Ўзбекистон Кубоги ярим финалида кетма-кет икки йил мағлуб этилган "Бунёдкор" Суперлиганинг навбатдаги турида яна олмалиқликларга рақиблик қилади. 

АГМК матбуот хизмати ушбу беллашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Бўлажак ўйин ушбу жамоаларнинг ўзаро умумий ҳисобдаги 31-учрашувига айланади. АГМК ва "Бунёдкор" қарама-қаршилиги тарихига назар соладиган бўлсак, ўтказилган ўйинларда 5 маротаба АГМК ғалабани тантана қилган, 6 бор дуранг қайд этилган ва 19 марта "Бунёдкор" ғалаба қозонган. Тўплар нисбати ҳам "қалдирғочлар" фойдасида: 61-31.

Жорий мавсум ҳисобидан мазкур ўйин ушбу жамоаларнинг тўртинчи беллашувига айланади. Қизиғи, "Бунёдкор" ва АГМК жорий мавсумда учта фронтда ҳам ўзаро тўқнаш келди. Дастлаб чемпионат доирасида ўтган Олмалиқдаги баҳсда собиқ футболчимиз Лутфулло Тўраевнинг голи "Бунёдкор"га ғалаба келтирган бўлса, Лига кубоги ва Ўзбекистон кубогида АГМК "қалдирғочлар"ни доғда қолдиришни уддалади.

Айни пайтда Суперлига турнир жадвалида "Бунёдкор" 35 очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди. АГМК ҳисобида эса 22 очко мавжуд ва олмалиқликлар 10-поғонада.

Суперлиганинг 22-тури доирасидаги "Бунёдкор" - АГМК ўртасидаги ўйин Тошкентдаги "Бунёдкор" ўйингоҳида 18 октябрь куни соат 17:30да бошланади. Бир кун аввал, яъни 17 октябрь куни соат 17:00да "Бунёдкор" академияси майдонида эса Ёшлар биринчилиги доирасида "Бунёдкор" ва АГМК ёшлари (U-21) ўзаро баҳс олиб боришади.

Суперлига, 22-тур

18 октябрь

“Бунёдкор” – АГМК