Бахтиёр Ашурматов «Бухоро»да бахтиёр эмасмиди? Ёхуд Ашурматовнинг клубдан кетиш тафсилотлари
Ads

Истеъфолар мураббийлар ҳаётининг бир қисми ҳисобланади. Cуперлигамизда ҳам ана шундай истеъфолар бошланганини айтиб ўтиш жоиз. Аввалига «Сўғдиёна»дан Сергей Лушан кетган бўлса, кейин Элдор Сакаев «Андижон» бош мураббийлигини топширди, Бахтиёр Ашурматов ҳам «Бухоро»ни тарк этишга мажбур бўлди. Мавсум бошида «Бухоро»га қайтган Бахтиёр Аъзамовичнинг у ерда фаолияти узоқ давом этмагани ачинарли бўлди.  

«Ҳозир иш топиш осон эмас»

Тўғри, «Бухоро» Ашурматов бошчилигида ўтган 8 та ўйинда фақат бир бор ғалаба қозониб, уч бор дуранг ўйнаб, тўртта ўйинда ютқазганди. Лекин вазият у қадар қўрқинчли даражада эмасди. Ашурматов эса аввало нима учун истеъфога чиққани ҳақида гапирди.

- Жамоадан ўз ихтиёрим билан кетдим. Ўз майдонимиздаги охирги учта ўйинимизда бор йўғи бир очкнони қўлга киритдик. Бу вазият эса айрим мухлисларнинг эътирозига сабаб бўлди. «Сурхон» билан ўйиндан олдин учта ўйинда камида олти очко қўлга киритмасак кетаман, деган сўзларни айтдим. «Сурхон»га қарши учрашувда мағлубиятга учраганимиздан кейин жамоамиз раҳбарлари Тўра ака Барноев ва Амрилло ака Ғиёсовларга балки «Бухоро»дан кетсам жамоага фойда бўлар, деган фикрни билдирдим. Раҳбарларимиз ҳам мени фикримга қўшилишди ва мен «Сурхон» билан ўйиндан кейин йигитлар ва жамоа мухлисларига ишдан бўшаганими айтдим ва биз жамоа билан дўстона хайрлашдик. Тўғри, вазиятни тўғирласа бўларди. Чунки у ерда яхши жамоа йиғилганди. Фақат охирги ўйинларда омад ҳам етишмади. Натижа ҳам ижобий бўлмади. Шу сабабли мураббий сифатида салбий натижаларда ўзимни айбдор ҳис қилдим ва ишдан бўшасам жамоа учун фойда бўлади, деган қарорга келдим. Тўғри, айрим мураббийлар яхши ойлик маош эвазига ишга жойлашишади ва жамоадан хайдалмагунча кетмасликка ҳаракат қилишади. Мени қарашларим эса бошқачароқ. Мухлислар ва раҳбарият хоҳлаган натижани қила олмадиммми, обруйим тушса-да, айбимни бўйнимга олиб ишдан кетаман. Тўғри, ҳозир иш топиш осон эмас. Лекин жамоани охиригача чўктириб, қийин аҳволда ташлаб кетгандан кўра шу йўлни маъқулроқ кўраман. Ҳозирги вазиятда «Бухоро»нинг битта ғалабаси жамоани турнир жадвалида бир неча юқорига кўтаради. «Бухоро»ни қабул қилганимдан кейин яхши таклиф бўлди. Лекин ўша пайт яхши таклифни деб кетсам мухлислар ҳам нотўғри тушунишарди. Ҳозир эса олдимда бирорта ҳам вариант йўқ. Сабр қиламиз ва таклиф тушса хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ишга киришамиз.

«Жамоани қабул қилишим катта таваккал эди»

Аслида жамоада ишлар у қадар кўнгилдагидек эмаслиги олдиндан маълум эди. Лекин шунга қарамай, Бахтиёр Ашурматов жамоани бошқаришга рози бўлди. Натижа эса барибир салбий бўлди. Яъни, аслида ҳам воқеалар ривожи унинг истеъфосига қараб кетаётгандек эди.

