«Бунёдкор» - «Динамо»: Самарқандликлар 5 йил олдинги натижани такрорлай олишадими?

Суперлига иккинчи давраси доирасидаги 14-турда Самарқанднинг “Динамо” жамоаси Тошкентда “Бунёдкор” клуби меҳмони бўлади. Ушбу ўйин олдидан "Динамо" клуби матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Ким қаерда тайёргарлик кўрди?

“Динамо” жамоаси давралар оралиғидаги тайёргарликни Чимён тоғли ҳудуди ва Тошкентда ўтказди. 12 июлдан 19 июлгача жамоа Чимёнда, 20 июлдан эса пойтахтда йиғинга киришди. Тошкентда 3 та назорат баҳслари ўтказилди ва 2 ғалаба ва бир мағлубият қайд этилди.

“Бунёдкор” жамоаси хорижда йиғин ташкил этди. Белорусь пойтахти Минск шаҳрида 10 кунлик йиғинда бир қатор назорат учрашувлари ўтказиш билан бирга янги футболчилар синовдан ўтказилди.

Ким қандай ҳолатда?

“Динамо” жамоаси иккинчи давра олдидан 13 ўйиндан кейин 18 очко жамғариб, 7-ўринни банд этган. Самарқанд клуби Суперлига доирасидаги сўнгги учта сафар учрашувида мағлубият нималини билмай келмоқда – 3 дуранг.

Вадим Абрамов бошчилигидаги “Бунёдкор” клуби эса Суперлигада ўтган 13 ўйинда 21 очко жамғариб, 5-ўриндан жой олган. “Қалдирғочлар” сўнгги учта уй учрашувида мағлубият нималигини билмай келмоқда – 2 ғалаба ва 1 дуранг.

Ўзаро ўйинлар: 21-тўқнашув

Oлий Лига тарихида «Бунёдкор» ва «Динамо» клублари ўзаро бугунгача 21 марта тўқнаш келишган. Тошкентдаги ўйин 22-тўқнашув сифатида тарихда қолади. Ўзаро учрашувлар тарихи статистикаси «Бунёдкор» устунлигини кўрсатмоқда. “Бунёдкор” 17 та ўйинда ғолиб бўлган, 3 та ўйин дуранг ҳисобида якунланган. “Динамо” ушбу рақибни ҳозиргача бир марта мағлуб этган – 2014 йилда Тошкентда Азамат Бобожоновнинг 90+4-дақиқада киритган голи эвазига. Кўрамиз, “Динамо” 5 йил аввалги натижани бу сафар такрорлай олармикан...

Тўплар нисбатида ҳам устунлик “Бунёдкор” томонида - 40:10. Ўзаро ўйинларда “Динамо” 6, “Бунёдкор” эса 54 очкони қўлга киритган.

“Бунёдкор”нинг ўзаро ўйинларда қозонган энг йирик ғалабаси – 4:0га тенг. “Динамо”нинг ягона ғалабаси – 1:0.

Тошкент бўлиб ўтган ўзаро сўнгги олти учрашув:

20/04/17. Бунёдкор – Динамо – 1:1

23/05/15. Бунёдкор – Динамо – 1:0

23/08/14. Бунёдкор – Динамо – 0:1

05/10/13. Бунёдкор – Динамо – 4:1

03/09/12. Бунёдкор – Динамо – 2:1

Эски танишлар...

Бугунги кунда «Динамо»га қайтган Баҳодир Насимов ўз вақтида “Бунёдкор” сафида тўп сурган. “Қалдирғочлар” таркибида ҳам собиқ “динамочилар” бор. Хусусан, самарқандлик ҳимоячи Анвар Ғофуров бир неча мавсумдан буён “Бунёдкор”да тўп сураётган бўлса, Жавоҳир Қаҳрамонов 2017 йилда айнан “Динамо”даги ўйинлари билан мухлисларга танилган, яна бир Суҳроб Иззатов эса ўтган йили Про-Лигада “Динамо”нинг асосий футболчиларидан бирига айланганди.