«Барселона» ички низолар гирдобида. Бош айбдорлар: Бартомеудан Мессигача

«Барса»нинг кийим алмаштириш хонасидаги гапларнинг ташқарида  болалаши ёлғиз Абидалнинг айби билан юз берган, деб бўлмайди.  Жамоада анчадан бери сақланиб келаётган норози кайфият охир-оқибат, ички низоларга, даҳанаки жангларга айланиб кетди. Келинг, бу воқеадаги асосий фигуралар ва улар «олов»га қалаган «ўтин» ҳақида бирма-бир сўз юритамиз.

Хосеп Мария Бартомеу

Кўпчилик учун янгилик бўлиши мумкин, аммо Бартомеу 1974 йилдан буён «Барселона» билан алоқаларни давом эттириб келади. 2003-2005 йилларда қисқа муддат Жоан Лапорта қўл остидаги директорлар кенгашида ишлайди. 2010 йилги сайловларда унинг дўсти Сандро Россель ғалаба қозонади ва Бартомеу «кўк-анор ранглилар» спорт директори вазифасида фаолиятини бошлайди. Неймар трансфери борасидаги товламачиликларда айбланган Россель қамоққа олинади. Шундай қилиб, 2014 йил январда Хосеп Мария «Барселона» президентлигига ўтказилган сайловларда ғалаба қозонади.

josep-maria-bartomeu-neymar-barcelona_1dgulh92ut56z5jshb69565s

У тўлиқ президентлик вазифасини бажарган илк мавсум, яъни 2015/16 йиллари «Барселона» ўз тарихида иккинчи бор «требл» қайд этишга муваффақ бўлди. Бир қарашда, барчаси рисоладагидек кетаётганди. Аммо Неймарнинг ПСЖга трансфер қилиниши муносабати билан «жаноб президент»нинг футболчилар ва «Барса» мухлислари билан муносабатлари ёмонлаша бошлади. Айниқса, сўнгги бир йилда аҳвол янада оғирлашди. Бунга бир нечта сабаблар мавжуд:

  • Собиқ бош мураббий Эрнесто Вальверде ноўрин истеъфога чиқарилди. Ҳа, унинг кетишини хоҳловчилар кўп эди. Аммо Сетьен келишини билишганида улар ҳам Эрнестонинг жамоада қолишини маъқул кўрган бўлишар эди. Бартомеу режа бўйича Вальверденинг ўрнига Рональд Куман ёки Хавини олиб келиши керак эди. Бироқ ундай бўлмади.
  • Қишки трансферлар вақтида жароҳат олган Суаресга муносиб ўринбосар топилмади. Мартин Брейтуэйт эса «Барса»да шунчаки тинчлантирувчи ролида пайдо бўлди. Лекин декабрда ваъдалар бошқача эди: Лаутаро, Обамеянг…
  • Бир қатор манбаларнинг маълумот беришича, Бартомеу клубнинг ижтимоий тармоқдан келадиган даромадини кўпайтириш мақсадида хакерлик компанияларининг хизматларидан фойдаланган. Улар ҳатто Мессининг аккаунтларига ҳам дахл қилишга уринишган.
  • Коронавирус кризиси сабабли футболчиларнинг маошлари қисқартириб ташланди. «Барселона» инқирозда эканлиги айтилмоқда. Ваҳоланки, ўтган мавсум ҳисоб-китобларига кўра, каталонияликлар дунёнинг энг кўп даромад топган жамоасига айланди ва ҳаттоки, бу борада рекорд ҳам ўрнатилди. Шунча пул қаерга кетди? Нега Неймарни ёки Лаутарони сотиб олишга «Барса»да етарли маблағ йўқлиги сўралмоқда.

Навбатдаги сайловлар 2021 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган. 2015 йилда бир марта қайта сайланиб улгурган Бартомеу энди  сайловга номзодини қўя олмайди. Аммо унинг ихтиёрида барселоналикларда яхши таассурот қолдиришга эришиш учун яна бир йил бор.

Бир муддат аввал, «блаугранас» раҳбариятидан 6 киши клуб билан қайтадан шартнома имзолади: Эмили Русо, Энрике Тамбос, Мария Теишидор, Силвио Элиас, Хосеп Понт ва Хорди Кансамилья. Булардан иккитаси бизнинг «қора рўйхат»имиздан ўрин олган.

Эмили Русо

Январда вице-президент қилиб тайинланиши ва Бартомеунинг унга бўлган чексиз ишончи сабаб ОАВда Эмилини «Барселона»нинг янги президенти қилиб қўйишга улгуришганди. Бу эса мухлисларга ёқмади. Ижтимоий тармоқ машмашасида катта ишни бажарган Русога мухлислар у қадар хайрихоҳ эмас. Унинг «Камп Ноу»да коррупцияни авж олдиришидан чўчишмоқда.

