Бобур Йўлдошев: Рақибга ҳеч қачон атайлаб жароҳат етказмайман, уларни холидан хабар олгани албатта бораман

“Қўқон-1912” – АГМК ўртасидаги ўйин натижасидан кўра, учрашувда юз берган воқеалар кўпроқ барчанинг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Мезбонларнинг икки нафар аъзоси – Шоҳназар Норбеков ҳамда Суҳроб Бердиевнинг оғир жароҳатлари ҳар қандай одамнинг кайфиятини бузадиган даражада эди. Футболда жароҳатлар бўлиб туради, аммо бу каби жиддий кўринишдагилари жуда ачинарли ҳолат. Чунки бу уларнинг соғлигига хавф солиши мумкин.

Қизиғи, Норбеков ҳамда Бердиев жароҳат олган вазиятларда АГМКнинг бир футболчиси – Бобур Йўлдошев тўқнаш келди. Одатда, бундай оғир жароҳатлардан сўнг бош ҳакам рақиб ўйинчисини майдондан четлатиши табиий. Лекин Қўқондаги баҳсда бундай бўлмади.

Балки бу бахтсиз тасодифдир, чунки жабр кўрган футболчилар ҳам ноқулай йиқилишган бўлиши мумкин. Барибир иккала тўқнашувда ҳам Йўлдошевнинг борлиги турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши табиий.

Яна бир гап: марҳум футболчи – Сирожиддин Сайфиев ҳам бир неча йил муқаддам “Локомотив” – “Динамо” баҳсида оёғини синдириб олганди. Ўша вазиятда ҳам Бобур Йўлдошев билан тўп учун курашганидан кейин шу иш содир бўлганди.

Кўриб турганингиздек, футболчиларнинг оғир жароҳатга йўлиқишидаги вазиятларда Бобур ўзи истмаган ҳолда иштирок этиб қолмоқда. Шу сабабли футболчи sports.uz сайти мухбирига бўлиб ўтган воқеалар хусусида ўз муносабатини билдирди.

- Футбол ўз йўлига, биринчи ўринда соғлик. Дастлаб Норбеков билан юз берган вазиятга тўхталадиган бўлсам, телевидение орқали кўпчилик кўрди, ўша ҳолатда мен биринчи бўлиб тўпга ўйнаганман. Аммо футбол – бу “контакт”ларга бой ўйин. Нима бўлишини олдиндан билмайсиз. Мени яхши танийдиганлар билишадики, ҳеч қачон рақибга атайлаб жароҳат етказмаганман ва етказмайман ҳам. Ўша видеони ҳамма кўрсин, мен атайлаб жароҳат етказмайман. Чунки ўзим ҳам футболчиман ва буни жуда яхши тушунаман. Айниқса, жароҳат олгач, футболчи қандай ҳолатга тушишини биламан. Тўғриси, биринчи вазиятда нима бўлганини тушунмадим ҳам. Тўпга ўйнаганимда, рақиб ўйинчиси менга келиб урилди ва менинг ҳам бошим шишиб қолибди. Эрталаб турсам, ғурра бўлиб қолган. Албатта, ўша рақиб ўйинчисидан ҳол-аҳвол сўрадим, ўша пайтда эса ҳеч нимани билмадим. Иккинчи вазиятда ҳам нима бўлганини тушунмай қолдим. Тўпни оёғимнинг ён қисми билан тепганман. Бу видеода ҳам кўриниб турибди. Агар кимгадир атайин жароҳат етказмоқчи бўлса, футболчи оёғининг таг қисми билан зарба беради. Мен ундай қилганим йўқ. Ўша вазиятни кейин видеода кўриб чиққанимда ўзимга ҳам жуда ёқимсиз бўлди. Бердиевнинг оёғи газонга илашиб қолганми билмадим, лекин оёғи қайрилиб кетди. Агар оёқ ҳавода бўлса ва бундай пайтда зарбани қабул қилиб олса, оёқ ҳеч қачон синмайди. У оёғининг ташқи қисми билан тўпга қараб интилган, мен эса тўпни тепганман. Балки ўша пайтда тўпга зарба берганимда бироз унинг оёғига ҳам теккандир. Боя айтганимдек, рақибнинг бутсиси газонга илашиб қолган ва ўзининг оғирлиги билан йиқилган. Ўша вазиятда қарадим, жуда оғриқли эди, билиб турибман Суҳроб Бердиевга қийин.

йулдошев2

Мен яна қайтараман: ҳеч қачон рақибга жароҳат етказиш учун атайлаб ҳаракат қилмайман. Ўйиндан кейин ҳам унинг ёнига бордим, узр сўрадим. Лекин атайин бўлмаганини тушунтирдим. Барибир бу ноқулай эди. Ҳамма одам вазиятни охиригача кўрмасдан туриб тўғри баҳоламайди. Шунчаки, холисона кўриш керак. Майдонда бунақа жанг бўлгани билан ҳаётда бир-биримиз билан сен-менга бормаймиз. Чунки нима бўлса ҳаммаси майдонни ўзида қолиб кетади. Ҳозир уйдаман, эртага Тошкентга бораман. Агар шифохонага ётган бўлса, албатта уни яна кўргани бораман, бу аниқ. Чунки бундай жароҳат ҳамма билан содир бўлиши мумкин.

