“Барселона”да янги авлод: “Кўк-анорранглилар” келажагини белгилайдиган 5 футболчи

Ҳамма нарсанинг якуни бор.

Буни “Барселона”нинг ҳозирги таркибидаги юлдузларнинг ёшига қараб ҳам билсак бўлади: Луис Суарез 33 ёш, Хорди Альба 31 ёш, Артуро Видаль 32 ёш, Серхио Бускетс 31 ёш, Иван Ракитич 32 ёш ва Лионель Месси 32 ёш.  Тез орада уларнинг фаолиятида пасайиш кузатилади.

Улар билан биргаликда ғалабага ташна ва ўзини кўрсатишни истайдиган ёшлар ҳам бор. Юқоридаги футболчилар эса бу ёшларга ўз тажрибаларидан келиб чиқиб ёрдам беришади.

Биз эса айнан “Барселона”нинг келажаги бўлиши кутилаётган ёш футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.

Ансу Фати

Fati

Ўз даврининг энг ёш иқтидорли футболчиларидан бири бўлган Ансу Фати аллақачон жамоадаги бир қанча рекордларни янгилашга эришди. 2019 йил сентабрь ойида Испания фуқаролигини олган Фати терма жамоа ва клубда ўзига хос ўринга эга бўлди. 17 ёш бўлишига қарамасдан “Барселона” таркибида мунтазам равишда ўйинларда иштирок этиб келяпти.

Ансу “Барса” структурасида 2012 йилдан бери шуғулланиб келмоқда ва жамоа фалсафасини ўзлаштириб олган. Ҳозирда Месси ва Суарезга майдонда ёрдамчи вазифасини ўтаётган футболчи кун келиб жамоанинг асосий етакчисига айланади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Фатини ҳамма таний бошлади. “Интер” дарвозасини ишғол қилган футболчи Чемпионлар Лигаси тархидаги энг ёш гол муаллифига айланди. Ўшанда Ансу Фати 17 ёш-у 40 кунлик эди. Ундан олдинроқ ҳам футболчи “кўк-анорранглилар”нинг бир қанча ўйинларида ўзини кўрсатиб келаётган эди.

Рики Пуч

Пуч ҳам “Ла Масия” тарбияланувчиси ҳисобланади. Жамоанинг фалсафаси, тартиби, қонун-қоидалари билан таниш. Ёш футболчи 2018 йил декабрь ойида асосий жамоадаги дебютини ўтказган. Испания Кубоги доирасида “Леонесса”га қарши ўйинда майдонга тушган Рики ўзининг истеъдоди билан ҳаммани ҳайратда қолдирган эди.

Туғма истеъдод соҳиби бўлган Пуч майдонда қўрқмасдан ҳаракат қилади ва бир неча йиллик тажрибаси бор футболчилардек таассурот қолдиради. Рики Пуч Кике Сетьеннинг тактикасига тушадими йўқми буни кейинчалик билиб оламиз. 20 ёшли футболчи балки ижара асосида бошқа жамоаларга бориб тажриба орттириб келар, балки Кике Сетьен унга ишонч билдириб, асосий таркибга мунтазам туширар. Аммо шуниси аниқки, Рики Пуч “Барса”нинг келажакдаги етакчи футболчиларидан бири бўла олади.

Усмон Дембеле

Усмон Дембеле аллақачон жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган футболчилардан бири ҳисобланади. Месси ва Иньеста унинг иқтидорига юқори баҳо берган ва Дембеле бемалол “Барселона” етакчиларидан бири бўла олади.

Усмон ёш бўлишига қарамасдан 2015 йилдан бери ўзи ўйнаган жамоаларнинг асосий таркибида майдонга тушиб келади. Фаолиятини “Ренн”да бошлаган футболчи кейинчалик “Боруссия Дортмунд”га ўтди ва у ерда ҳам мухлислар олқишга сазовор бўлди. “Боруссия” Дембеленинг “Барса”га ўтишида ўзига хос “кўприк” вазифасини ўтади. Каталонияга ташриф буюрган Усмон Парижга кетган Неймарнинг ўрнини билинтирмаслиги керак эди. Аммо ҳозирча 22 ёшли футболчи бу вазифани уддалай олгани йўқ. Доимий равишдаги жароҳатлар бунга йўл қўймаяпти. Жароҳатлар гирдобига тез тушиб қолишини ҳисобга олмаса, Дембеле “Барса”нинг ҳозир ва келажакдаги етакчи футболчиларидан бири ҳисобланади.

Френки де Йонг

De Yong

Ўтган мавсумда “Аякс” таркибидаги ажойиб ўйини билан де Йонг “Барселона” эътиборига тушиб қолди. “Кўк-анорранглилар” раҳбарияти ўйлаб ўтирмасдан амстердамликларга 75 миллион евро тўлади ва футболчини Каталонияга олиб келишди.

Френки бугунги “Барселона” тизимига мослашиб кетиши учун унга иккита хусусияти ёрдам беради.  Марказда тўп сурадиган футболчи қисқа ва узун тўп узатмаларини бехато амалга оширади ва ўйинни ўқий олиш даражаси жуда юқори. 22 ёшли футболчи учун бу жуда яхши натижа.

“Барселона”нинг келажакдаги режаларига албатта Френки де Йонг ҳам киради. Голландиялик футболчи бир пайтлардагидек Хави ва Иньестанинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилади.

Артур Мело

Албатта, “Барселона”нинг ҳеч бир авлоди жанубий америкалик футболчиларсиз ташкил топмайди. Айнан Артур Мело “Барселона”нинг мана шу “анъанасини” давом эттириш учун идеал вариантлардан. Бразилиянинг “Гремио” жамоаси тарбияланувчиси бўлган Артур 2018 йилда Каталония жамоасига келиб қўшилди. Жамоа мурабийи Эрнесто Вальверде футболчининг маҳоратини юқори баҳолади.

“Барселона” афсонаси Хави ҳам футболчи ҳақида илиқ фикрлар билдирганди: “Ҳар сафар Артурни телевизорда кўрсам, ўзимни кўргандек бўламан.” “Барселона” тарбияланувчиси ҳисобланмасада, Артур аллақачон жамоа ўйинига мослашиб улгурди.

Ҳозир Артур энг идеал ёшда. 23 ёшли футболчи учун ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатиш вақти келган. Артур эса буни уддалаяпти. Жамоанинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланадиган Артур Мело келажакда ҳам “кўк-анорранглилар”нинг соврин ютишида ёрдам бериши аниқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)