Bellator’дан жанг ололмаган Маҳмуд Муродов Европада рингга чиқади

Ўзбекистонлик ММА жангчиси Маҳмуд Мурадов (13-6, КО6) ўзининг навбатдаги жангини Чехия пойтахти Прагада олиб борадиган бўлди. Жанг 3 март куни бўлиб ўтади. Ҳозирча спортчимизнинг рақиби ошкор қилинганича йўқ.

2017 йил декабр ойида у ўтган йили бокс бўйича беш вазн тоифасининг собиқ жаҳон чемпиони америкалик кичик Флойд Мейвезерга тегишли бўлган The Money Team (ТМТ) клубида фаолиятини давом эттириш учун АҚШга йўл олган ва Bellator билан шартнома имзолаган эди.

Спортчининг айтишича, Bellator яқин 6-7 ой ичида унга жанг ташкил қила олмаслигини маълум қилган. Бу вақтдан унумли фойдаланишни мақсад қилган Маҳмуд Муродов яна Европага қайтиб, XFN (X Fight Nights) турнирида жанг ўтказишга қарор қилди. Шундан сўнг у шартномасини тўлиқ якунлаб, яна океанортига йўл олади.

Маҳмуд Муродов сўнгги марта ўтган йили декабр ойида рингга чиқиб, чехиялик Томаш Пензни мағлуб этган ва XFN чемпионлик камарини қўлга киритган эди. Мазкур жанг унинг XFN (X Fight Nights) ташкилоти билан тузилган шартномасига кўра сўнггиси бўлган эди. Бу жангга қадар у XFN турнирида 3 та жанг ўтказиб, 2 та ғалаба ва битта мағлубият қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Муродов World Kickboxing Network ташкилоти талқини бўйича қитъалараро чемпион, Caveam талқини бўйича жаҳон чемпиони ва XFN талқини бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Маълумот учун: Х Fight Nights ММАнинг янги, профессионал ва ўзини-ўзи молиялаштирадиган лигаси ҳисобланади. XFN ареналарида жаҳон даражасидаги энг яхши жангчилар ўзаро тўқнаш келадилар. XFN спортда энди порлаётган юлдузлар ажойиб имконият ҳамдир.

Минбар

Барча блоглар