Мария Теишидор

Бу ном Бартомеунинг «Барса»да амалга оширган иккинчи буюк хизмати билан боғлиқ. Каталонияликларнинг аёллар жамоаси айнан унинг президентлик даврида гуллаб-яшнаганининг бош омилларидан бири Мария ҳисобланади. У шундоқ ҳам «Барселона» тарихидаги биринчи аёл котиб саналарди. Ҳозирги кунда Теишидор биринчи аёл президент лавозими учун курашмоқда. Муаммо шундаки, мухлислар уни Бартомеунинг шериги, деб ҳисоблашади.

Жоан Лапорта

Лапорта номи кўпчиликка «Барселона»нинг суперпарвозини ўз президентлик даврида бошлаб берган инсонни эслатади. Ҳа, балки у «Барса» тарихидаги энг ақлли қарорларни қабул қилган президент сифатида тарихга кирар. Роналдиньо трансфери ва Пеп Гвардиоланинг мураббий сифатида каталонияликлар жамоасига қайтишида Лапорта асосий ролни ўйнаган.

laporta-pep-guardiola-2_znkgy7jk00r61p3ul06jnx581

Лапорта 2015 йилги қайта сайловда Бартомеудан кейин иккинчи бўлган эди. 2021 йилда ҳам у ўз номзодини сайловда илгари суриши мумкин. Айнан мана шу жиҳат клубдаги нотинчликларга ҳисса қўшяпти. Бартомеу Жоаннинг президентликни эгаллашини хоҳламайди.

Сандро Россель

Сандро «Барса»га Лапорта жамоаси вакили сифатида ташриф буюрганди. 2005 йилда у спорт директори лавозимини эгаллади. Ўтган йил Россель ўз китобини босмадан чиқарди. Ушбу китобда у собиқ дўсти Лапортанинг фаолиятини жиддий танқид остига олди. Ўз китобида қайд этишича, Россель фақат белгиланган режа бўйича ҳаракат қилган. Лапорта ва Бартомеу эса уни қурбон қилган ҳолда сувдан қуруқ чиқишган.

Неймар трансферида товламачилик уюштиришда айбланиб қамоққа олинган Сандро икки йил ўтиб буткул айбсиз, деб топилди. Хўш, муаммо нимада? Россель 2010 йилги сайловда 60 фоиздан ортиқроқ овоз тўплаган. Унинг амалга ошираётган ишлари айни мухлислар хоҳлагандек эди. Ўтган иш ўтиб кетди, дейишимиз мумкин. Аммо мухлислар ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган инсоннинг президентликдан олиниши ва унинг ўрнига келган шахснинг бу қадар номақбул ишлари ортидан ғазаб отига минишган.

717561825_0_0_3024_2204_1036x0_80_0_0_fcf81ab259c73c3b7d2e4dde6979d8d4

Хорди Кардонер

Бу ном сизга таниш эмасми? Биз ҳам у ҳақида кўпроқ маълумот топа билмадик. Хордининг айби Бартомеунинг ишонган дўсти эканлигида. Президентнинг яхши ишларда ҳам ёмон ишларда ҳам ишга соладиган «қўли» айнан Кардонер ҳисобланади.

Давид Бельвер

Бу шахсни ҳикоямизнинг мутлақ ижобий персонажларидан бири, десак бўлади. Хўш, унда унинг низо келиб чиқишига нима алоқаси бор? Гап шундаки, Давид катта компания эгаси. «Барселона»га яхшигина сармоя кирита олади. Муаммо унинг январдагина жамоага олиб келингани. Шундай фойдали келишувни Бартомеу нега ортга сурган, деб ўйлайсиз? Чунки Бельвер Сандро Росселнинг қалин дўсти. Ҳамма гап шунда.

Хорди Местре

«Неймар 200 фоиз «Барса»да қолади», деган сўзлари билан мухлисларнинг ёдида қолган Хорди ўтган йил вице-президент лавозимидан бўшатилди. Сабаб, у спорт директори Пеп Сегурани ишдан бўшатишда Бартомеунинг йўлига тўғаноқ бўлди.

jordi-mestre-luis-suarez-barcelona_7p88xozs25001r8gwbtmkelyl

Бу ҳақида Местренинг ўзи: «Жамоа раҳбарияти ичида менга қарши ҳаракатларни сеза бошлаганим ҳамоноқ, ўзим кетишга қарор бердим. Битта тизим ичида жуда кўплаб гуруҳлар ташкил қилиб юборилган эди. Биз ортиқ бир жойда ишлай олмасдик. Тизимда сизнинг шаффоф ишлашингизга ҳалақит берувчи омиллар бор эди. Русо билан алоқаларимиз тобора ёмонлашиб борарди. Чунки у ички муаммоларни ташқарига болалатишдан тап тортмас эди. Мана, нима учун «Барса»дан кетдим?!», - дейди собиқ вице-президент.

