12 январь куни Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клубида ёшлар ва аёллар жамоаларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Хабарингиз бор, Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги ёш “қалдирғочлар” 2017 йилги Ўзбекистон чемпионати ёшлар биринчилиги баҳсларини аъло даражада ўтказишиб, якунда ғолибликни қўлга киритишганди. Шунингдек, “Бунёдкор” аёллар жамоаси ҳам ортда қолган мавсумни совриндовлар қаторида якунладилар. Элмира Ғуломова бошчилигидаги аёллар чемпионат-2017 якунига кўра, бронза медалларига эга чиқишганди.

“Бунёдкор” стадионида ушбу икки жамоани тақдирлаш маросимида Ўзбекистон футбол федерацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаев ва “Бунёдкор” футбол клуби бош директори Муроджон Алиев иштирок этди.

- 2017 йилда ёшлар жамоамиз бизни жуда хурсанд қилди. Улар мавсумни яхши савияда ўтказишиб, қатор ғалабаларга эришишди ва якунда ёшлар биринчилиги ғолиблигини қўлга киритишди. Келажагимизни – ёшлар билан қурамиз. Чунки жамоанинг эртаси айнан Сизларнинг қўлингизда. Шунингдек, аёллар жамоамиз ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан улар илк совринларини қўлга киритишди. Бу жамоамиз йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ўйлайманки, 2018 йил якунида улар янада юқорироқ марраларни забт этишади, - деди Муроджон Алиев.

Шундан сўнг, “Бунёдкор” ёшлар жамоасига кичик олтин, аёллар жамоасига бронза медаллари билан тақдирландилар. Шунингдек, яқиндаги “Бунёдкор” футбол мактабига қабул қилинган янгийўллик Комилжон Исмоиловга ҳам тантанали равишда жамоа либоси топширилди.

Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда “Маҳалла Ҳайрия жамғармаси” ўртасида ўзаро меморандум имзоланган эди. Ушбу меморандум ижросини таъминлаш мақсадида, “Бунёдкор” футбол клуби ҳам ўзига яқин бўлган “Навбаҳор” маҳалласи аҳолиси билан яқин муносабатларни ўрнатди. Тадбирга “Навбаҳор” маҳалласи фаоллари таклиф этилиб, ўзига хос суҳбат қурилди. Кўпни кўрган, тажрибаси катта нуроний отахонларнинг маслаҳат ва фикрлари тингланди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98