- Тўғри «Бухоро»ни қабул қилиб олганимда жамоада муаммолар жуда ҳам кўп эди, - деб мавзуни давом эттирди, собиқ бош мураббий. - Ўн тўртта футболчи ўтган йилги мавсумдан қарздорлик бўйича шикоят хати ёзган эди. Жамоанинг ўтган йилги мавсумдан қарздорлиги 6,5 миллиард сўмни ташкил қиларди. Яна ўтган йилги олтинчи ўринни қўлга киритган жамоа деярли тарқаб кетганди. Бу дегани жамоани янгитдан шакллантириш керак эди ва бу йилги жамоанинг сметаси ўтган йили олтинчи ўринни қўлга киритган жамоаникидан икки баравар кам эди. Бундай вазиятда жамоани қабул қилиб олишим жуда катта таваккал эди. Лекин шунга қарамасдан мен яхши жамоа туза оламан, деб ишонган эдим. Чунки жамоа раҳбарияти ва мухлислари менга катта ишонч билдиришганди. «Бухоро» мухлислари қанақа катта куч эканлигини эса ҳамма билади. Жамоани қабул қилиб олишимга яна бир асосий сабаблардан бири, мен ОКМК жамоасидан кетишим ёки қолишим аниқ бўлмаган вазиятда «Бухоро» раҳбарларидан бири қўнғироқ қилиб қачон бўлса-да, «Бухоро» жамоасининг эшиклари сиз учун очиқ деган сўзлари менга куч бағишлаганди ва менга далда бўлганди. Шу сабабли ОКМКдан ишдан кетишим заҳоти менга «Бухоро» жамоасидан таклиф тушди. Тошкентда жамоа директори Шуҳрат Ҳамроев билан учрашдим ва бу йигитнинг ишга чанқоқ, ўз олдига юқори  вазифаларни қўядиган, жамоани юқори савияга олиб чиқишга тайер олийжаноб инсон эканига амин бўлдим. Шундан кейин Бухорога бориб, «Бухоро» вилояти раҳбарлари билан учрашдим. Вилоят раҳбарлари ҳам менга ишонч билдиришди. Тўғри, бу учрашувлардан сўнг менга қанчалик қийин бўлишини тушуниб етдим. Лекин менга бу инсонларнинг ҳамда мухлисларнинг ишончи куч бағишлади ва мен яхши ният билан ишга киришдим. Яна бир томони «Бухоро»да Улуғбек Бақоев билан ишлаганимда ишимиз самарали бўлган эди. «Бухоро» клуби ва инсонлари менда илиқ таассурот қолдирганди. Шу сабабли бошқа таклиф бўлишини кутмасдан бу таклифга рози бўлдим.

«Таркибимиздан қониқмадим»

Шунингдек, Бахтиёр Ашурматов «Бухоро»да йиғилган таркибдан қониқиш ҳосил қилаётганмиди ёки йўқми? Бунга ўзи қуйидагича жавоб берди.

- «Бухоро»да йиғилган таркибдан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмадим. Айрим чизиқларда рақобат йўқ эди. Селекция жараёнида кўп жамоалар бизнинг жамоага нисбатан фаолроқ бўлишди. Ўйинчи таклиф қилишда бошқа жамоаларга рақобатда ютқаздик. Жамоамизга таклиф қилмоқчи бўлган бир нечта ўйинчилар маблағ томондан яхшироқ таклиф бўлган бошқа клубларга ўтиб кетишди. Лекин шунга қарамасдан биз ёмон таркиб тузмадик. Иван Нагаев, Раббим Ҳасанов, Саламат Қуттибоевларда бошқа яхшироқ таклиф бўлишига қарамасдан жамоада қолишди. Вилоят раҳбарининг ўзлари клубга легионерлар жалб қилишимизда бевосита ёрдам беришди ва биз имкон даражасида рақобатбардош жамоа тузишга муваффақ бўлдик. Лекин «Бухоро»да етакчи футболчи топилмади. Етакчи футболчининг йўқлиги ҳам натижага ўз таъсирини ўтказди.

«Бир гуруҳ мухлислар жанжал кўтаришди»

Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, мавсум яқиндагина бошланганди ва мураббийда вазиятни ўзгартириш учун вақт кам эмасди, бизнингча. Шундай экан, қарор чиқаришда шошилмадимикин?

- Тўғри, вазиятни тўғирлаш учун имконият бор эди. Лекин айрим мухлислар томонидан босим кучайиб кетди. Энг ёмони «Бунёдкор» билан бўлган ўйиндан кейин бир гуруҳ мухлислар жамоа базасига келиб, жанжал кўтаришди. Айримлари эса жамоадан кет, нимага маҳаллий футболчиларни ўйинга қўймаяпсан, деган эътирозларни билдиришди. Айримлари эса ҳақорат қилишгача боришди. Ваҳоланки, охирги йилларни таҳлил қилиб чиқилса, бу йилги таркибдаги маҳаллий футболчилар аввалги йиллардан сезиларли даражада кўпчиликни ташкил қиларди. Менинг фикримча, битта-иккита мағлубиятдан кейин жамоадаги айрим инсонларнинг ҳам менга нисбатан фикри ўзгаргандек туюлди. Бу вазиятлар эса менга оғир ботди. Энг асосий сабаб эса қанчалик ҳаракат қилмайлик, натижаларнинг салбий бўлганлигидир. Шу сабабли ўзгариш бўлса жамоага фойда бўлади, деган фикрга келдим.

