонроқми?

- Ҳа, бир томондан қараганда осонроқ ҳам дейишим мумкин. Бундан ташқари, барибир ўша ёшларга ҳам ишонч беришимиз керак. Тан оламан, олдинги интервьюларимда жамоамизга тажрибали ўйинчилар керак деб айтгандим. Албатта, ана шундай футболчилар бўлса, мен ҳам оламан. Аммо шунда ҳам имкониятимизга ва чўнтагимизга қараб, албатта. Лекин ҳозирда чўнтагимизда ҳеч нарса бўлмаганидан кейин ихтиёримиздаги ёшларнинг хатоларини тўғрилаб, уларни ўргатиш ҳам вазифамизга киради. Шундай қилиб, улардан ҳам фойдаланса бўлади. Аслида менда ҳам имконият бўлса, номдор ўйинчини олиш истаги йўқ эмас. Лекин боя айтганимдек, ҳаммаси имкониятимизга қараб бўлади. Аммо, биласизми, ўша номи чиқмаган ёшларни тарбиялаб, уларни кашф қилиш ҳам мумкин.

- Тушунишим бўйича, иккинчи даврада «Динамо» таркибида катта ўзгаришлар бўлмайди, шундайми?

- Ҳозирча аниқ айта оламанки, жамоамизда катта ўзгаришлар бўлмайди. Қолгани эса имкониятимизга боғлиқ.

- Яқинда жамоангизни тўрт нафар ўйинчи тарк этганди. Уларнинг ўрнини тўлдириш вазифаси ҳам йўқми?

- Ўша кетган тўрт нафар футболчиларнинг ўрнини фақат ёшлар билан тўлдиришимиз мумкин.

- Фақат маҳаллий ўйинчиларданми?

- Ҳам маҳаллий, ҳам бошқа жамоаларда ўйнаётган иқтидорли ёшлар, айтайлик про-лигадан умидли ўйинчиларни синаб кўриш мумкин. Тўғриси, биз жамоамизга ана шундай йигитлардан 3-4 тасини таклиф қилганмиз. Қани кўрамиз, улар қанчалик ишончимизни оқлай олишаркин?

- Айнан «Динамо»да янги футболчилардан кимлар шуғулланишяпти?

- Ҳозир уларнинг номларини айтсам-у, аммо эртага улар ишончни оқлай олишмаса яхши эмас. Лекин ўртоқлик учрашувлари ўтказган пайтларимизда улар кимлар эканлигини ҳам кўришларингиз мумкин бўлади. Аммо ҳозирдан у ёки бу футболчилар деб айтишим нотўғри бўлади. Ҳозирча эса ҳаммаси кўрикдан ўтишяпти. Шунинг учун олдиндан бир нима дея олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Исталган мураббий ўз жамоасида яхши ўйинчиларни кўришни хоҳлайди. Аммо юқорида ўзингиз айтиб ўтганингиздек, ҳамма ҳам чўнтагига қараб иш тутади. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, Суперлигада ўйнаётган қайси уч нафар футболчини жамоангизда кўришни хоҳлаган бўлардингиз?

- Марказий ярим ҳимоячи, айниқса ҳужумкор ўйинчи. Кейин битта ҳужумчи ва битта яхши марказий ҳимоячини олган бўлардим.

- Сиз хоҳлаётган футболчилар кимлар?

- Хоҳлаётганларим кўпликка кўпку-я, аммо айтганим билан нима фойда? Барибир булар амалга ошиб қолмайди. Агар уларнинг номларини айтадиган бўлсам, Даврон ака мен билан ишлашни хоҳлар экан деб яна осмонга чиқиб, ўйнамай қўйишмасин.

- Мураббий сифатида иккинчи даврадан нимани кутяпсиз?

- Иккинчи даврада бизга оғир бўлиши аниқ. Бунинг устига биз иккинчи даврани меҳмонда номдор жамоага қарши ўйин билан бошлаймиз. Юқорида сиз айтгандек эътирофлар жамоамизнинг юзини кўрсатиб беради. Бизга бўлган ишончни оқлаш ҳамда бундан-да, юқори натижага эришиш биз учун муҳим. Биз яна мақтов ва олқишларга сазовор бўлишни хоҳласак, биринчи даврадаги ўрнимиздан пастга тушмасликка ҳаракат қиламиз. Камида ўз ўрнимизни сақлаб қолишимиз лозим бўлади.

- Бунинг устига биринчи даврадаги ажойиб ўйинлардан кейин самарқандлик мухлисларнинг иккинчи даврадан умидлари янада катта…

- Мухлисларга биринчи навбатда катта раҳмат айтмоқчиман. Улар йил бошида бизга ишонч билдиришди, уларнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қилдик. Олдимизда оғир ўйинлар кутиб турган бўлса-да, бундан кейин ҳам ишқибозларнинг бизга бўлган ишончларини юқори нотада оқлашга ҳаракат қиламиз. Бу билан уларнинг бизга бўлган умидлари сўнмаслигини хоҳлаймиз. Шу боис барқарорликни йўқотмаслигимиз керак. Мухлисларимизга эса соғлиқ-саломатлик тилайман.