“Бухоро” жамоасида вазият қандай? Клуб нега мавсумни бу қадар омадсиз бошлади? Албатта, бу борада саволлар кўп, аммо жавоблар-чи? Ўзи шундоқ ҳам охирги йилларда мухлисларини барқарор ўйинлари билан қувонтира олмаётган ва пастга шўнғиш кузатилаётган жамоа негадир бундай салбий муваффақиятсизликлардан сабоқ чиқармаётгандек туюлмоқда. Айтайлик, ўтган мавсумда “Бухоро” аранг Суперлигада жон сақлаб қолганини кўпчилик яхши билса керак. Ўшанда клубнинг тақдири охирги турда ҳал бўлганди. Ўз уйида АГМКни қийинчилик билан 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолганди.

Яхши биласиз, бу жамоани ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан бери тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев бошқариб келмоқда. Аммо, ҳозирча унинг ишлари силлиқ кечмаяпти. Ўтган мавсум у бир амаллаб “Бухоро”ни сақлаб қолди, аммо янги мавсумда ишқибозларини янада хавотирга солиб қўймоқда. Клуб наҳотки, ўтган йилги хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқармаган бўлса?! Албатта, бу вазиятда бош мураббийга кўп нарса боғлиқ. У қишки режаларни ҳам ўзи истаган даражада олиб борди ва таркибни ҳам ўз қарашларига мос тарзда тузди.

бухоро

Хўш, у янги мавсум арафасида таркибга кимларни таклиф қилди? Зоҳир Пиримов, Жасур Ҳакимов (иккаласи - АГМК), Зафар Сафоев (“Металлург), Аброр Хусинов (“Андижон”), Артём Барановский (Украина), Эдин Юнузович (Хорватия), Азиз Омонов (“Локомотив”), Бобур Фарҳодов (“Бунёдкор”) каби ўйинчилар билан таркибини кучайтирди. Бироқ мавсумни кетма-кет 0:3 ҳисобидаги мағлубиятлар билан бошлагани мухлисларини қаттиқ ранжитди. Натижада бош мураббийга нисбатан ишончсизлик ортди ва унинг истеъфосини ҳам талаб қилганлар бўлди. Бу борада вилоят ҳокими ҳам Муҳсин Муҳаммадиев билан учрашиб, мавсумни нима учун омадсиз бошлаганини муҳокама қилган ҳолда ўз эътирозларини билдиргани ҳақида хабарлар ҳам чиқди. Натижада бош мураббийнинг кейинги тақдири сўроқ остида қолганди. Бу борада клуб мутасаддилари ўзаро маслаҳатлашишди ҳам. Олинган охирги маълумотларга қараганда, тожикистонлик мураббийга яна бироз имконият тақдим этилгани ҳақида эшитдик. Маълумки, ҳозирда коронавирус туфайли чемпионат ўйинлари ҳам тўхтатилган. Қачонки, вазият изига тушиб чемпионат ҳам давом эттирилганида “Бухоро” 4-турни ўз уйида “Андижон”га қарши ўтказади. Агарда ўша пайтгача воқеалар ривожи ўзгармаса, бўлажак баҳс Муҳаммадиевнинг кейинги тақдирини белгилаб беради.

бухоро3

Бизнинг эътиборимизни тортган яна бир жиҳат эса бу жамоанинг мавсумни бир хил кўринишдаги йирик ҳисобдаги мағлубиятлар билан бошлагани бўлди. Натижада статистик маълумотларни текшириб, “Бухоро”нинг мавсумни қандай бошлагани ва айниқса, дастлабки учта турни қандай натижалар билан тугатганини синчиклаб кузатиб чиқдик. Боиси бухороликлар балки бунгача мавсумни кетма-кет йирик ҳисоблардаги мағлубиятлар билан бошламагандир, жорий йилдагиси илк бор содир этилгандир деган хаёлда эдик. Натижада клуб иштирок этган ҳар бир мавсумнинг дастлабки турларини кўздан кечириб чиқдик. Буни қарангки, “Бухоро”нинг мавсум стартини бундай хунук натижа билан бошлаши биринчи марта юз бермаган экан. Ҳаттоки, жорий йилдаги натижасидан ҳам ёмонроқ кўрсаткичлар бўлганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, 2004 ҳамда 2005 йилги мавсумлар “Бухоро” учун ўта муваффақиятсиз бошланган. Масалан, 2004 йилги чемпионатнинг илк турида ўз уйида “Нефтчи”ни қабул қилиб 0:4 ҳисобида ютқазган. Иккинчи ва учинчи турларда эса “Металлург” билан “Пахтакор”га бир хил 3:0 ҳисобларида имкониятни бой берган. 2005 йилдаги натижалари эса қуйидагича: 1-тур “Тўполанг” – “Бухоро” – 3:1, 2-тур “Бухоро” – “Пахтакор” – 0:8, 3-тур “Насаф” – “Бухоро” – 2:1. Кўриб турганингиздек, бу йил ҳам жамоа ўша муваффақиятсиз стартни такрорлади. Бироқ ушбу кетма-кет мағлубиятлардан сўнг “Бухоро” одатда 4-турда ғалаба қозониб келган. Қизиқ, бу сафарги вазият ҳам шунга ўхшашдек туюлмоқда. Муҳаммадиев учун охирги имконият берилганини инобатга олсак, балки 4-турга келиб “Андижон”га қарши учрашувда илк ғалабасини қўлга киритар, яна ким билади дейсиз!  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ubaydullo hayitov
25/03/2020 23:37
Андижондан хам ютулса кийин бахона корона вирус булади

Минбар

Барча блоглар