“Бухоро” охирги учта турдан бери фақат 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб келяпти. Натижада 11 очко билан охирги ўринни банд этиб турибди. Бироқ клубнинг асосий рақобатчилари – “Андижон” билан “Сурхон” ҳам узоқлашиб кетишгани йўқ ва ўртада фақат бир очколик фарқ бор.

Қолаверса, 20-турда “Андижон” ҳам, “Сурхон” ҳам ўта йирик ҳисобларда ютқазишди. “Бухоро” эса дуранглар билан бўлса ҳам очко йиғишда давом этяпти. Бу турда эса улар сафарда “Металлург” билан бир очкодан бўлишиб олишди.

Бухороликлар бош мураббийи Жамшид Саидовнинг олдига эса клубни Суперлигада сақлаб қолиш вазифаси юклатилган. Бироқ жамоада муаммолар бор, аслида шунинг учун ҳам “Бухоро” охирги ўринда боряпти. Бош мураббий sports.uz мухбирига ҳозирги оғир вазият ҳақида гапирди.

- Бекободда қайд этилган дурангдан қониқдингизми?

- Албатта. Бунинг устига биз “Металлург” билан ўйнадик. Ундан олдин “Насаф” ва “Навбаҳор” жамоалари билан ҳам дуранг ўйнагандик. Тўғри, ўша учрашувларда ютқазмадик, бироқ ютишимиз керак-да Умуман, натижаларимиз ёмон эмас. Футболчилар ҳаракат қилишяпти. Биздаги катта муаммо маблағ билан боғлиқ. Ҳозир молиявий аҳволимиз оғир.

- Сир бўлмаса, қанча қарздорлик бор?

- Беш ойлик қарзи бор, мана, олтинчи ой кетяпти.

саидов_7

- Суперлигада қолиш йўлидаги курашда молиявий муаммолар юз бераётган бўлса, бундай пайтда футболчиларда қандай қилиб мотивацияни уйғотяпсиз?

- Футболчиларни ҳам оиласи бор. Футболда мотивация бўлмаса қийин. Кўряпсиз, ёшларга эътиборни оширдик. Биринчи навбатда улар учун футбол ўйнаш муҳим. Иккинчи масала бу молиявий ҳолат билан боғлиқ. Барибир пул бўлмаса жуда ҳам қийин. Одамлар четдан туриб баҳо беришлари мумкин. Бироқ пулсиз ҳеч нима қила олмайсиз. Футболчиларнинг овқатланиши, борди-келдилари ҳам катта харажат. Оддийгина Бухородан Тошкентга 40-45 та одамни олиб келсангиз бунга қанча пул кетади? Базамиз бор ва унинг ишчиларига ҳам маош тўлаш керак. Футболда ҳамманинг ҳиссаси бўлади, ўша ошпаз ёки қоровулни ҳам. Агар пул бўлса, йигитларда ҳам мотивация янада кучаяди. Аммо футболчиларимизда, ёшларимизда иштиёқ бор. Кўраётган бўлсангиз, ёшларимиз Суперлигада ўйнашни бошлашди. Уларни ўринбосарлар жамоасидан олганмиз.

- Жамоа етакчилари нега кўринишмаяпти?

- Азиз Ибрагимов, Максимилиан Фомин, Жасур Ҳасанов сингари футболчиларимиз жароҳат олишганди. Улар аста-секин соғайишяпти.

- Суперлигада қолиш учун кураш “Бухоро”, “Андижон” ва “Сурхон” ўртасида кечяпти. Бу турда эса “Андижон” ҳам, “Сурхон” ҳам олтитадан гол ўтказиб ютқазишди. Яқин таъқибчиларингизни диққат билан кузатаётгандирсиз-а?

- Албатта, кўриб турибман. Улар ютқазса биз учун ҳам яхши (кулади). Чунки жамоамиздан узоқлашиб кетишмайди. Футболда бу нормаль вазият. Тўғри, бундан хурсанд бўлмайман, бироқ “Андижон”нинг ва “Сурхон”нинг ғалаба қозонмагани биз учун яхши-да. Чунки жамоамизнинг асосий таъқибчилари ўшалар.

саидов2_2

- Суперлигада қолиш учун кураш охирги турда ҳал бўладими ёки унгача аниқланиши мумкинми?

- Билмадим. Балки ҳаммаси охирида ҳал бўлар. Чемпионат тугашига олтита тур қолди. Ўйлайманки, кураш сўнгги тургача кечса керак.

- Охирги тўртта тур яна марказлашган ҳолда ўтиши мумкинлиги айтилмоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Бизга фарқи йўқ. Ахир шундоқ ҳам ўз уйимиздаги ўйинларимизни “Машъал”нинг майдонида ўтказиб келяпмиз. Худди ҳамма учрашувларни сафарда ўтказаётгандекмиз. Фақат битта томони борки, бу молиявий ҳолат билан боғлиқ. Марказлаштирилган ҳолда ўйинларнинг ўтказилиши қўшимча чиқимларга сабаб бўлади.

саидов3_1

- Бухоролик сифатида вилоят футболини яхши биласиз. Охирги пайтларда Бухорода футбол пасайиб кетаётгандек. Бунинг асосий муаммоси нимада деб ўйлайсиз?

- Муаммолар кўп. Лекин ҳозир бу ҳақда айта олмайман, бунга ҳали вақт бор. Мен кутиб ўтирибман. Худо хоҳласа, вазифамизни бажара олсак, сизга битта интервью бераман.

- “Бухоро” учта турдан бери дуранг ўйнаяпти. Агар Суперлигада қолиш учун ушбу дуранглар етарли бўлса, чемпионат охиригача ўйинларнинг дуранг билан тугашига рози бўлармидингиз?

- (Кулади) Ҳаммаси билан дуранг ўйнасак олти очко ва жами 16 очкоимиз бўлади. Менимча, бу очколар қолиш учун етмайди. Яна билмадим. Чемпионатда нима бўлишини билиб бўлмайди. Балки яқин таъқибчилар яна ютқазишса 15 очко ҳам қолиш учун етарли бўлиши мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)