Азиз Тўхтабоев: Ишонтириб айтаманки,
Ads

Биринчи даврада мухлисларини хурсанд эта олмасдан охирги ўринга тушиб қолган “Қўқон-1912” жамоаси айни пайтда иккинчи давра учун қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Таркибда эса айрим ўзгаришлар бўлди. Лекин кўпчилик кутганидек бош мураббий масаласи ўзгармади. Ушбу лавозимда вақтинча ишлаётган Азиз Тўхтабоев мавсум охирига қадар бош мураббий вазифасини бажарадиган бўлди. Хўш, ёш мураббий жамоани Суперлигада сақлаб қола оладими? Жамоа ўйинига қанчалик ўзгартириш кирита олади? Қолаверса, ёзги йиғинлар режа асосида ўтяптими? Шу ва яна бошқа саволларга жавоб излаш мақсадида Азиз Тўхтабоев билан боғландик.

- “Қўқон-1912” жамоасининг ёзги йиғинидан қанчалик кўнглингиз тўлди? Ҳаммаси сиз ўйлаган режа асосида ўтдими?

- Йиғинимиз икки босқичда ўтди. Дастлабкисида футболчиларга жисмоний юкламалар берилган ҳолда ишладик. Биринчи босқич 11 июлдан 18 июлгача давом этди. Шундан сўнг йигитларга икки кунлик дам бердик. 21 июлдан Тошкентда тўпландик. Энди иккинчи давранинг илк турида “Пахтакор”га қарши ўйин учун тайёргарлик олиб боряпмиз. Йиғиндан қониқиш ҳосил қилдик. Лекин бизга вақт камлик қилди. Олдинлари шуғулланиш учун 25-30 кун давомида вақтимиз бўларди. Бу сафар эса яхши тайёрланиш учун асосан бир ҳафта вақтимиз бўлди холос. Қолган барча жиҳатлар бўйича эса кўнглим тўлди.

- Кўпчилик мутахассисларга биринчи даврадан кейиноқ Лига Кубогининг гуруҳ баҳслари ўтказилгани ёқмади. Сизнинг режаларингизга ҳам шу нарса таъсир кўрсатдими?

- Лига Кубоги бўлмаганида албатта кўпроқ дам олардик ва тайёргарлик учун ҳам етарлича вақтимиз бўларди. Эндиликда эса бир ҳафта давомида футболчиларни ҳар томонлама тайёрлашга тўғри келмоқда. Гарчи йиғинларимиз меъёрида ўтган бўлса-да, барибир машғулотларимиз учун вақт кам бўлди. Сентябрь ойида 15-16 кун давомида ФИФА кунлари жорий этилган. Ҳеч бўлмаганда Лига Кубоги баҳсларини ушбу кунларга тўғрилашса ҳам бўлаверарди.

- Жамоа таркибида айрим ўзгаришлар бўлди. Бу борада қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз? Ёки яна ўзгаришлар давом этадими?

- Таркибимизнинг ўзаги аниқ. Ушбу футболчилар билан иккинчи даврада ҳам курашамиз. Лекин ўзим хоҳлаган ўйинчини оламан десак, бунинг учун яхшигина пул керак бўлади. Қолаверса, уларнинг ўз клублари билан шартномалари ҳам бор. Биз шу ҳолатдан келиб чиқиб, қиммат ўйинчиларни қўлга кирита олмаймиз. Ўз ўйин услубимизга тўғри келадиган футболчиларни қишки йиғиндан олишга ҳаракат қиламиз.

- Демак, таркибда бошқа ўзгариш кўрмаймиз-а?

- Йўқ. Албатта, жамоамизга битта дарвозабон олишимиз керак. Агар ўзимиз истаган яхши посбонни топа олсак, албатта қўшиб оламиз.

Азиз Тўхтабоев

- Бунгача “Қўқон-1912”да конголик легионер қатнашаётганди. Унинг тақдири нима бўлди?

- Уни бизга агентлар таклиф қилишганди. Йиғинларда кўрдик ва кейин унга жавоб бериб юбордик. Бизга ўйини маъқул келмади.

- Ҳозирги пайтга келиб расман қайси янги футболчилар таркибга қўшиб олинди?

