“Насаф” клуби ОФК Кубоги гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтганидан кейин жамоа аъзоларига бироз танаффус берилганди. Эндиликда Рўзиқул Бердиев жамоаси машғулотларга киришди. Sports.uz мухбири “Насаф” устози билан боғланиб, бир қатор мавзуларда суҳбатлашди.

- Рўзиқул Саъдуллаевич, миллий терма жамоамиз йиғини ва расмий ўйинлари туфайли Суперлигада юзага келган танаффус клубларга қанчалик таъсир қилиши мумкин?

- Минус тарафлари кўп бўлади, чемпионатимиз чўзилиб кетади. Ёзнинг иссиқ кунларида кўп ўйин ўтказишга тўғри келиб қолади. Бундай пайтда футболчиларга оғирроқ бўлади ва клубларга қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин шунга мажбур бўляпмиз, пандемия сабаб саралаш ўйинлари шу вақтга қўйилган. Натижада чемпионатимиз ҳам шунга қараб мослашишига тўғри келади. Бироз ноқулайлик бўлса ҳам футболимиз давом этиши керак. Ўйлайманки, керакли вақтларга ўйинлар белгиланиб, чемпионатимиз давом эттирилади. Албатта, бу узилиш биз томондан қилинган қарор эмас. Бу қанчалик ноқулай бўлмасин, тўғри қабул қилишимиз керак.

- Жамоангизнинг тайёргарлик режалари қандай? “Андижон” билан учрашувгача ўртоқлик беллашувлари ташкил қилинадими?

- Бўлади. 20 майда ОФК Кубоги гуруҳ босқич ўйинларини тугатгач, йигитларга 25 майгача дам бердик. 26 майдан йиғилдик. Чемпионат ўйинигача икки босқичда тайёргарлик олиб борамиз. Футболчиларни 8 кундан икки марта йиғамиз. Шу пайт оралиғида иккита ўйин режалаштирамиз.

бердиев3_2

- Ҳали рақиблар кимлиги аниқ эмасми?

- Йўқ, ҳозирча маълум эмас. Лекин бу борада иш олиб боряпмиз.

- Июнь ойида миллий терма жамоамиз Саудия Арабистонида муҳим ўйинларини ўтказади. Мутахассис сифатида вакилларимизнинг имконияти қандай кўриняпти?

- Саудия ўз майдонида ўйнайди, бу уларга қайсидир маънода қулайлик туғдириши мумкин. Лекин ўйлашимча, терма жамоамиздаги футболчиларнинг ҳолати яхши. Чунки ўзимизни чемпионат ҳам, легионерларимиз ўйнаётган бошқа чемпионатлар ҳам давом этяпти. Албатта, яхши натижалардан умид қиламиз. Жамоамизга, йигитларга ишонамиз. Асосий мақсадимиз кейинги босқичга чиқиш. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам бор маҳоратини беришади, мухлисларни хурсанд қилиш учун. Ўйлайманки, барча имкониятларимиз бор. Футболчиларимизнинг даражаси Саудияникидан баланд бўлса баландки, асло паст эмас. Терма жамоамизга ишонамиз ва яхши натижа кутяпман.

- Миллий терма жамоамиз йиғинида “Насаф”дан Умар Эшмуродов, Ойбек Бозоров, Ҳусниддин Алиқулов сингари ўйинчилар ҳам чақирилган. Бу клубингизнинг йиғинига ўз таъсирини ўтказмайдими?

- Агар терма жамоамизга камроқ футболчимиз чақирилганида балки чемпионатда қолдирилган ўйинларни ўтказиб олишимиз мумкин эди. Лекин тўртта ўйинчимиз терма жамоаларда, биттаси Тимур Кападзе жамоасига чақирилган. Шу боис қолдирилган ўйинларни ўтказмай турамиз. Албатта, уларнинг йўқлиги жамоанинг умумий ҳолатига таъсир қилади. Лекин имкон қадар йигитларни бўлажак учрашувларга тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

бердиев6_1

- “Насаф”нинг ОФК Кубоги гуруҳ босқичидаги ўйинларини диққат билан кузатдик. Рақиблардан бир неча баробар устун эканлиги яққол сезилди. Мураббий сифатида ўйинлар ўзингиз кутганингиздан кўра, енгилроқ ўтди, деб ўйлайсизми?

- Ўйинларга, рақибларга жиддий ёндашдик. Имкониятингиз қанчалик юқори бўлмасин барибир рақибларга жиддий ёндашмасангиз муаммолар олиб келиши мумкин. Ўз ишимизга профессионал тарзда муносабатда бўлдик. Кичкина бўлса ҳам Ўзбекистондаги мухлисларимизни хурсанд қила олдик. Бу катта ютуқ эмасдир, аммо Суперлигадаги энг ёш жамоа сифатида даражамизни кўрсатиб бердик. Ўзимиз ҳам буни жуда хоҳлагандик.