Хавьер Фаус

2013 йилдан бери «Барса»да ишлаб келадиган Фаусга энг зўр таърифни Месси бериб бўлган. У ўша йили клуб билан шартномани узайтириш масалалари бўйича айнан у билан иш олиб борган. Ўшанда Лео унинг футбол ҳақида умуман тасаввурга эга эмаслигини айтган эди.

Хавьерни каталонияликларга боғлайдиган асосий нарса қатарлик сармоядорлар билан шартнома тузишда ўртада турганлиги. «QatarSportsInvestment» компаниясининг президенти Аугусти Бенедито ёрдами билан Бартомеу Росселнинг ўрнини эгаллаган дастлабки даврда у вице-президентлик вазифасини бажарган. Уни ҳамон ҳеч қандай таассуротсиз эслашади. У фаолияти давомида ҳеч қандай иш қилмагани бунга сабаб.

Сюзана Монхе

Биринчи аёл «ғазначи» ҳисобланган Сюзана «Барселона»да икки йиллик фаолиятидан сўнг Хавьер Фаусга ўхшаб, шахсий сабабларга кўра, деган баҳона билан истеъфога чиқди. У кетгандан кейин у қилган ишларнинг «миси» ҳам чиқди. Монхе хоним «Барселона»да харажат масаласига қаттиқ қараган. Бартомеуга эса бу табиийки ёқмаган. Шу тариқа, Сюзана Монхе «ўз ихтиёрига кўра» ишдан бўшатилди.

Карлес Виларруби

Клубнинг институционал алоқалар бўлими собиқ раҳбари 2017 йилда истеъфога чиқарилган. Бунга сабаб, «Лас Палмас»га қарши ўйиндан сўнг барселоналиклар уюштирган намойиш ва унинг полиция томонидан аранг тўхтатилиши бўлди. Дарҳақиқат, мана шу воқеадан сўнг, айниқса каталонияликларнинг озодлик учун курашлари авж олиб кетди. «Барселона» Ла Лигадан чиқиб кетишига бир баҳя қолганди.

Хорди Рохе

Бартомеу Русони ўз давомчиси сифатида кўраётган бир пайтда, Рохенинг «ошга тушиши» унинг бу ҳикоядаги энг биринчи «айби». Иккинчи «қусур» унинг Россель билан жуда қалин алоқада эканлигида. Бундан ташқари, Хорди келгуси сайловда иштирок этувчи расмий даъвогар ҳисобланади.

Виктор Фонт

Худди Рохе сингари Фонт ҳам Хосеп Мария Бартомеунинг ғашини келтирадиганлардан бири. Сабаби, у номзоди расман тасдиқланган ҳозирча ягона инсон. Виктор етарлича фаворит бўлмаганда, «жаноб президент» шунчалик ҳавотирга тушармиди. У Кройф, Гвардиола ва Хави каби «Барселона» севиклилари билан жуда яқин алоқаларга эга.

Лионель Месси

Ҳар ҳолда аниқ, «Барса» тарихидаги энг кучли футболчи Бартомеу учун энг катта бош оғриқ. У жамоа кийим алмаштириш хонасидаги сиёсатда етакчи ўрин тутади. Мессининг талаби оддий. Яхши президент, яхши мураббий, яхши футболчилар. У совринлар ютишни истайди.

lionel-messi-barcelona-2019-20_1hk1ikv3y8hvx1k21medgohxdb

Херард Пике

«Барселона»нинг бўлғуси президенти бу масалада ростдан ҳам жиддий гапиради. У «Гарвард» университетини тамомлаган, бугунги кунда ўз бизнес империясига эга, «Дэвис кубоги»ни янги форматда ўтказиш ишларига бош қўшган. Аммо унинг ҳозирданоқ ўзини клуб расмийсидек тутиши раҳбариятга ёқмайди.

 

Ҳа, «блаугранас»га янги ҳаво керак. Биз 2021 йилги сайловларда муносиб номзод ғалаба қозонишини хоҳлаймиз ва «Камп Ноу»га мухлислар соғинган беғубор футболни қайтаришларига тилакдошмиз.

 

                                                        Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)