Раҳматли Сирожиддин Сайфиевнинг оёғи синган пайтда ҳам тўп учун курашгандик. Агар ўша вазиятдаги видео бўлса кўришингиз мумкин, ўшанда тўпни олиб ўтиб кетганман. Сайфиев орқамдан келиб урилганди. Шифокорлар эса ҳар иккаламизга ҳам ёрдам кўрсатишган ва кейин унинг оёғи синибди дейишган. Ҳамманинг пешонасига ёзилгани бўлади, ҳеч ким нима бўлишини олдиндан билмайди. Масалан, ўйиндан олдин бугун нима бўлишини билмаймиз-ку. Мана, кечаги ўйинни кўрганлар бўлса, ўзлари гувоҳ бўлишдики, майдонда қаттиқ жанг кечди. Чунки бизга ҳам ғалаба керак эди. Ҳеч ким ютқазишни хоҳламайди. Клуб сизга шунча шароит яратяптими, биз ҳам қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак. Кеча инстаграмда биттаси бу иккинчиси, олдин Сайфиевни синдиргандинг, бу сафар Бердиевни, дебди. Лекин мен асло бирор-бир футболчининг ортидан синдираман деб бормаганман ва бундай қилмайман ҳам. Бу ёмон нарса. Вазият атайлаб содир бўлгани йўқ. Кеча ўйиндан кейин ечиниш хонасига кирганимдан сўнг бироз ўзимга келиб олишим учун ўтирдим. Ахир ҳаммамиз инсонмиз, нималар бўлганини ўйлайсиз-ку, айниқса, кимгадир озор бериб қўйдиммикин, деган нарса ҳаёлингизга келади. Аммо шерикларим ёнимга келиб видеони кўрдик, сенда айб эмас экан, рақиб ўзи ноқулай йиқилибди дейишди.

Ушбу футболчилар билан боғлиқ вазият мен билан ҳам юз бериши мумкин эди. Чунки биз бир-биримизга қараб тўқнашиб кетдик. Ўша биринчи вазиятда кўрсангиз, тўпни қайтарганимда рақиб менга келиб урилди. Шифокорларимиз ёрдам кўрсатиш учун майдонга чиқишганида менга ўйнай оласанми, деб сўрашганида, ўйнайман дедим. Рақиб футболчисини эса шифохонага олиб кетишганини кейин билдим. Чунки мен ўзим билан ўзим овора бўлиб қолгандим. Иккинчи вазиятда эса ўйин тугаб қолганди. Бу жуда ёқимсиз ҳолат. Уни тез тиббий ёрдам машинасига олишаётганида ҳам ҳол-аҳвол сўраб, соғлик тиладим.

кукон_5

Бўлиб ўтган ишлар ўзимга ҳам ноқулай. Боя айтдим-ку, уларнинг ўрнида мен ҳам бўлишим мумкин эди. Бундай ҳолатларни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. Лекин биз нима қила оламиз? Бўладиган иш бўлди, ҳеч нимани орқага қайтариб бўлмайди. Агар орқага қайтаришни иложиси бўлганида, ўша вазиятга умуман аралашмаган бўлардим. Ютқазсак ҳам, рақиб футболчисининг оёғи синишини хоҳламасдим. Ҳамма ҳар хил фикрлайди. Кимдир бу вазият учун менга нимадир дейишлари мумкин. Бироқ виедони кўриб холисона баҳо беришсин.

Мағлубиятларга биринчи сабаб ўзимиз. “Насаф” билан учрашув ҳам қийин бўлишини билардик. Қўқонда ҳам бизни мураккаб ўйин кутаётганини тушуниб тургандик. Футболда озгина бўшашсангиз, кейин ўзингизга келишингиз қийин бўлиб қолади. Менимча, бироз хотиржамликка берилдик, шекилли. “Насаф” яхши ўйнади, Қўқондаги баҳсда эса мағлубиятга лойиқ эмасдик. Уларда битта вазият бўлди ва Мурод Холмуҳаммедов зарба берганида тўп дарвозага кириб кетди. Мезбонларга қараганда, бизда бир нечта имкониятлар бўлганди. Футбол шунақа ўйин, сиз гол урмасангиз, сизга уришади. Бундай учрашувда ўйин тақдирини битта гол ҳал қилишини билиб тургандик. Аммо бундан кейин яна ҳаракат қилишда давом этамиз. Қўлни туширмоқчи эмасмиз. Олдинда яна бешта тур бор. Менимча, 2- ва 3-ўринлар учун кураш охирида ҳал бўлади. Гапимнинг охирида яна бир Норбеков билан Бердиевга соғлиқ тилайман, Худодан уларнинг тезроқ соғайишини сўрайман, - деди Бобур Йўлдошев.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
28/10/2020 09:01
Бобир Йулдошев сенга рахмим келади сен мишки айибдор эмассан, 3 киши булади сабаб сенда кузинг бор Яна нечтаси нобит килмасдан сен йигиштир бу ишингни