- Мусобақадан олдин сунъий майдон бўйича хавотирлар йўқ эмасди. Бу сизларга қўшимча муаммолар туғдирмади-а?

- Бундай майдонга тезроқ кўникиш учун эртароқ шуғулландик. Душанбега беш кун олдин бориб ўша майдонда машғулотлар ўтказдик. Қанчалик ноқулай бўлса ҳам майдоннинг текис ва сифатлиги яхши футбол кўрсатиш учун маъқул эди, буни футболчиларга ҳам таъкидладик. Майдон яхши эди ва биз бунга кўникиб, ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик.

бердиев4_3

- ОФК Кубогидаги дастлабки вазифа бажарилди ва энди бу борадаги кейинги режалар қандай?

- Унгача вақт бор. Ҳозир чемпионатимиздаги ўйинларга эътибор қаратамиз. Кейинчалик Туркманистоннинг “Ахал” жамоаси билан баҳсга жиддий аҳамият берамиз. Ўша ўйин қандай ўтиши ҳали аниқ эмас. Битта учрашувдан иборатми ёки борди-келди бўладими, барчаси аниқ бўлгач, ўша муддатга жамоамизни яхшилаб тайёрлаймиз.

- Адашмасам, “Ахал”да собиқ шогирдингиз Артур Геворкян ўйнаётганди...

- Ўша жамоа сафида эди. Қирғизистондаги гуруҳ босқичи ўйинларида уни кўрмадим. Бу клубда бизга таниш бўлган яна бошқа ўйинчилар ҳам бор. Эльман Тагаевни биламиз, олдин “Навбаҳор” ва “Андижон”да ҳам ўйнаган. Ўтган йили “Қизилқум”га марказий ҳимоячи келганди, ўша футболчи ҳам ҳозир “Ахал”да экан. Улар ҳақида озгина бўлса ҳам маълумотга эгаман.

бердиев2_4

- “Насаф”нинг 2011 йили ОФК Кубогини ютганида сиз ҳам жамоа билан бирга эдингиз. Барчамиз яна ўша ҳолат такрорланишини истаймиз. Вазиятга реал қарасак, жамоангиз ОФК Кубогида ғолиб чиқишга қанчалик қодир?

- Ўша йилги билан ҳозирги жамоани таққослаб бўлмайди. Тажрибали футболчиларимиз билан ҳаттоки иккитадан ҳам кўп таркибга эга эдик. Ташкилий масалалар ҳам юқори даражада эди. Ҳозирги таркибимиз билан ҳам жамоа ўйинини яхши шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу савол Душанбеда ҳам берилди. Агар жамоанинг мақсади юқори бўлса, янада кучайтириш керак бўлади. Ўзимиз биламиз, айрим чизиқларимизда муаммоларимиз бор. ОФК Кубоги ҳақида гапирсак, бошқа жамоалар, масалан, Иордания, Қувайт клубларини ҳали ўрганганимиз йўқ. Мисол учун Иордания клубининг бир ўйинини кўрсам, таркибида Франция чемпионатида ўйнаган легионер ва яна бошқа савияли ўйинчилар бор экан. Озгина бўлса ҳам қизиқиб кўрдим. Аммо тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Лекин футболимиз даражаси ёмон эмас. Жамоамизнинг савиясини ҳам кўтаришга ҳаракат қиламиз. Ўзимизни ҳам мақсадимиз – шу турнирда ғалаба қозониш. ОФК Кубогида ғолиб чиқиш учун ўйинимиз яхши бўлиши ва таркибимиздаги камчиликларимизни ҳам бартараф қилишимиз керак.

- Чемпионатимизда трансфер ойнаси очилган пайтда янги футболчилар пайдо бўладими ва бу борада иш олиб бориляптими?

- Бу ҳақда клуб раҳбарлари билан гаплашганмиз. Кейинги босқичга чиқдик ва энди керакли футболчилар билан кучайтириш лозим. Ўйлайманки, гапимиз эътиборга олинади. Раҳбариятимиз ҳам тушуниб турибди ва улар ҳам турнирда яхши қатнашишимизни исташяпти.

бердиев1_2

- Жамоангизда Марко Станоевичга ўхшаш яхши легионер ҳам кўришимиз мумкинми? Ёки маҳаллий футболчилар ҳисобига таркибни кучайтирасизми?

- Икки-учта позициямиз бор. Уларга маҳаллий ёки легионер ўйинчилардан муносиблари бўлса, албатта тўлдиришимиз керак. Позиция бўйича маҳаллий ва хорижлик ўйинчиларни имкон қадар излаяпмиз.

