Бугун

Россия Премьер-Лигасининг 13-турида "Зенит" "Ростов"ни қабул қилади. "Санкт-Питербург" стадионида бўлиб ўтадиган баҳс Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.

"Зенит"нинг қайд этаётган натижалари

"Зенит" мавсумни "Спартак" устидан қозонилган ғалаба билан бошлаганди. Беллашувда Жирков томонидан киритилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал этган.

Терма жамоалар ўйинлари пайтида "Зенит" иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Дастлаб, "Сочи" клуби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, кейин Туланинг "Арсенал" жамоаси устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди.

Бундан ташқари, питерликлар Чемпионлар Лигаси доирасида "Лион"га қарши меҳмондаги учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб келишди.

Сафардан қайтишлари билан "Рубин" устидан йирик 5:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди. Россия кубогининг 1/16 босқичида "Енисей" (2:1) жамоасини мағлубиятга учратишди. РПЛнинг навбатдаги турида "Локомотив"га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган бўлишса, ЧЛ доирасида "Бенфика"ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритишди.

Сўнгги турда "Зенит" "Урал"ни мағлуб этди. 12 турдан сўнг, 26 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Тўплар-нисбати 21:6, Артём Дзюба ҳисобида 5 та гол бор.

"Ростов"нинг қайд этаётган натижалари

"Ростов" мавсумни уй ўйини бошлади. "Ахмат"ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. Кейин, меҳмонда "Тамбов" жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Россия Кубогининг 1/16 финал босқичида "Мордовия"ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Ростовликлар сўнгги турларда Москванинг "Динамо" (3:0) ва ЦСКА (3:1) клубларини доғда қолдирди.

РПЛнинг 12 туридан сўнг, "Ростов" 26 очко билан турнир жадвалининг 2-поғонасидан жой эгаллаб туришибди. Тўплар-нисбати 23:15, Элдор Шомуродов ҳисобида 10 та гол бор.

Ўзаро ўйинлар тарихи

Ўтган мавсумда "Зенит" ўз уйида "Ростов"ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, "Ростов Арена"да бўлиб ўтган жавоб ўйинида мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучишган. Питерда "Ростов" сўнгги бор, 2014 йили 2:0 ҳисобида ғалабага эришган. Айнан "Зенит" уйидаги сўнгги 10 та учрашувнинг 8 тасида мезбонларни қўли баланд келган бўлса, яна 1 та дуранг натижа қайд этилган ва 1 маротаба "Ростов" ғалабани ўз томонига оғдирган.

Валерий Карпин шогирдлари жорий мавсумда чиройли ва мазмунлий футбол намойиш этишмоқда. Учрашувнинг сўнгги дақиқасигача ҳар бир тўп учун курашишмоқда.