«Жамоани тез-тез алмаштириш мураббийнинг обрўсини туширади»

Яна бир томони шундаки, охирги пайтларда Ашурматовда клубларни ўзгартириш ҳолати тез-тез рўй бермоқда. Нима сабабдан бир жамоада узоқ вақт ишлаш унга насиб қилмаяпти? Бунга нима сабаб? Ушбу масала бўйича ҳам Бахтиёр Аъзамовичнинг фикрларини эшитамиз.

- Гапнинг очиғи, бу ҳолат менга ҳам ёқмаяпти. Ўзимнинг ниятим ҳам бир жамоада кўпроқ ишлаб натижа кўрсатиш. Шу сабабли энди бирор жамоадан таклиф бўлса, камида икки-уч йиллик шартнома тузиб, шу шартнома вақти тугамагунча ишламоқчиман. Чунки жамоани тез-тез алиштириш мураббийнинг обрўсини туширади. Лекин қайси жамоада ишласам ҳам чин юракдан ишламоқдаман. ОКМКда ҳам, «Бухоро»да ҳам сидқидилдан ишладим. Эгри йўлдан юрмадим. Мухлислар ва жамоа раҳбарлари олдида виждоним тоза. «Бухоро»ни қабул қилганимда ҳам клубнинг ҳар бир муаммосини ўзимнинг муаммоларимдек қабул қилдим. Жамоа раҳбари Шуҳрат Қўзиевич билан бирга қарздорликни бартараф қилиш йўлида катта ҳажмдаги ишларни бажардик. Керак бўлса футболчиларга қарздорликни камайтириш бўйича илтимос қилдик. Чунки қарздорлик бартараф этилмаса жамоа Суперлигадан четлатилиш эҳтимоли бор эди. Кўп футболчилар вазиятни тушуниб, ёрдам беришгани учун уларга миннатдорчилик билдираман. Жамоа тузишда ҳам керак бўлса, футболчиларга илтимос қилдик. Негаки, фикру хаёлимиз яхши жамоа тузиш, мухлисларимиз олдида уялиб қолмаслик эди. Лекин афсуски натижа бўлмаса қилган меҳнатлариз ҳам кўзга кўринмас экан.

«Бухоро»дан кетишимни истаган айрим

инсонларнинг ниқоби ечилиб ҳам қолганди»

Мураббийни ишга келишидан кўра ишдан кетиши жуда осондек. Ашурматов билан боғлиқ вазиятларда доим ҳам ҳаққоний бўляптими? Табиийки, бу борада мураббийнинг билдирадиган фикрлари ҳам қизиқ.

- Фикрингизга қўшиламан. Мураббийни олиб келгунча айрим раҳбарлар ҳамма нарсага тайёр бўлишади. Лекин икки-учта мағлубият бўлса айрим раҳбарларнинг фикрлари тез ўзгаради. Битта мураббийга ишонч билдирилгандан кейин сабрлироқ бўлиш керак, охиригача ишонч билдириш лозим. Мураббий ҳам сеҳргар эмас. Яхши жамоа тузиш учун мураббийга ҳам вақт керак бўлади. Қайсидир жамоадан ишдан кетганимда ноҳақлик ҳам бўлган, айрим вазиятларда ўзим айбдор бўлганман. Асосийси, бу хатолардан тўғри хулоса чиқариш. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам қайси жамоадан ишдан бўшамай унинг мухлислари, раҳбарлари билан бир-биримизга омад тилаган ҳолда дўстона хайрлашганман ва кейинчалик ҳам яхши муносабатда бўлганман. «Бухоро» жамоаси билан ҳам дўстона хайрлашдик. Жамоамизнинг асосий ҳомий ташкилоти раҳбари охиригача қўллаб-қувватлашди. Шунча қийинчилик билан жамоа тузиб кетишингиз нотўғри деб охиригача қўллаб-қувватлади. Клуб раҳбари Шуҳрат Қўзиевич «Бухоро»дан кетсангиз ҳам жамоа тизимида қолиб ишлашингиз мумкин деб кайфиятимни кўтарди. Менга ишонган инсонлардан умрими охиригача миннатдорман. Натижа бўлмаганлиги учун Бухоро вилояти раҳбари Ўктам Исаевич, раҳбарларимиз Акбар Алишерович, Тўра ака Ёдгорович, Шуҳрат Қўзиевич ва мени қўллаб-қувватлаган мухлисларимиз олдида ҳижолатдаман. Уларга соғлик саломатлик ва келгуси ишларида омад тилаб қоламан.

Жамоадан кетганимдан кейин менга ишонган жамоамиз раҳбари Акбар Алишерович жамоага қайтиб ишингизни давом эттиринг, деб ишонч билдиришди. Лекин жамоадаги футболчилар ҳамда мухлислар билан хайрлашиб кетганлигимни айтиб узр сўрадим. Чунки жамоа билан хайрлашиб яна қайтиб борганимда ноқулай вазият бўлар эди. Футболчиларни руҳлантиришда ҳам муаммоларга дуч келишим мумкин эди. Яна шу икки-уч кун ичида мени жамоадан кетишимда манфаатдор бўлган айрим инсонларнинг ниқоби ҳам ечилиб қолганди ва қайтиб борсам у инсонлар жамоадан кетиши керак бўлар эди. Чунки мени жамоадан кетишимни хоҳлаб юрган инсонлар билан ишлашнинг имкони йўқ эди. Мухлисларни ҳам менга қарши қилиб қўйган инсон жамоада бормикин, деб ўйланиб қолдим. Чунки ишдан кетгунимча мухлислар менга қарши деган фикрда эдим. Лекин ишдан кетаман деганимдан кейин кўп мухлислар мени қўллаб-қувватлашди, айрим ўз манфаатини ўйлаган мухлисларнинг гапига қулоқ солманг, сизга ишонамиз деган фикрларни айтишди. «Бухоро»нинг асл мухлисларидан, жамоанинг мағлубиятларидан кайғурадиган мухлисларидан натижа бўлмаганлиги учун узр сўрайман ва уларга чин юракдан раҳмат деб қоламан.

«ОКМК - мен учун идеал жамоа»

Бахтиёр Аъзамович ўзи билан боғлиқ вазиятларда кетма-кет истеъфолардан хулоса чиқараётган бўлса ҳам керак. Хўш, ўзи учун ишлаган клублари орасида идеал жамоа қандай бўлиши керак?

- Ишлаган жамоаларим ичида мен учун идеал жамоа ОКМК деб айтаман. Чунки бу жамоада фақат футбол ҳақида ўйлайсиз. Машғулот учун майдон, футболчилар учун меҳмонхона муаммо эмас. Ойлик маошлар вақтида. Қарздорлик умуман йўқ. Футболчилар ҳам пулимизни қачон оламиз деб ўйланишмайди. Фақат футбол ҳақида ўйлашади. Футболчиларни руҳлантириш ҳам осон. Мухлислари ҳам футболни яхши кўришади. Лекин мухлислар сони кўпчиликни ташкил қилмайди. Наманган, Андижон ва Бухорода мен ишлаганимда ташкилий ва маблағ томондан кўп муаммолар бўлган. Бироқ мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши эса ажойиб даражада. Ҳозир Наманганда катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Агар бу жамоаларда маблағ ва ташкилий томондан вазият яхшиланса бемалол чемпионлик учун курашиш имкони бўларди. Мен учун идеал жамоа ОКМКнинг шароити, «Навбаҳор» ва «Бухоро» жамоасининг мухлислари.

«Кўнгилчанлигим туфайли айрим футболчиларни

жамоада қолдирганим зараримга ишлади»

Барибир натижага мураббий жавоб бериши шубҳасиз. Шунга яраша таркибни ҳам ўзи йиғади. Балки қаердадир хатога йўл қўйгандир. Шуни ҳисобга олиб, ўзидан «Бухоро»даги иши давомида қандай хатога йўл қўйгани ҳақида ҳам сўрадик.

- «Бухоро»даги ишим давомида бир нечта хатоларга йўл қўйдим деб ҳисоблайман. Нима бўлса ҳам Шавкат Саломовни жамоада олиб қолишим  керак эди. Чунки жамоамизда Саломовга ўхшаган етакчи футболчи етишмади. Кейин айрим жамоага фойдаси тегмайдиган маҳаллий футболчиларни олиб қолмаслигим керак эди. Асосий таркибда 23 та ўйинчи ва 4 та дарвозабон олиб қолдик. Бунинг оқибатида айрим футболчилар ўйин қайдномасига тушишмади. Асосий таркибда ўйинчи кўплиги ҳисобига ўринбосарлар таркибида ўзини кўрсатган ёшларни жамоага жалб қила олмадик. Кўнгилчанлик қилиб айрим футболчиларни жамоада олиб қолганим мени зараримга ишлади. Улар эса ўз устида ишлаб ўйинини ўстириш ўрнига бизни асосий таркибга қўймаяпти деб ҳар хил гапларни четга чиқаришни бошлашди. Бу эса жамоада муҳитнинг бузилишига, жамоа ичидаги гапларни четга чиқишига сабаб бўлди. Жамоа бир оила, мустаҳкам қўрғон бўлиши керак. Жамоанинг ички сирлари четга чиқмаслиги керак. Майли, менга қарши бўлган айрим футболчиларнинг, айрим жамоадаги инсонларнинг виждонига ҳавола. Чунки қийин вазият бўлганда ҳаммамиз бирлашиб қийин вазиятдан чиқиш йўлларини излашимиз керак эди. Лекин айримлар менинг ишдан кетишим босимни камайтиради деб ҳисоблашди. Лекин мен шуни аниқ биламанки, мени кетишимдан хурсанд бўлган футболчиларнинг хурсандчилиги узоққа бормайди. Янги келган мураббий ҳам ким кучли бўлса, ўша футболчини майдонга туширади. Шу нарсага амин бўлдимки, маҳаллий футболчини ўйнатасизми ёки бошқа шаҳардан келган футболчиними, натижа қилсангиз ҳеч кимнинг эътирози бўлмайди. Агар натижа қилмасангиз 10 та маҳаллий футболчи ўйнатсангиз ҳам норози бўлишади. Чунки футболда асосийси натижа.

Охирги пайтда жамоа раҳбариятига ҳам катта босим бўлмоқда. Лекин мен шуни айтишим мумкинки, раҳбарият қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Тўра ака Барноев базадаги шароитлар яхшиланишида ўзлари бош-қош бўлишмоқда. Келажак авлод учун яхши футбол базаси қолиш учун тинимсиз меҳнат қилишмоқда. Жамоа раҳбари Шуҳрат Қўзиевични эса мен ишлаган раҳбарлар ичида энг яхшиларидан бири деб биламан. Чунки мавсум бошида жамоа жар ёқасида турганди. Шуҳрат Қўзиевич вилоят раҳбарлари ёрдамида жамоани жар ёқасидан олиб чиқиб кетди. Кўплаб муаммоларни ҳал қилди. Жамоа олдида ҳам бу йилги мавсумда қарздорлик катта бўлмаслигини таъминламоқда. Тўғри, олдинги раҳбарлар ҳам ёмон ишлашмаган. Лекин у пайт маблағ ҳозиргидан икки баравар кўп эди. Маблағ бор жойда эса ишлаш ҳам осонроқ. Мен жамоа футболчиларига ва мухлисларига кейинги ўйинларда омад тилайман. Худо хоҳласа, жамоа тез орада яхши ўринларга кўтарилишига тилакдошман.

«Бу мавсум «Пахтакор»нинг йили бўлади»

Кўпчилик «Пахтакор»ни чемпионлик учун асосий номзод деб ҳисоблаяпти, бу фикрга Ашурматов ҳам қўшилармикин?

- Бу йил «Пахтакор»нинг йили деб ҳисоблайман. Чемпионлик йўлида рақобат қилиши мумкин бўлган жамоалар ҳозиргача кўп очко йўқотиб бўлишди. Шу сабабли бирор жамоа «Пахтакор»га жиддий рақобат кўрсата олмайди, деган фикрдаман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
22/05/2019 22:42
Охирги марта мураббийни кули куринган жамоа - бу Агамуродов бошкарган Бухоро эди. Колган мураббийлар майдонданда мураббийлиги куринмайди
&
sanjar_yunusov95
23/05/2019 17:21
Агамуродовга берилган пул хозирги вактда ёк. уша пулга лига чемпионовга чикариб буларди.
&
Rasul7877
22/05/2019 21:44
Qoqon ga kelsa kerak
Bek Husainov
24/05/2019 04:08
Hammasiga omat
&
Gaffarov Muzaffar
23/05/2019 11:54
Ashurmatov juda yaxshi murabbiy. Uni yagoma kamchiligi kelishilgan o'uinlqda qatnashib qoyishi.
&
darwesh
22/05/2019 22:38
Сугдиёнага кетадими Бакоевни олдига?
&
Rasul7877
22/05/2019 21:44
Qoqon ga kelsa kerak
&
Rasul7877
22/05/2019 21:44
Qoqon ga kelsa kerak
&
Mirzo navbahor
22/05/2019 19:30
Ашурматов яхши тренер Навбахорга ёрдамчи мураббий сифатида таклиф килиш керак фойдаси тегарди менимча
Rasuljon Ahmadbaev
22/05/2019 23:21
Juda tugri