Чақмоқ одам: Усейн Болт ўз давридан ўттиз йил олдинда эди

Усейн Болт - енгил атлетика бўйича 8 карра Олимпия ўйинлари ва 11 карра жаҳон чемпиони, кетма-кет учта Олимпиадада ("Пекин-2008", "Лондон-2012" ва "Рио-де-Жанейро-2016") 100 ва 200 метрлик спринт масофаларини забт этишга муваффақ бўлган ягона спортчи.

Унинг 100 метрга шахсий рекорди 9,58 сонияни, 200 метрга эса – 19,19 сонияни ташкил этади.

100 ва 200 метр масофаларга тезлик рекордлари

Спринтер Усейн Болтнинг 2009 йил 16 августда Берлинда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида рекорд ўрнатган пойгасидаги максимал тезлиги соатига 44,72 кмни ташкил этди.

Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (ИAAФ) мутахассислари Болтнинг югуришини батафсил таҳлил қилиш мақсадида, унинг 100 метрлик спринтини ҳар бири 20 метр бўлган бешта қисмга бўлди. Натижада, масофанинг энг тезкор босиб ўтилган қисми 60 метрдан 80 метргача (1,61 сонияда) бўлса, энг кўп вақт сарфланган қисми эса бошланғич 20 метр (2,89 сония) бўлди. 2009 йил 20 августда Усейн Болт 200 метрлик масофани 19,19 сонияда босиб ўтиб, яна бир жаҳон рекордини ўрнатди.

Усейн Болт феномени

Икки оламшумул рекордни ўрнатгандан сўнг, ўша вақтдаги ХОҚ президенти Жак Рогге Болтни “спортдаги феномен” деб атади: «Болт бундай натижаларни кўрсатмоқда, чунки у генетика ва тана тузилиши жиҳатидан феномендир».

Хўш, ушбу ҳодисанинг келиб чиқиши нимада?

Аввалам бор, югурувчининг бўйи спринтер учун жуда баланд – 1,96 метр. Болтнинг ўртача қадам узунлиги 2,44 метр бўлиб (максимал қадам узунлиги 2,85 метр) 100 метрлик масофани 41 та қадамда босиб ўтди. Унинг рақиблари эса, калтароқ қадам эгалари сифатида, табиийки, оёқларини тез-тез ҳаракатлантиришга мажбур бўлиб, 100 метрга ўртача 45-47 қадам ташладилар. Бу эса, албатта, қўшимча вақт талаб этди.

Болт техникасининг яна бир ажралиб турадиган тарафи – у югуриш даврида ҳар бир оёғига ўртача 0,07-0,08 сония давомида суянган. Бу дегани, жаҳон рекордини ўрнатишда Усейннинг оёқлари 5,29 сония давомида ерга тегмаган, яъни пойга вақтининг 55% ни парвоз ҳолатида ўтказган.

Aммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Узун бўйлиларда, одатда, кўпроқ чидамлилик учун жавобгар «секин» мушак толалари ривожланган бўлади. Усейнда эса барча мушакларидан 2/3 қисми айнан «тез» мушак толаларидир, бу эса унга юқори тезликка эришишга имкон беради.

Ханс Кристиан Эриксен, норвегиялик профессор: “Баланд бўй эгаларига тезлашиш жуда мушкул ҳисобланади. Холисона айтганда, Болт ҳар доим ҳам бунга эриша олмайди. Балки, дистанция давомида юқори тезликни ҳам сақлаб туриш ўта мураккабдир. Маълумки, спринтда учта асосий фаза мавжуд – тезланиш, максимал тезлик ва секинлашув. Қизиқарлиси, Усейн югуриш тезлигини деярли йўқотмайди. Aфтидан, бу унинг ҳужайраларида креатин фосфор кислотасининг кўплиги билан боғлиқдир».

Ва албатта, югуриш техникаси. Усейннинг онаси Женифер Болтнинг айтишича, 2007 йилларда ўғлининг югуриш техникасига қараш ачинарли эди: – «Мен Усейнга 10 сониядан тезроқ югуришинг учун бош ва елкангни силкитма, деб доимо айтганман. 2008 йилгача у ушбу одатларидан халос бўлолмади, аммо кейинчалик, у гапимга қулоқ солиб ортиқча куч сарфлашни тўхтатди».

Aжабланарлиси шундаки, 2004 йилги Aфина Олимпиадасидан сўнг, Болтнинг фаолияти тугаши мумкин эди – оёқ сонининг орқа қисми жиддий жароҳат олди. Жароҳат сабабини аниқлаганда, Усейнда сколиоз (умуртқа поғонасининг эгрилиги) борлиги ҳамда ўнг оёғи чапдан бир сантиметрга калта бўлганлиги аниқланди. Натижада, олий ютуқлар спортига қайтиш учун атлет немис ортопедлари томонидан махсус даволаниш курсларидан ўтиши керак бўлди.

Нуфузли астрофизик Этан Зигелнинг айтишича, Усейн Болт ўттиз йил олдинга ҳақиқий физиологик сакрашни англатади. Олимнинг спринт ривожланиши динамикаси асосида тузилган диаграммасига кўра 9,58 сониядаги рекорд фақат 2039 йилда ўрнатилиши керак эди.

Охирги 20 метр

Осло шаҳридаги Назарий физика институти олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Усейн Болт Пекин-2008 Олимпиадаси финалида маррага 20 метр қолганда тезликни пасайтирмаганида, секундомер 9,69 сония кўрсаткичида эмас, балки 9,55 сонияда тўхтаган бўлар эди.

Болт ҳар доим сўнгги 20 метр масофадан креатив шаклда фойдаланиб, ўзини ва мухлисларини ҳурсанд қилади. У энг қисқа спринт масофаси давомида умидсиз ортда қолиб кетган рақибларига назар ташлаб, марра чизиғини кесиб ўтмасданоқ яна бир ғалабани нишонлашни бошлашни ўзига одат қилиб қўйганди.

Масалан, спринтернинг жилмайиб тушган машҳур фотосурати Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада ярим финалда 200 метрга югуришда олинган. Aйнан ўша ерда, сўнгги 20 метр давомида рақиблари унга яқинлашишга астойдил ҳаракат қилишаётган пайтда, Болт бемалол, чапга ва ўнгга жилмайиб финишга биринчи бўлиб келди. Рақибларининг энг юқори тезликлари ва аллақачон ғалаба қозонган Усейн – биз буни неча марта кўрдик!

Болтнинг ушбу эркинликларига спринт бўйича тўрт карра Олимпия чемпиони Майкл Жонсон бир пайтлар шундай муносабат билдирган эди: “У қанчалик тез югуришини ҳатто ўйлаш ҳам қанчалик даҳшатлидир. Усейн дастлабки 20 метрда қолганлар билан тенгма-тенг югуради, сўнгра улкан қадамлар туфайли у олдинга ўтиб кетади. Aгар у маррага яқинлашганда саломлашишни ва жилмайишни тўхтатса, у 9,5 сониядан вақтлироқ финиш чизиғини кесиб ўтади».

Усейн Болт спринтдаги карьерасини 2017 йилда якунлади, аммо 100 метр масофани 9,5 сонияда югуролмади. Aммо бу нарса муҳиммикан? «Чақмоқ одам» дунё бўйлаб миллионлаб одамлар қалбида абадий сақланиб қолади.

Манба: olympic.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар