Бизга зериктириб қўймайдиган ўйинлар керак! Суперлигамизнинг навбатдаги турида қандай саргузаштлар кутмоқда?

Чемпионатимизнинг навбатдаги тури ҳам эшик қоқиб келмоқда. Айни пайтда Coca-Cola Суперлига иштирокчилари бор эътиборларини бўлажак ўйинларга қаратишган. Ушбу турда ҳам сиз билан бизни зериктириб қўймайдиган ўйинлар кутмоқда.

12 июль (якшанба)

“Андижон” – “Сурхон”

9-турни ушбу жамоалар иштирокидаги ўйин бошлаб беради. Мазкур қарама-қаршиликни эса бемалол катта қизиқишга сабаб бўлаётган учрашувлар қаторига киритса бўлади. Сабаби, ҳали андижонликларнинг ҳисобида умуман ғалаба йўқ. Аммо чемпионатдаги энг кўп дуранг “Андижон”га тегишли бўлиб турибди. Улар 8 та ўйиннинг 5 тасида дуранг ўйнашган. Виктор Кумиковнинг янги клубидаги илк ғалабасини қачон қўлга киритишини кутаётганлар эса кўп. “Сурхон”да ҳам яқинда бош мураббий ўзгарганидан хабардорсиз. Тажрибали Равшан Ҳайдаров клуб бошқарувини ўз қўлига олди. Бироқ унинг термизликлар жамоасидаги дебюти муваффақиятли чиқмади. Тошкентда “Локомотив”га имконият бой берилди. Шундай бўлса-да, “Сурхон”нинг ўйини чакки эмас. Ҳайдаровга эса вақт кераклигини унутмаслик лозим. Уч ойлик танаффусдан кейин рақибларига очко улашаётган жамоа янги бош мураббий қўли остида тезроқ бундай ёқимсиз анъанага барҳам бермоқчи. Бунинг учун эса улар ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган “Андижон”нинг майдонида ютиши талаб этилади. Тушуниб турган бўлсангиз, уч очко иккаласига ҳам ниҳоятда зарур. Шуни инобатга олганда, ўйин жуда кескин ўтади. Иккала клубнинг имкониятларини чамалаганда шундай фикр ҳаёлга келяпти: гўёки “Андижон” олтинчи дуранггини қайд этадигандек...

“Металлург” – “Сўғдиёна”

Бу ҳам яхши ўйин бўлади. “Металлург” ҳам, “Сўғдиёна” ҳам бир-бирига муносиб рақиблар. Иккаласига ҳам қайсар жамоалар, деб таъриф берсак мос тушса керак. Чунки улар юқори ўринлар учун курашишяпти ва бу йўлда етакчиларга яхшигина муаммолар туғдиришяпти. Иккала клубнинг таркибида ажойиб футболчилар бор. Лекин бундай тўқнашувларда кўпроқ мураббийларнинг тактик қўлланмалари ва жамоаларнинг тайёргарлиги кўп нарсани ҳал белгилаб беради. Аниғи шуки, бу ўйинни кўрсангиз асло зерикиб қолмайсиз.

13 июль (душанба)

“Пахтакор” – АГМК

Буниси эса шубҳасиз турнинг энг марказий ўйини ҳисобланади. Айни пайтдаги турнир жадвалида 1- ва 2-ўринлардаги жамоаларнинг тўқнашуви ва бундай беллашувлар асло эътибордан четда қолмайди. Боз устига, Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК ҳали мавсумда мағлубият нималигини билмай келмоқда. Амалдаги чемпион – “Пахтакор” эса аллақачон бундай туйғуни ўзида ҳис қилиб кўрди. Шу билан бирга иккала жамоа бош мураббийлари – Шота Арвеладзе ва Миржалол Қосимов қарама-қаршилиги, деган таърифни ҳам қўлламоқдалар. Мана шундай пайтда мураббийларнинг футболчиларини ўйинга қай даражада тайёрлай олгани ҳам асосий ўринга чиқади. Лекин бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлар статистикасига қарасак, кўпинча “Пахтакор” АГМК учун ноқулай рақибга ўхшаб кўринади. Масалан, ўтган йилги тўқнашувларда ҳам асосан “Пахтакор”нинг йирик ҳисоблардаги ғалабаларига гувоҳ бўлгандик. Аммо ўша пайтларда чиндан ҳам АГМК ҳали “Пахтакор”га етарлича қаршилик кўрсата оладиган даражада эмасди. Бу йил эса вазият ўзгарган ва ниҳоят Қосимов Олмалиқда ўзи истаган жамоани шакллантира олганга ўхшайди. Таркибида ҳам тажрибали ўйинчилар бисёр. Қани кўрамиз, АГМК қай даражада шаклланганини “Пахтакор” билан ўйин кўрсатиб беради.

“Навбаҳор” – “Қизилқум”

Очиғи, “Қизилқум”га ҳавас қилиб бўлмайди. Улар яраланган шер каби бўлиб турган “Навбаҳор” билан Наманганда ўйнайди. Қолаверса, навоийликларнинг натижалари яхши эмас. Кетма-кет голсиз мағлубиятлардан кейин ўтган турда бир очко ишлашди. Хўш, “Қизилқум” футболчилари Наманганда “Навбаҳор”га жиддий қаршилик кўрсатишга қодирми? Агар дурангга эришишса ҳам бу улар учун ғалабага тенг натижа ҳисобланади, ишонаверинг. “Навбаҳор”ни бежизга яраланган шерга қиёсламадик. Ўтган турда “Бунёдкор”га ютқазишгач, жамоа устози Андрей Канчельскис анча жиддий гапларни айтди ва кейинги турда бошқача ўйин кўрсатишга ваъда ҳам берди. Демак, мезбонлар ҳам бўлажак беллашувга жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Барибир ташқаридан қараганда ҳам кўпчилик мезбонларнинг ғалабасига шубҳа қилмаяпти.

14 июль (сешанба)

“Локомотив” – “Машъал”

Ўтган турда “Машъал” “Пахтакор”га ютқазиб қўйганидан кейин Шота Арвеладзе муборакликларнинг ўйинига яхши баҳо берган ҳолда “Машъал”ни қизиқарли жамоа сифатида таърифлади. Бироқ уларни олдинда яна бир жиддий ўйин кутмоқда. Охирги пайтларда аста-секин ўз ўйинини топиб бораётган “Локомотив”нинг тўсиғидан ўтишлари керак. Бу учрашувда меҳмонлар ҳимоявий тактика танлашадими ёки рақибга очиқ ўйинни таклиф қилишадими? “Машъал”нинг ўзига ҳам очко зарур ва шу боис улар таваккал қилишни исташмаса керак. Агар “Локомотив” майдонида бир очкони қўлга киритишса ҳам “Машъал” бундан қувонса арзийди.

“Қўқон-1912” – “Насаф”

Бир қарашда қўқонликлар уй жамоасига айланиб қолгандек. Боиси, ўз майдонидаги бешта ўйиннинг барчасида ютишди ва сафарда ўтказилган учта учрашувда ютқазишди. Аммо “Қўқон-1912”нинг ўйини анча жанговор кўриниш ҳосил қилмоқда. Бу сафарги ўйин эса янада қизиқарли ва шиддатли ўтиши аниқ. Шу билан бирга иккала жамоага ҳам қийин бўлишини ҳозирданоқ бемалол айта оламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу жуда жиддий ўйин бўлади.

“Бухоро” – “Бунёдкор”

Ғалаба нималигини билмай келаётган “Бухоро” бу сафар Вадим Абрамов бошчилигидаги “Бунёдкор” билан беллашади. Айни пайтда жамоалар ўртасидаги фарқ анча катта. “Бунёдкор” жуда қизиқарли ва ҳужумкор ўйин кўрсатмоқда. “Бухоро”да эса бунинг акси. Ахир мавсум бошидан бери ғалаба қозона олмай келаётган жамоанинг ўйинини қандай таърифлашни ҳам билмай қоласан киши. Иккита дуранг ва қолган барча учрашувларда ютқазди. Ҳозирги руҳий тушкунлик ҳукмронлик қилаётган бир пайтда “Бухоро”нинг “Бунёдкор”ни енгишига кучи етармикин? Балки бу ўйин бухороликлар устози Муҳсин Муҳаммадиев учун охирги имконият бўлса-чи?

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)