Бойматов кетди, туркманистонлик легионер масаласи очиқ...

Чемпионатимизда трансфер ойнаси очилишига ҳам саноқли кунлар қолди. Клублар эса аллақачон селекция ишларини бошлаб юборган. Бу йил Coca-Cola Суперлигада дебют мавсумини ўтказаётган Муборакнинг “Машъал” клуби ҳам тузиб қўйилган режаларига мувофиқ иш олиб бормоқда. “Машъал” бош директори Илҳом Қурбонов билан  жамоа режалари, легионерлар масаласи ва келди-кетдилар ҳақида гаплашдик.

-  “Машъал” трансфер ойнасидан қандай фойдаланмоқчи? Бу борада клубнинг режалари нималардан иборат?

-  Доимгидек ёшларга эътибор қаратамиз. Про-лигада ижарада ўйнаётган футболчиларимиз бор. Уларни чақириб имконият берамиз. Ўзларини кўрсатган йигитларни асосий таркибга жалб қилмоқчимиз.

-  “Машъал”да тўп сураётган легионерлар ҳақида нима дея оласиз? Улар билан ҳамкорлик давом эттириладими? Ёки яна бошқа хорижлик ўйинчилар олиб келинадими?

-  Йўқ, бошқа олмаймиз. Сафимизда шундоқ ҳам тўрт нафар легионер бор-ку. Агар қайсидир клуб бирорта ўйинчимизни сотиб оламан деса, гаплашиб кўришимиз мумкин. 10 августдан трансфер ойнаси очилишини ҳисобга олсак, балки кейинчалик ўйинчиларимизга таклиф билан чиқишса ва бу биз учун қизиқарли бўлиб кўринса, албатта гаплашамиз. Тўғриси, футболчиларни сотиш орқали ҳам маркетинг бўйича ишларимизни яхшилаб олиш ниятимиз йўқ эмас. Биз ёшларга урғу берамиз ва асосий таркибимиздан қайсидир футболчимизга таклиф келиб тушса, буни кўриб чиқишга тайёрмиз.

легионерлар

-  Хорижлик ўйинчилар “Машъал”га қанчалик ёрдам беришяпти?

-  Ўтган вақт давомида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишди. Дейлик, битта легионеримиз 50-60 фоиз ўйин амалиётига эга бўлган бўлса, иккитаси 70-80 фоизгача ўйнади. Тўрт нафар легионердан учтаси ўзини 50х50 оқлаяпти, деб айтишим мумкин.

-  Мавсум бошида туркманистонлик Дурдиев билан ҳам шартнома тузилганди. Аммо уни “Машъал”да ўрнини топди, деб бўлмайди. У ҳали ҳам клуб билан биргами?

-  У ҳозирча учта ўйинда майдонга тушди, шундан биттасида асосий таркибда, иккитасида эса захирадан ўйинга қўшилди. Дурдиев ҳали ўзини 100 фоизга кўрсата олгани йўқ. Айнан шу томонлама ушбу трансферга қўл урганимиз одамни бироз хижолатга қўймоқда. Ҳолбуки, жамоамиздаги украиналик, камерунлик ва нигериялик легионерлар ўзларини кўрсата олишяпти. Дурдиевни Туркманистон терма жамоасида ўйнаганлиги ва биз ҳужум чизиғини кучайтиришга муҳтож бўлганимиз учун олгандик. Аммо, ҳозирча бу футболчи ҳақида юқори фикр билдиришга ожизман.

-  Трансфер ойнаси очилган вақтда у билан хайрлашиш режаси борми?

-  Бу ҳақида ўзи билан гаплашамиз. Лекин унга ҳали тўлиқ имконият ҳам берганимиз йўқ. Битта ўйин билан хулоса қилиб ҳам бўлмайди. Яқин орада ўртоқлик учрашувларини ўтказамиз ва ўша беллашувларда Дурдиевга имконият берилади.

қурбонов

-  Айнан қайси жамоалар билан ўйинлар режалаштирилган?

-  8 август куни “Қизилқум” билан ўйнаймиз. 12 августда “Шўртан”га қарши майдонга тушамиз.

-  “Машъал” янги футболчиларни ҳам кўз остига олиб қўйганми?

-  Юқорида айтганимдек, ижарада юрган футболчиларимизни чақириб, уларни яна синаб кўрмоқчимиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

бойматов3

-  Клуб томонидан жавоб бериб юборилган ўйинчилар ҳам борми?

-  Элдор Бойматов кетди. Битта учрашувда захирадан майдонга тушган. Машғулотларда унинг ўйини бизга тактик томондан тўғри келмади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)