“Челси” - “Ливерпуль”: Превью

АПЛнинг ҳар бир турида қандайдир супер тўқнашув кўрамиз. Бу гал “Челси” - “Ливерпуль” баҳси айни шу мақомда. Биринчи турда бўлиб ўтган “Тоттенхэм” - “Эвертон” учрашуви ўз номига, мақомига мос бўлди. Шунингдек, стартданоқ иккала жамоа ҳам голларга бой ўйинлар намойиш этишди. “Ливерпуль” ўз майдонида “Лидс”ни қабул қилган кечада 7 та гол кўришга муваффақ бўлдик. “Челси” ҳам “Брайтон”га қарши ўйинни голларга бой тарзда ўтказди. Уларнинг чиройи эса алоҳида мавзу.
Жамоалар шу пайтгача ўзаро 187 та ўйинда майдонга тушган. Уларнинг 65 тасида мезбонлар, 80 тасида мерсисайдликлар ғалаба қозонган. Қолган 42 та беллашувда дуранг қайд этилган.

“Челси”

“Аристократлар” тез-тез трансфер тақиқига учраб туради. Балки, шунинг учун ҳам улгуржи харидларни амалга ошираётгандир. Асосий бизнеси клуб академияси ҳисобланган лондонликларнинг бу каби тақиқларга яна учрамаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Аммо барибир дарвозабон позициясига номзодлар керак бўляпти. Кепага Лэмпард қанчалик ишонмасин, бу каби ишончсиз ўйин билан испан посбони “Челси”ни анча оғир аҳволга тушириб қўйиши мумкин.
“Брайтон”га қарши учрашувда “кўклар” ғалаба қозонган бўлса-да, аслида ўша учрашувда гол ўтказиб юбормаслиги ҳам мумкин эди. Троссарднинг ажойиб зарбасига ҳурматни сақлаган ҳолда айтишимиз лозимки, Кепа бу тўпни ушлаб қолиши керак эди. Кейин эса, катта саҳнага Рис Жеймс чиқиб келди. Унинг бельгиялик рақибининг зарбасига жавоб ўлароқ, тепган тўпи янада чиройли траектория ҳосил қилди.
Лэмпардда бир қатор йўқотишлар мавжуд.
Бен Чилуэлл ва Хаким Зиеш жароҳати сабаб ўйнамайди. Тьягу Силва жамоавий машғулотларга эндигина қўшилди ва катта эҳтимол билан “Ливерпуль”га қарши учрашувда майдонга тушмайди. Пулишич ҳам муҳим ўйинда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Тахминий таркиб: Аррисабалага, Жеймс, Кристенсен, Зума, Аспиликуэта, Ковачич, Канте, Баркли, Хаверц, Вернер, Маунт.

2

“Ливерпуль”

Мерсисайдликлар трансфер компаниясини анча кейинга қолдирган экан. 24 соат ичида ҳам Тиаго, ҳам Жота трансферини эълон қилган “Ливерпуль” анча кучайди. Очиғи, Клопп жамоаси ярим ҳимоясида ижодкорлар анча камайиб кетаётганди. Ушбу икки футболчи билан ливерпулликлар ўйини янада чиройли чиқиши аниқ.
“Лидс”га қарши учрашувда ушбу клуб ҳимояси кескин танқидлар ичида қолди. Келинг ушбу ўйиндаги хатоларни мавсум боши эканлиги сабаб унутамиз. Шунингдек, аксарият мутахассислар Марсело Бьелса шогирдларини мавсум якунларига кўра, анча юқори поғоналарда кўришга ишонишмоқда.
Салоҳ “Челси”га қарши учрашувларда гол уришни яхши кўради. Биринчи турда айнан унинг хет-триги жамоасининг ғалабасини таъминлади.
Жордан Хендерсон тиззасидан олган жароҳатидан қарийб қутулди. Окслейд-Чемберлен эса “Лидс”га қарши кечган баҳсда жароҳат олди. Цимикас коронавирусдан тузалгани ва майдонга тушишга тайёрлиги айтилмоқда.
Тахминий таркиб: Алиссон, Арнольд, Ван Дейк, Гомез, Робертсон, Хендерсон, Фабиньо, Вейналдум, Салоҳ, Фирмино, Мане.

3

Мураббийлар

Фрэнк Лэмпард: “Брайтон”га қарши ўйинда биз ўзимизни ушлаб қола олдик ва ғалабага эришдик. Биз янада ривожланишимиз мумкин. Футболчиларнинг ўзлари ҳам буни сезиб турибди. Бизнинг жамоани ўтган йилгиси билан солиштириш ноўрин. “Ливерпуль” қийин ўйин ўтказди. Ушбу ўйин ҳар икки жамоа учун катта синов.

4

Юрген Клопп: “Челси”нинг ҳозирги ҳолати ҳақида кўп нарсаларни билмаймиз. Ҳали мавсумнинг стартида турибмиз. Дарҳақиқат, қийин мавсум ўтказдик ва таркиб масаласида жиддий ишладик.
Уларнинг “Брайтон”га қарши учрашувини кузатдим. Калит вазиятларда барчасини ажойиб бажаришди”.

5

Хулоса ўрнида

Юқорида гувоҳи бўлаётганингиздек, жамоалар кўп гол урмоқда ва ўз дарвозаси даҳлсизлигини ҳам сақлаб қола олмаган. Демак, бугун голларга бой учрашув гувоҳига айланамиз. “Челси” трансферлар ойнасида етарлича кучайган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги бугун майдонда бўлмайди. Вернернинг тайёрлиги ҳам сўроқ остида эди. Хайриятки, немис форварди марказий баҳсга тайёр ҳолатда келди.
Демак, кичик устунлик “Ливерпуль”да. Улар нисбатан шаклланган жамоа. “Челси” қанчалик кўп иқтидорларни ўзига жалб қилган бўлса ҳам, ҳозирча уларга бироз вақт керак.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар