Англия Премьер лигасининг 24-турида "Челси" ўз уйида "Арсенал" клубини қабул қилади.

АПЛ доирасида сўнгги бор Лэмпард шогирдлари сафарда "Ньюкасл"га қарши ўтказишган эди ва 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.

"Арсенал" эса ўз майдонида "Шеффилд Юнайтед" жамоасига қарши баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

29 декабрь куни "Арсенал" ва "Челси" ўзаро тўқнаш келганди ва учрашувда Обамеянг ҳисобни очган бўлса, Жоржиньо ҳамда Абрахам томонидан киритилган голлар эвазига "аристократлар" ғалабани илиб кетишганди.

Қизиқарли кечиши кутилаётган жавоб учрашуви олдидан SPORTS.uz мухбирлари ўз фикрларини билдиришди.

 

Тоштемиров Бахтиёржон:

- Менимча, бугунги баҳсда "Челси" ғалабага эришади. Чунки, жамоанинг сўнгги ўйинларида омад келмаяпти. Шунинг учун, футболчилар ўйинга бошқача тайёргарлик кўришса керак ва Лэмпард ҳам ўйинчиларга вазиятни тушунтирган бўлса керак. Устига-устак, учрашув "Стэмфорд Бриж"да бўлиб ўтади.

"Арсенал"га Артета келгани билан жамоанинг ўйинида сезиларли ўзгариш кузатилмаяпти. Буни натижалар ҳам кўрсатиб турипти. Шулардан келиб чиқсак, эртанги баҳсда "Челси" фаворит!

 

Умаров Азамат:

- Қизиқарли ўйин кутмоқдаман, бу ўйинда нейтралман лекин ўйин жиҳатдан "Челси" устунроқ назаримда. Таркиби ёшарган бўлса-да, "аристократлар" ёмон ўйин кўрсатишмаяпти, "Арсенал"да эса турғунлик йўқ.

 

Эшматов Аҳмад:

- Гарчи, сўнгги вақтлар Лондон дербилари аввалгидек даҳшатли кўринмаётган бўлсада, барибир ушбу икки клуб ўртасидаги учрашувлар ҳар қандай мухлисда қизиқиш уйғотиши табиий. Чунки, ўз вақтида Деннис Бергкамп, Анри, Овермарс, Виейра, Адамс, Дзола, Тур Андре Флу, Терри, Лэмпард, Дрогба кабилар ўз ўйинлари билан бунга ўргатиб қўйишган эди.

Афсуски, сўнги вақтларда ҳар икки клубнинг ҳам ишлари аъло даражада эмас. “Арсенал” ҳозир қандай вазиятда эканлигини, унинг эгаллаб турган ўрнидан билса ҳам бўлади. Қолаверса, Артета биринчи тўқнашувда Лэмпардга имкониятни бой берди. Боз устига бу сафар икки асосий фигура Обамеянг ва Колашинацни ўйнамаслиги янада “тўпчи”ларнинг имкониятини пасайтириб юборгандек... Бироқ, футболда бундай ҳолатлар барибир нисбий тушунча ҳисобланади. “Челси” ҳам барқарор ўйин кўрсатаётгани йўқ. Шунинг учун, Абрамович клуби яққол устунлик қилади деб ўйламайман. Имкониятлар

55%-45% деб ўйлайман.

 

Маҳкамов Ботирали:

- Кўпчиликнинг фикрига кўра, "Челси" фаворит! Аслида ҳам шундай бўлиши мумкин, аммо "Арсенал" совға бўладиган жамоа эмас! Гарчи, натижалари қониқарли кўриниш олмаётган бўлсада, менимча "Арсенал" яхши ўйин кўрсатади.

Аслида бетарафман. Топ жамоаларда шундай пайт бўладики, охирги вақтларда омади келмаётган жамоа муҳим ўйинларда натижага эришиб кетади ёки аҳвол баттарлашади. Менимча, "Арсенал"нинг ўйини очилиб кетса, ғалабани қўлга кирита олади. Аксинча "Челси"нинг ўйини қовушса, ҳисоб йириклашиб кетиши мумкин.

 

Холбоев Шаҳзод:

- Лондон дербиси келаётган турнинг энг марказий учрашуви саналади. Аммо сўнгги вақтларда мазкур дербининг обрўйига бироз путур етгандек. Боиси, "аристократлар" ўзаро ўйинларда рақибига нисбатан катта устунликка эга бўлмоқда.

Ўтган тур Фрэнк Лэмпард шогирдлари сўнгги дақиқада ўтказиб юборилган гол туфайли "Ньюкасл"га мағлуб бўлишди. "Тўпчилар" эса мавсум кашфиёти - "Шеффилд Юнайтед" билан муроса кўчасини танлашди - 1:1.

Ҳар иккала жамоа ҳам эртага ўз мухлисларини хушнуд этиш учун, ғалаба учун ҳаракат қилишади. Шундай бўлсада, "Челси"нинг имкониятларини юқори баҳолаган бўлар эдим. Боиси, Микель Артета шогирдлари 11 сафар баҳсининг фақат иккисида ғалабага эришган холос. Қолаверса, жамоа етакчиси Пьер-Эмерик Обамеянг дисквалификация боис дербини ҳам ўтказиб юборади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
DJ UZBEKISTAN
22/01/2020 09:07
Javob chelsi yutadi