- Бош мураббий сифатида раҳбариятдан энди янги футболчилар олиш зарурлигини талаб қила оляпсизми?

- Албатта, буни тушунтириб, талаб қиляпмиз. Бироқ имкониятимиздан келиб чиқиб иш кўрамиз-да. Ҳаммасини ҳисобга оламиз. Эртага чақириб, пул тўлай олмасак ёки имкониятимиз бўла туриб, чақирмасак бу ҳам нотўғри. Барчасини инобатга олган ҳолда раҳбарият билан келишиб ҳал қиламиз.

- Бобур Абдуҳолиқов ва Ислом Кенжабоевнинг бугунги ҳолати ҳақида кўпчилик қайғуряпти. Улар “Насаф”да қандай футболчилар эди-а? Бобур “Рух”га кетиб асосий таркибга кира олмасдан қайтиб келди. Кенжабоев ҳам Жанубий Кореяда ҳали ўз ўйинини топгани йўқ. Ушбу ўйинчиларга ачиняпсизми?

- Албатта. Четга тайёр ҳолатда кетиш керак. Ўйлайманки, улар ҳали кучли чемпионатда ўзини кўрсатиши учун тажрибасиз эди. Кетаётганида футболчиларга қийинчиликлар бўлиши тўғрисида таъкидлагандик. Шуни кўтариш, чидаш ва тўсиқларга бардош бериш керак бўларди. Клуб ёки мураббийларни айбламаслик керак. Футболчиларнинг ўзларида айб бордир. Чунки улар тайёр бўлишлари ва курашга бардош беришлари лозим. Биринчи навбатда футболчи четга ўз вақтида, тайёр ҳолатда кетиши даркор. Балки уларни кетиши хато бўлгандир. Албатта, шошилишган. Уларнинг жамоаларида ўйнаб кета олмаганидан хурсанд эмасмиз. Четга бориб ўйнашни ҳам ўзи бўлмайди. Ҳаммасига бардош бериши талаб қилинади. Руҳан ва жисмонан ҳам кучли бўлмоғи керак. Ахир бу ўзингнинг чинакам жамоанг эмас-ку! Шу сабабдан ҳар жиҳатдан тайёр бўлгачгина четга кетиши керак.

- Бобурни яна “Насаф”га қайтаришни хоҳлаяпсизми?

- Ҳали қаерда тўп суришини аниқлаштиргани йўқ. Уни яхши билардик ва жамоамизга қайтса мамнун бўлардик. Унинг ва жамоамизнинг қарори бўлади. У қайси клуб билан музокара олиб бораётганини билмаймиз. Жамоамиз ҳам Абдуҳолиқовни қайтиб келганини билади. Балки бизда, балки бошқа клубда тўп сурар, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Интервьюсини ўқидим, айтишича яна четга кетмоқчи экан. Бу қанчалик ҳақиқатлигини билмадим. Ҳали ўзи билан гаплашмадим.

бердиев5_2

- Эндиликда Ойбек Бозоров ҳамманинг эътиборида. Унга ростдан ҳам четдан аниқ таклиф бўлдими?

- Билмадим. Бизга ҳар бир ўйинчимиз ғанимат. Ҳеч бирини йўқотишни хоҳламаймиз. Олдимизда чемпионат, Кубок ва ОФК Кубогидаги ўйинлар турибди. Балки Бозоров бўйича клубимизга таклиф билан чиқишгандир, ўзим эса аниқ таклиф ҳақида эшитмадим. Лекин кўча-куйда таклиф бўлаётгани ҳақида эшитиб тураман. Аммо аниқ таклиф ҳақида ҳеч кимдан эшитмадим.

- Бу йилги Суперлигамизнинг савияси, мавқеи қандай кўриняпти, сизга?

- Менимча, ҳар йилгидан кўра, бу йил кескинроқ ўтяпти. Аниқ айтишимиз мумкинки, ўринлар учун курашадиган жамоа кўпаяди. Назаримда, тенг кучли клублар кўпайиб қолди. Юқори ўринлар учун курашадиган 6-7 та жамоа бўлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
27/05/2021 01:59
Mashaldan Humoyon Sardor. olish kerak. 2 lasini pazitsasi bush. hujim ortiga uyin yuq. hujimga ham. qanotka. Aziz Turgunboevni olish kerak. pahtakor uyinni ochilmadi Aziz Nasafka. uyinni ochilib ketadi. bemolol. shu. 3 uyinchini olsa Nasaf bemolol. chempionlik uchun kurashsa ham buladi.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
26/05/2021 23:54
Uzbekistonni. N1 Murabbiy Nasaf ohirgi. 10 yillikni halq jamoasi. tan bermasdan iloji yuq.