Бугун Coca-Cola Суперлиганинг 9-туридан ўрин олган “Бухоро” ва “Бунёдкор” ўртасидаги қолдирилган учрашув бўлиб ўтди. “Пахтакор” стадионида кечган баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Тажрибалироқ ҳисобланган “Бунёдкор”нинг ушбу қарама-қаршиликда ғалаба қозониш имконияти юқорироқ баҳоланаётганди ҳамда воқеалар ривожи ҳам шунга қараб кетаётганди.

Биринчи бўлимдан кейин “Бунёдкор” ҳисобда олдинда бораётганди. Бироқ иккинчи бўлимнинг 79-дақиқасида “Бухоро” сардори Жасур Ҳасанов пенальтидан гол уриб ҳисобни тенглаштирган ҳолда “Бунёдкор”нинг ғалаба қозонишига йўл қўймади. Учрашувдан сўнг ушбу ўйинчи билан суҳбатда бўлдик.

-  “Бунёдкор”га қарши ўйин “Бухоро” учун оғир бўлганини кўрдик. Ўзингиз бу борада қандай фикрдасиз?

-  Тўғри айтасиз, чиндан ҳам қийин ўйин бўлди. Бу ҳам етмаганидек, жамоамизда жароҳат олган ва бетоб ўйинчиларимиз бор эди. Айниқса, пандемиядан кейин яна футбол ўйнаш осон эмасди. Барибир ҳаракат қилдик. Ўйлашимча, дуранг ёмон натижа эмас. “Бунёдкор”нинг яхши жамоа эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

-  Бугунги дурангни “Бухоро” учун ғалабага тенглаштирсак бўладими?

-  Ҳа, бўлади. Барибир “Бунёдкор” ҳам пас орқали ўйнайдиган, яхши мураббийга эга жамоадир. Бундай рақибга қарши бир очкони қўлга киритиш чакки эмас.

-  Ўйин охирларига яқин пенальтидан гол уриб жамоангизни мағлубиятдан қутқариб қолдингиз. Ўша вазиятда хавотирингиз йўқмиди?

-  Пенальти – бу лотерея. Зарба беришдан олдин ўзимга тўлиқ ишонгандим. Шунга яраша гол урдим, ҳаммаси яхши.

хасанов3

-  Биринчи давранинг сўнгги ўйинлари марказлашган ҳолда Тошкентда ўтади. Бу ҳолат “Бухоро” учун плюсми ёки минусми?

-  Биз учун плюс дея оламан. Ахир шундоқ ҳам жамоамизнинг майдони йўқ-ку. Бухородаги стадионимиз таъмирланяпти. Шу сабабли бунгача “Машъал”нинг майдонида ўйнаб келаётгандик. Ўйинларни Тошкентда ўтказишимиз эса “Бухоро” учун яхши деб ҳисоблайман. Барибир барча учрашувларимизда сафарда ўйнагандек бўляпмиз. Қолган тўртта беллашувда очколарни қўлга киритишимиз муҳим. Кўриб турибсиз, жамоамизда раҳбарият ва мураббийлар алмашган. Аста-секин ишларимиз яхши кетмоқда.

-  Қизиғи, кейинги учрашувда “Қизилқум” билан куч синашасизлар. Иккала клуб ҳам ҳали ғалаба нималигини билмай келмоқда...

-  Жуда қизиқарли ўйин бўлади. Иккала жамоа турнир жадвалида ёнма-ён кетяпти. Биз ушбу баҳсга жиддий тайёргарлик кўрамиз.

-  Бош мураббий этиб тайинланган Жамшид Саидовнинг жамоада амалга ошираётган ўзгаришлари сезиляптими?

-  Биласиз-ку, ҳамма мураббийнинг иш услуби ҳар хил. Бундан олдин ишлаган Муҳсин Муҳаммадиевнинг футболга қарашлари бошқача бўлса, Жамшид Саидовнинг ҳам ўз услуби бор. Унга Александр Хомяков яқиндан ёрдам беряпти. Иккаласи маслаҳатлашиб, жамоани яхшилашга уринишяпти. Ҳарқалай “Бухоро”да яхши ўзгаришлар бор. Кейинги ўйинда биринчи ғалабани қўлга киритишимиз шарт.

хасанов2

-  Мухлислар ҳам жамоадан хавотирдалар. Ахир ғалабасиз серия уларни ҳам ранжитиб келяпти. “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қола оласизларми?

-  Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Жамоада барча бир оила сингари ҳаракат қиладиган бўлса, мақсадимизга эришамиз. Буни барча тушуниб турибди. Олдимизда турган тўртта беллашув “Бухоро” учун жуда муҳим. Битта ютиб олсак, кейин ишларимиз янада юришиб кетади. Фақат бизда муаммолар кўпайиб кетди. Карантин сабабли легионерларимиз кела олишмади. Бошқа футболчиларимизда жароҳатлар кўпайиб кетганди. Аста-секин ёшларга имконият бериляпти. “Бунёдкор”га қарши ҳам илк бор ўйнаган ёшлар бор. Шунга қарамай, ўйин ёмон эмас.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)