“Биз Месси, Роналду ва Ўруновни олишдан воз кечмаймиз!” (Остоннинг фаолиятига доир янги маълумотлар)

Остон Ўрунов “Спартак” футболчилари билан бирга Бирлашган Араб Амирликларида янги йилдаги илк ўшқув-машғулот йиғинига киришган бир паллада унинг атрофидаги воқеалар ҳам тобора қизиб бормоқда.

Биринчи навбатда, москваликлар Остон Ўруновни трансфер қиладиган жамоалардан таклиф кутаётганини маълум қилганини таъкидлаш жоиз. Улар ўзбекистонлик футболчи билан хайрлашишга тайёр.  

1280_864_max (2)_3

“Спартак”нинг жамоатчилар билан алоқалар бўйича директори Антон Фетисов Остон Ўруновнинг кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга қуйидагича муносабат билдирди.

- Остон Ўрунов бўйича вазият қуйидагича: у ҳозир ўқув-машғулот йиғинига жалб этилган. Агар унинг трансфери масаласида таклиф бўлса, албатта бу кўриб чиқилади. Лекин ҳозирги пайтда Остонга расмий чорлов бўлганича йўқ, - деди Антон Фетисов.

Аввалроқ, “Рубин” раҳбарияти ўзбекистонлик легионер бўйича Москва клубига мурожаат қилган эди. Бироқ, “Спартак” раҳбарияти бу трансферни 6 миллион еврога баҳолагани боис, қозонликлар вазиятни ривожлантиришни истамади ва Ўруновни олиш фикридан қайтди.

Ҳозирча, Остон Ўруновни олиши мумкин бўлган жамоа сифатида “Уфа” номи тилга олинмоқда. Гарчи уфаликлар бош директори Ринат Шайбеков буни инкор этаётган бўлса-да, клуб бошқарув кенгаши раиси Ростислав Мурзагулов Ўрунов рад этилмайдиган ўйинчилардан эканини яна бир бор таъкидлади.

- Яна Ўрунов масаласида тўхталишимга тўғри келяпти. Остон – зўр футболчи, лекин у фаолиятини қаерда давом эттириши борасида бирорта янги гап айта олмайман. Агар имконият туғилса, биз Криштиану Роналдуни олишдан ҳеч қачон воз кечмаймиз.  Лионель Мессини трансфер қилиш имкониятидан ҳам қайтмаган бўлардик. Шунингдек, биз Остон Ўруновни жамоага қайтаришдан ҳам воз кечмаймиз. Бу борада айтадиганимиз шу, - деди Ростислав Мурзагулов.

Яқинда Остон Ўруновнинг “Спартак” билан шартномасида ғалати банд борлиги аниқланди. Манбаларнинг далолат беришича, агар “Спартак” ўзбекистонлик футболчини 1 миллион евродан қимматга сотиб юборадиган бўлса, ҳамюртимизни Россия футболига олиб кирган мутахассис Шамиль Газизов яхшигина фойда кўради.

- Ўзбекистонлик ярим ҳимоячининг “Спартак” билан шартномасидаги махсус бандга кўра, клубнинг собиқ бош директори бир миллион евродан юқори бўлган трансфер суммасидан 50 фоиз улуш олади. Яъни, агар Ўрунов икки миллион еврога трансфер қилинса, Шамиль Газизов 500 минг еврога эга чиқади, - деб маълумот бермоқда championat.com манбаси.

14549114

Маълумки, Шамиль Газизов Остон Ўруновни 2020 йилнинг февралида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан “Уфа”га трансфер қилишда бош бўлган. Кейин бу мутахассис “Спартак” бош директори этиб тайинлангач, ёзги трансфер даврида ҳамюртимизни Москва клубига олиб ўтди. ЦСКА ва “Рубин” каби клублар ўзбек легионери учун “Спартак”дан кўп маблағ таклиф қилган бўлса-да, Шамиль Газизов Ўруновни анча мураккаб ҳисобланган “Спартак” сафига қўшилишини таъминлади.

Остон Ўрунов янги жамоага мослашиш учун етарлича имкониятга эга эмас. У асосан ўйин охирида бир неча дақиқага майдонга туширилмоқда. Кўп мутахассислар сингари Доменико Тедеско ҳам ўзбек футболчисининг салоҳиятини юқори баҳолаётган бўлса-да, уни бошланғич таркибда ўйнатишга ботина олмаяпти.

Ўрунов “Спартак”га ўтганидан бери Россия премьер-лигаси ва мамлакат кубоги доирасида 9 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди.

Ўруновга жамоа топилди. У қайси йўлни танлайди?

Ўрунов “Спартак”га қайтди. Уни жиддий синов кутяпти

Ўрунов – Премьер-лиганинг ҳар қандай клубини кучайтиришга қодир!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар