Бойликдан бойликкача! Ёхуд бадавлат оиладан чиққан футбол юлдузларини биласизми?

Одатда, кам таъминланган оилалардан етишиб чиққан футболчилар яхшироқ ўйнайди ва кўп нарсага эришади, деб ҳисоблаб келинади. Аммо қуйидаги кичик материал кўпчиликнинг фикрини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Гап шундаки, бой оилалардан чиққан бир қанча жаҳон юлдузлари бор.

#5 Жерар Пике

Бунга ишониш қийин, бироқ «Барселона» клубининг бутун тарихидаги энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлган Жерар Пике умуман футбол ўйнамаслиги ҳам мумкин эди. Жерарнинг оиласи ўзига анча тўқ. Унинг отаси Барселонада таниқли адвокат. Онаси эса тиббий клиника хўжайини. Аммо Пикенинг тақдирида ҳал қилувчи ролни унинг бобоси ўйнаган. Жерар кичкина бола пайтида унинг бобоси – Амадор Бернабеу «Барселона» клуби вице-президенти лавозимини эгаллаган. Айнан шу инсон набирасини футбол билан шуғулланишга мажбур қилган.

пике

#4 Диего Форлан

Ҳаммасини, аввало Форланлар футболчилар оиласи эканлигидан бошлаш тўғри бўлади. Уругвайлик ҳужумчининг бобоси ва отаси ҳам профессионал футболчи бўлган ҳамда турли даврларда Америка Кубогини қўлга киритган. Футбол орқали ишлаб топган пулларини Форланлар оиласи бизнесга йўналтирган ва Диегога ҳаётда қандай иш билан шуғулланиш борасида қарор қабул қилиши керак бўлган пайтда, пул масаласи охирги ўринда турган. Шунга қарамай, Диего ота-боболари сингари футбол йўлини танлади ва адашмади. 2010 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси ва тўпурари унвони бунинг исботидир.

форлан

#3 Андреа Пирло

Италиялик футболчининг отаси – пўлат қуйиш компаниясининг хўжайини ва Андреанинг ушбу компанияда ўз улуши бор. Интервьюлардан бирида Андреа дивидендлар умрининг охиригача ишламасдан ҳам бемалол яшашига етишини айтган. Бироқ футболга бўлган муҳаббат ўз сўзини айтди ва завод хўжайинининг ўғли амалда жаҳон чемпиони бўлди.

пирло

#2 Рикарду Кака

Одатда, бразилиялик футболчилар учун футбол кам-кўстсиз ҳаёт таъминлаб олиш учун ягона соҳа саналади. Аммо фақат Рикарду Кака ҳолатида эмас. Футболчининг отаси анча машҳур ва ҳурматга лойиқ инженер. Онаси эса ўқитувчи. Айнан Каканинг онаси ўғлининг тарбиясида астойдил тер тўккан. Якунда Какадан жаҳоннинг 2007 йилдаги энг яхши футболчиси даражасидаги спортчи етишиб чиқди.

кака

#1 Жанлука Виалли

Жанлука Виалли бутун футбол тарихи давомида энг бой оиладан чиққан футболчидир.  Виаллининг отаси Италияда 60 хонали хусусий қасрга эга эди. Умуман олганда, Жанлука  футбол машғулотларида терлаши шарт эмасди, балки умуман ишламаса ҳам бўларди.  Бироқ иштиёқ ва иқтидор ўзини кўрсатди. Якунда Виалли турли клублар билан 17 та соврин ва унвонга эга чиқди.

виалли

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)