«Барселона» - «Наполи»: Превью

«Камп Ноу»га «Наполи» катта муаммо билан ташриф буюрмоқда. Жамоа сардори Лоренцо Инсинье «Лацио»га қарши баҳсни кўзида ёш билан тарк этди. У жароҳати жиддийлигини сезганди. Бугун у майдонга тушишининг эҳтимоли жуда кам. Майдонда уни кўрсак ҳам, бор кучини сарфлаб ҳаракат қила олади, деб ўйламайман.
«Барселона» биринчи ўйиндан олдин ҳам, бугун ҳам фаворит мақомида. Аммо буни Неаполдаги учрашувда кўрмадик. Гаттузо шогирдлари ғалабага яқинроқ эди. Бироқ «Барса» кўрсатган ўйинига қараганда, кўпроғи билан қайтди.
Рестартдан сўнг кетма-кет очко йўқотган, низолар исканжасида қолган каталонияликлар сўнгги турлар олдидангина ўзига келгандек кўринди. Бугун «блаугранас» мухлисларининг аксарияти Сетьен мураббийлигидан норози. Бартомеу унинг келгуси мавсумда ҳам жамоада қолишини айтмоқда. Бугун итальянлар Барселонада жамоани енгган тақдирда, нафақат Сетьен, балки Бартомеунинг ўзи ҳам хавф остида қолади.

видаль
Дастлабки ўйин

Биринчи тайм аввалида «Наполи» устунликни ўз қўлига олди. Ҳужумлари ҳам салмоқли бўлди. Кейинроқ, голгача бўлган ҳолатда «Барселона» кўпроқ ҳужумга ташланганини кўрдик. Аммо уларнинг ҳужумлари якунловчи зарбагача етиб бормасди. Шундай ҳужумларнинг биридан сўнг, қарши ҳужумга ўтган неаполликлар мақсадларига эришди. Зелински ўз вақтида Мертенсга тўпни узатди. Жамоадошининг қаерда эканини қарамасдан топа олган хавбекка олқишлар ярашади. Бельгияликда эса тўпни қабул қилиб, уни бироз олдинга ташлаб, тайёргарлик билан зарба бериш учун етарли вақт ва бўшлиқ бор эди. Унинг зарбаси йўлини кўрмай қолган Тер Штеген аслида қайтариш мумкин бўлган тўпга сакрай олмади.
«Барселона» ҳужумлари муваффақиятсизлигида Гризманнинг улуши кўпроқ эди, назаримда. Ҳа, у гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Аммо унгача гол пишитиб бўлинган эди-да. Француз ўйин мобайнида тўпни ҳаволатиб ичкарига етказиб қўйишдан ўзини тия билмади. «Барса»да бўйдор ҳужумчилар йўқ ва бундай узатмалар жуда кўп амалга оширилганига эътибор қаратсак, бу ҳужумчининг кераксиз хатоси эканини англашимиз мумкин. Шу орқали, тўпни ўта қадрлайдиган «кўк-анорранглилар»нинг анчагина ҳужумлари бесамар кетди. Гризманн гол урган вазиятда Бускетс унга жамоанинг классик услуби қандайлигини кўрсатувчи пасни амалга оширди. Унинг заргарона узатмасидан сўнг Семеду Антуанга голли пас етказиб берди. Шу тариқа, Марадона тимсолига айланган майдондан Месси дуранг билан қайтишга мажбур бўлди.

гризман
Жамоаларнинг тахминий таркиблари

«Барселона»: Тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Алба, Роберто, Ракитич, Де Йонг, Месси, Суарес, Гризманн.
Иштирок эта олмайди: Бускетс, Видаль, Дембеле, Умтити.
Сўроқ остида: Лангле, Гризманн, Араухо.
Дисквалификация хавфи остида: Гризманн, Месси, Семеду.
Таркибга киритилганлар: Куэнка, Райс.
Қайдномадан ўчирилганлар: Сарсанедас, Саверио.

барса состав

«Наполи»: Оспина, Ди Лоренцо, Манолас, Кулибали, Марио Руи, Фабиан Руиз, Демме, Зелински, Кальехон, Мертенс, Милик.
Сўроқ остида: Максимович, Инсинье.
Дисквалификация хавфи остида: Кулибали, Льоренте, Марио Руи.

наполи состав

Мураббийлар

Кике Сетьен: «Биз астойдил тайёрландик. Жамоа билан Чемпионлар Лигасида зафар қучишни мақсад қилганмиз. Қийин ўйин бўлиши табиий ва барчаси қандайдир сонияларда ҳал бўлади. Тўпни ўзимизда кўпроқ ушлаб турсак, уларга камроқ имконият берган бўламиз. Аммо биз умуман гол ўтказиб юбориш ҳақида ўйламаяпмиз. Биз ишончли ғалабага эришишимиз керак».

барса состав_1

Женнаро Гаттузо: "Биз «Барса» даражаси ҳақида кўп нарсаларни биламиз. Уларни енгиш учун жисмонан ва тактик жиҳатдан кучли бўлишимиз лозим. Барселоналиклар шундай жамоаки, баъзида сиз энг яхши ўйинингизни намойиш этсангиз ҳам, бу ғалаба учун етарли бўлмаслиги мумкин. Каталонияликлар ушбу мавсумда ҳеч қандай кубокни қўлга кирита олмади. Бу уларга қўшимча мотивация беради. «Барселона»да ғолиблик менталитети бор. Лоренцо бугун жамоавий машғулотларга қўшилди. Шифокорлар унинг 100 фоиз тайёрлигини айтмаса, майдонга тушмайди".

гаттузо
Бугун ҳар қандай вазиятда «Наполи» олдинга боришга мажбур. Аммо улар чуқур ҳимояланган ҳолда ўз имкониятини кутиш варианти ҳам мавжуд. «Барселона» сўнгги йилларда нимчорак финал жавоб баҳсларини анча қувноқ ўтказмоқда. Уларнинг жамоавий футболи шаклланиб бормоқда. Аммо бу шаклланишда мураббий имзоси сезилмаяпти. Жамоадошлари Месси учун ўйнамоқда. Ҳужумлар Леонинг иштирокисиз ўтмаяпти. Бартомеу ҳар бир интервьюсида жамоа Мессисиз ўйнашга тайёргарлик кўраётганини иддао қилаётган бўлса-да, аслият бизга «Барса» аргентиналик тирик афсонага янада боғланиб бораётганини кўрсатиб қўйяпти. Кўрамиз, бугун Мессининг ўйин қанчалик ўхшайди. Гаттузо уни фақат тушида ёки ўғлининг видеоўйинида тўхтата олишини айтган. Хўш, Неаполь клуби ҳимоячилари нима қилишади?

месси гаттузо

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)