Ниҳоят, Суперлига баҳсларини давом эттиришга рухсат берилгани барча учун ёқимли хабар бўлди. ПФЛ эса клубларга машғулотларни карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказишлари учун ҳам рухсат берди. Шу боис ҳозирда аксарият жамоалар йиғинларни бошлаб юбордилар.

Мавсумни ўта қониқарсиз натижалар билан бошлаб, дастлабки учта ўйиннинг барчасида йирик ҳисобда ютқазиб, ҳали рақиблар дарвозасига гол ура олмаган “Бухоро” ҳам ПФЛнинг расман рухсати билан кечадан машғулотларга киришди. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор.

Гап шундаки, жамоанинг тожикистонлик бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев ва унинг ёрдамчиси юртимизда карантин эълон қилингач, Москвага жўнаб кетишганди. Шу боис ҳозирда жамоа машғулотлари ёрдамчи мураббий Мирислом Ҳасанов бошчилигида ўтказилмоқда. Муҳаммадиевнинг қачон қайтиши эса ҳозирча сўроқ остида турибди.

Бунинг устига жамоа легионерлари ҳам уйларига жўнаб кетишганди. Шу сабабли уларнинг ҳам қачон қайтиши ҳали номаълум. Мазкур вазият бўйича “Бухоро” клуби раҳбарияти билан боғланганимизда мураббийлар ва легионерларни қайтариш учун зарур ишлар олиб борилаётганлигини маълум қилди. Шунга қарамай, бош мураббий билан доимий алоқада бўлиб туришибди. Қолаверса, машғулотлар ҳам Муҳсин Муслимович билан маслаҳатлашган ҳолда олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Бухоро” 4-тур доирасида ўз майдонида Виктор Кумиков бошчилигидаги “Андижон” клубини қабул қилади. Аслида эса ушбу учрашув Муҳаммадиевнинг кейинги тақдирини белгилаб бериши маълум. Боиси, бунгача бой берилган учта ўйиндан кейин бош мураббийга яна бир имконият ҳавола қилинганлиги ойдинлашганди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
31/05/2020 19:22
Мухсини утган йили хайдаш керак эди