Бундеслига якунлари. Рестартни биринчи бошлаган биринчи тугатди. ЕЧЛ, ЕЛга йўлланмалар ва чемпионатни тарк этган жамоалар

Кучли бешликка кирувчи яна бир чемпионат якунланди. Аввалроқ коронавирус пандемияси сабаб Франция ички биринчиликни келган жойидан тўхтатганди. Бошқалар эса бироз танаффусдан сўнг давом этишди.

27 июнь куни Германияда охирги – 34-тур ўйинлари билан Бундеслиганинг бу мавсуми якунланди. Ғолиб, совриндорлар, еврокубокларга йўл олганлар ва чемпионатни тарк этган жамоаларнинг номи аниқланди.

Пандемия туфайли биринчи рестарт олган Бундеслига иштирокчилари сони бошқаларга нисбатан камроқ эканлиги боис ўтган ойнинг охирида тугади.

Чемпион

“Бавария” кетма-кет саккизинчи марта чемпионликка эришди. Хатто мавсум давом этаётганда мураббийнинг алмашиши мюнхенликларнинг мақсадга эришишига тўсқинлик қилмади. Улар 82 очко, 100 гол билан энг яқин таъқибчиси, иккинчи ўриндаги “Боруссия Д”ни 13 очко фарқ билан ортда қолдирди.

27f46d

Европа чемпионлар лигасида ким ўйнайди?

Германиядан тўртта жамоа ЕЧЛда тўғридан тўғри гуруҳ босқичида қатнашади: “Бавария”, “Боруссия Д”, “Лейпциг”, ва “Боруссия М”.

Европа Лигасидачи?

Бундеслигада 5-поғонани эгаллаган “Байер” ЕЛга йўл олди. “Хоффенхайм” ҳам гуруҳ босқичида иштирок этади. Бундан ташқари, “Вольфсбург” қитъанинг иккинчи даражали мусобақаси учун курашди ва халқаро мусобақада Бундеслига номидан қатнашадиган охирги жамоага айланди. “Бўрилар” ушбу турнирнинг гуруҳ босқичидан эмас, балки 3-саралашидан баҳсларга киришади.

Қуйи лигага кимлар равона бўлди?

Умидсиз “Падерборн” (18-ўрин, 20 очко) ва “Фортуна Д” (17-ўрин, 30 очко) Бундеслигани тарк этди. “Фортуна Д” охирги турда “Кёльн”ни 6:1 ҳисобида мағлуб этган “Вердер”дан атиги бир очко кам жамғарган. Аммо дюссельдорфликларда ҳали имконият бор. Улар ўтиш ўйинида иштирок этади.

Энди “Вердер” иккинчи Бундеслиганинг учинчи жамоаси “Хайденхайм” билан ўзаро баҳс юритади.

“Арминия Б” ва “Штутгарт” иккинчи Бундеслигадан юқори лигага кўтарилди.

Ким энг яхши тўпурар?

Роберт Левандовски – кетма-кет учинчи марта Бундеслиганинг энг яхши тўпурарига айланди. Польшалик ҳужумчи бу мавсум 31 ўйинда рақиблари дарвозасини 34 марта ишғол қилди. Левандовски ҳар бир ўйинда ўртача биттадан кўп гол урди (1.1 ўртача кўрсаткич).

“Олтин бутса”ни ютиш учун Роберт ажойиб имкониятга эга. Унинг 34 голи 68 очкога тенг. “Лацио”дан Чиро Иммобиле ҳозир 58 очко (29 гол), “Барселона”дан Лионель Месси 44 очко (22 гол) тўплаган. Ҳа, Италия ва Испания чемпионатлари ҳали якунланмаган. Аммо Левандовскининг натижасини яхшилаш ёки унга етиб олиш бироз қийинроқ.

lewandowski

Бундеслига тўпурарлиги бўйича иккинчи ўрин Тимо Вернерга насиб этди. У 34 ўйинда 28 бор тўпни тўрга йўллади. Энди у “Челси” шарафини ҳимоя қилади. Учинчи поғонадан Жейдон Санчо ўрин олди. Истеъдодли футболчи 32 учрашувда 17 гол урди.

Мавсумнинг энг яхши ассистенти Томас Мюллер. Германиялик ярим ҳимоячи 33 учрашувда 21 бор шерикларининг гол уришига имконият яратган. Жейдон Санчо 16, Кристофер Нкунку ҳамда Торган Азар 13 ассист билан кейинги поғоналарни банд этди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Даврон Курбанов
10/07/2020 20:42
Germaniya chempionatida gol urush nisbatan Italayaga qaraganda oson