Бобур Йўлдошев: Стадионда чироқ ўчиб қолганида ўйин эртага қолдирилса керак, деган хаёлга боргандик

АГМК клуби чемпионатнинг 22-тур доирасида Тошкентда «Бунёдкор» майдонида 0:2 ҳисобидаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Айниқса, биринчи бўлим охирида ҳимоячи Бобур Йўлдошевнинг киритган иккинчи голи олмалиқликларнинг ғалабаси учун муҳим қадам бўлди дейиш мумкин. Энди эса олдинда АГМКни Ўзбекистон Лига Кубоги ярим финали ва Ўзбекистон Кубогида финал баҳслари кутиб турибди. Шу боис «Бунёдкор»га қарши баҳсда ғалаба учун муносиб ҳиссасини қўша олган Бобур Йўлдошев билан суҳбатда бўлдик.

- «Бунёдкор» ҳамда АГМК ўртасида қандай натижа қайд этилишига кўпчилик қизиқаётганди ва ушбу баҳсда жамоангиз 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аввало ўйин тўғрисидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Машғулотда ўз устимизда ишлаганимиз ва мураббийларимизнинг берган тўғри кўрсатмаларини бажарганимиз эвазига ютдик деб ўйлайман. Чемпионатимизда юзага келган танаффус пайтида шуғулландик ва бир марта Тошкентнинг «Рубин» жамоаси билан ўйнадик. Биз «Бунёдкор»га қарши яхши тайёрлангандик ва учрашув давомида ҳам сабр билан ўйнадик. Таймнинг ўрталарида гол урдик ва танаффусга чиқиб кетиш олдидан иккинчи голни уриб анча хотиржам бўлдик. Натижада иккинчи бўлимда ўзимизга керакли бўлган натижани қўлга киритдик.

- Биринчи бўлимнинг охирларида сизнинг киритган иккинчи голингиз жамоангизнинг ғалабасида муҳим роль ўйнади ва бу АГМКнинг руҳий устунлигини янада оширди. Ўша стандарт вазиятда гол уришингизни сезганмидингиз?

- Аслида ҳар бир ўйинчи рақибнинг жарима майдонига гол уриш учун боради. Ўша пайтда жарима майдони ичида гол уришимни сезгандим десам нотўғри бўлади. Стандарт вазиятларда кўпроқ биз ҳимоячилар борамиз. Шукурки, ўша пайтда бошим билан зарба бердим ва гол урдим. Бу эса бизга хотиржамлик бағишлади.

- Иккинчи бўлим ўрталарида кутилмаганда стадион ёритгичлари ўчиб қолди. Бу ҳол жамоа ўйинига таъсир кўрсатмадими?

- Ўйин суръатига таъсир қилади. Ўша пайтда ўйин роса қизиган палласига келганди. Чироқ ўчиб қолганидан кейин ёнишини анча пайтгача кутиб қолдик. Ҳаттоки, ўша пайтда ўйин эртага қолдирилса керак, деган ҳаёлга ҳам боргандик. Лекин маълум вақтдан сўнг стадион ёритгичлари ёнди ва ўйинни яна давом эттирдик.

- Вадим Абрамов «Бунёдкор»ни бошқаришдан ташқари миллий терма жамоамизнинг ҳам бош мураббийи саналади. Шу сабабли ўйин давомида унга ўзингизни кўрсатиш иштиёқи ҳам бормиди?

- Ҳамма футболчи ҳам терма жамоадан чақирув олишни хоҳлайди. Лекин ушбу учрашувда бизга кўпроқ натижа муҳимроқ эди. Шунинг учун бошқа нарсалар ҳақида ўйламадик. Агар мағлубиятга учраганимизда пастки ўриндаги жамоалар бизга яқинлашиб қолган бўлишарди. Шунинг учун «Бунёдкор»га қарши баҳсда бизни фақат ғалаба қониқтирарди. Энди миллий терма жамоа ҳақида келадиган бўлсак, албатта унинг мураббийлари бор, балки улар ўзларига керакли бўлган ўйинчиларни кузатишгандир.

- Олдинда АГМКни иккита муҳим ўйин кутиб турибди. Аввалига 22 октябрь куни Лига Кубоги ярим финалида «Динамо» билан ўйнайсизлар. 26 октябрда эса Ўзбекистон Кубоги финалида «Пахтакор»га қарши тўқнаш келасизлар…

- Ҳа, олдимизда масъулиятли ўйинлар турибди. Биз аввало Лига Кубоги ярим финалида ўйнаймиз. Шу боис бугундан ушбу ўйинга тайёргарлик кўриш мақсадида яна машғулотларга киришдик. Ҳар ҳолда ўз уйимизда мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз ва финалга чиқишга ҳаракат қиламиз.

- Шундан кейин Кубок финали бўлади. Ўтган йили ҳам ҳал қиулвчи баҳсда «Пахтакор» билан АГМК тўқнаш келганди. Ўшанда ҳамма «Пахтакор»нинг ғалабасини кутаётган бир пайтда АГМК сенсация кўрсатиб Кубокни қўлга киритганди. Бу сафар АГМК ўтган йилги ғалабани такрорлашга қодирми?

- Албатта, нега эндир қодир бўлмаслиги керак? Бизнинг ҳам ўзимизга яраша кучимиз ва жамоамиз номи бор. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, биз ўтган йили Кубок соҳибимиз. Табиийки, ўтган йилги титулни бу йил ҳам муносиб равишда ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Бу – футбол, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди. Кубок финалида ўйнашни ҳамма ўйинчи ҳам истайди. Майдонга чиққанда ҳамма максимал натижага эришишга ҳаракат қилади.

- Фараз қилайлик, олдингизда иккита йўл турибди: Лига Кубоги ёки Ўзбекистон Кубогини танлаш керак бўлганида, қайси бирини танлаган бўлардингиз?

- Иккаласини ҳам танлардим (кулади). Нимагаки, иккаласи ҳам Кубок. Лига Кубоги биринчи марта ўтказиляпти. Ушбу мусобақанинг биринчи соҳиби эса ўз-ўзидан тарихга киради. Бу эса АГМК ҳам бўлиши мумкин. Ўзбекистон Кубоги ғолиблигини қўлга киритиш эса Осиё Чемпионлар лигасига йўлланма беради. Шунинг учун иккаласида ҳам максимал натижага эришишга ҳаракат қиламиз.

- Қисқа муддат ичида иккита муҳим ўйинда қатнашиш осон эмас. Бунга жамоанинг кучи етармикин?

- Ўйлайманки, биз учун ҳаммаси яхши якун топади. Мураббийларимиз ҳам бу масала устида бош қотираётган бўлишса керак. Барчаси кўпроқ тикланишга боғлиқ. Ҳамма масъулиятнинг жиддийлинини билиб турибди. Бундан буёғига барча ўйинлар биз учун муҳим. Бунгача «Локомотив» билан икки марта Кубок қўлга киритганман ва унинг тафтини ҳис қилиб кўрганман. Энди насиб бўлса, АГМК билан ҳам яна бир бор Кубокни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.