Бокс бўйича икки карра Олимпиада чемпиони Наманган ҳокими кубогида қатнашганини ва қандай натижа қайд этганини биласизми?

 Хитойлик енгил вазн тоифасидаги ажойиб боксчи Цзоу Шимин ҳақида эшитганингиз бордир. У фаолияти мобайнида икки карра (2008-2012) Олимпиада чемпиони, бир марта (2004) бронза медалини қўлга киритган. Уч маротаба жаҳон чемпиони (2005, 2007, 2011), бир маротаба кумуш медаль соҳиби (2003) , икки карра Осиё чемпиони (2004, 2007), икки маротаба Осиё ўйинлари ғолиби (2006, 2010), бутунжаҳон универсиадаси чемпиони (2004) бўла олганди. Бир сўз билан айтганда бокс оламидаги энг совриндор атлетлардан бири ҳисобланади.

Унинг ушбу муваффақиятларининг дебочаси айнан Ўзбекистондан бошланганини, мазкур зафарларига қисман ўзбек мураббийининг ҳиссаси ҳам борлигини эса, кўпчилик билмаса керак.

Шунинг учун, бу борада маълумот беришни лозим топдик.

Маълумки, ўзбекистонлик бокс мутахассисларига ҳар доим хорижда талаб кучли бўлган. Бир қатор мураббийларимиз 2000 йиллар бошларида четда ўз фаолиятини олиб борганди. Жумладан, 2001-2005 йиллар бухоролик мураббий Мурод Эргашев Хитой мамлакатида ушбу юрт терма жамоасининг ёрдамчи мураббийи бўлиб ишлаган эди. Мазкур мутахассис ўз вақтида 67 кг вазн тоифасининг (ўша вақтлар 48, 51, 54, 57, 60, 63,5, 67, 71, 75, 81, 91 ва +91 кг вазн тоифалари мавжуд эди) мамлакатимиздаги том маънодаги “қироли” бўлган Наримон Отаевнинг мураббийи эканлигини бокс мухлислари яхши билади.

Хитой терма жамоасида Шимин билан ҳам ишлаган юртдошимиз, уни 2003 йил Ўзбекистонга, жумладан, Наманганда ташкил этилган, вилоят ҳокими кубогига  олиб келади. 48 кг вазн тоифасида иштирок этган Цзоу турнир мобайнида барча рақибларини кетма-кет мағлуб этиб, финалда тошкентлик Музаффар Усмонов билан жанг олиб боради ва ишончли тарзда ғалабага эришади.

Хуллас, унинг муваффақиятли одими Ўзбекистондан бошланади ва ўша йили Бангкокдаги жаҳон чемпионатида финалга чиқиб, россиялик Сергей Казаковдан мағлубиятга учраб, кумуш медални қўлга киритади. Ундан сўнг эса, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, унинг том маънодаги юлдузли онлари бошланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)