Бугун “Спартак” ўйнайди. Ўрунов-чи?

Россия премьер-лигасининг биринчи туридан ўрин олган учта учрашув ўтказилади. Улардан бирида ўзбек легионери Остон Ўрунов янги кўчиб ўтган “Спартак” ўз майдонида “Сочи”ни қабул қилади.

Айтиш жоизки, қатор катта трансферларни амалга оширган “Спартак” жорий мавсумда “Зенит” гегемонлигига чек қўйиб, чемпионлик учун курашишга бел боғлаган. Москваликлар аввалги мавқеини тиклаб, яна Европа Чемпионлар лигасида мунтазам қатнашадиган жамоага айланмоқчи.

Ўтган йили премьер-лига дебютанти сифатида ўйнаган “Сочи” бу йилдан Европа майдонларидаги мусобақалар йўлланмаси учун курашишни мақсад қилган.

Ҳар икки клубнинг ўтган мавсумдаги учрашувларида 1:0 ҳисоби қайд этилган ва жамоалар биттадан ғалабага эришган.

Бу галги баҳсда москваликларнинг имконияти юқори баҳоланмоқда. Биз эса Остон Ўруновнинг майдонга туширилишини ва ўз ўйинлари билан москвалик футбол мухлисларининг ҳам қалбидан жой олишини кутиб қоламиз.  

Учрашув Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)