- Қирғизистоннинг “Нефтчи” клубидан Отабек Ҳайдаров, ўзимизнинг “Нефтчи”дан Ҳамидилло Абдуҳамидов, “Оқтепа”дан Алишер Саматов ва “Шўртан”дан Сирожиддин Раҳматуллаевларни таркибга қўшиб олганмиз.

- Биринчи давра қўқонликлар учун омадсиз кечди ва охирги ўринга тушиб қолган. Шу сабабли иккинчи давра сиз ва жамоангиз учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бундай пайтда эса сизга бўлган масъулият ҳам юқори. Бош мураббий лавозимида сизга катта ишонч билдирилмоқда. Бундай кезларда ўзингизда ташқи босим ёки қўрқув каби ҳолатлар сезилмаяптими?

- Ҳаяжон ҳаммада ҳам бўлади. Бунинг устига ўзингиз айтганингиздек, жамоа охирги ўринда. Шундай пайтда янги иш бошлаётган мураббийга бундай жамоани қабул қилиб олиш ҳам қийин. Бундай жамоада ишлаш бир томондан янги синов бўлса, иккинчи томондан яхшигина тажриба бўлиши мумкин. Биз ҳозирги қийин вазиятдан жамоани олиб чиқиб кетишимиз лозим. Авваламбор шуни алоҳида айтмоқчиманки, жамоамиз Суперлигадан тушиб кетмайди. Бунга 100 фоиз ишонаман ва ҳаммани ишонатира оламан ҳам. Жамоамизнинг иштиёқи, ҳаракатлари ва кўрсатаётган ўйинидан келиб чиқиб, Суперлигадан тушиб кетмаслигимизга ишончим комил. Аввало ҳамма нарса Худодан.

- Биринчи даврадан кейин мураббийлар штабига маслаҳатчи мутахассис қўшилиши ва у сизга яқиндан ёрдам бериши ҳақида ҳам эшитгандик...

- Ростдан ҳам шундай вариантимиз ҳам бор эди. Бош мураббийликда биринчи бор ишлаётганим ва ҳали ёшлигим учун маслаҳатчи мураббий ёки жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассисни жалб этмоқчи эдик. Лекин бизнинг услубимизга мос келадиганини ололмадик. Биз мураббийлар штабига дуч келган одамни ҳам ололмасдик. Аниқроғи, биз истаган мураббийлар жамоамизга келишни исташмади. Бу муаммони кейинги йили ҳал қиламиз.

- Иккинчи даврада мухлислар жамоадан ижобий натижаларни кутишмоқда. Боя айтганимиздек, “Қўқон-1912” учун жуда муҳим ҳисобланади. Шундай экан, сиз жамоани қайси томонлама ўзгартира оляпсиз?

- Жамоамизда комбинацион ўйин кўрасизлар, бунга 100 фоиз аминман. Шу билан бирга ҳужумкор, тажовузкор футбол кўрсатамиз. Ҳар қандай рақиб билан уйда ҳам, сафарда ҳам ҳужумга ихтисослашган ўйинлар намойиш этамиз. Биз рақибнинг майдонида ўз омадимизни излаймиз. Қўқонлик мухлислар эскитдан ҳужумкор футболни ёқтиришади.

- Қолаверса, иккинчи даврада “Қўқон-1912” ўз майдонида кўпроқ ўйнайди ва бу ҳам сизларга қўл келса керак-а?

- Ҳа, бир томондан қараганда шундай. Биласиз, водийлик ишқибозлар жуда талабчан бўлишади, шу жумладан қўқонлик мухлислар ҳам. Шунинг учун биринчи навбатда футболчиларни мана шундай босимга тайёрлашимиз керак.

- Бундан чиқди, “Қўқон-1912”нинг охирги ўриндалиги сизни ортиқча ташвишга солмаяпти экан-да?

- Ҳа, биз тўғри йўналишда ишлаяпмиз ва ўзимизга ишонамиз. Биз иложи борича саккизталикка киришга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ulugbek93
27/07/2019 13:38
qanaqa kuchli 8 talik ligada jon saqlab qolsalaring ham katta gap.
&
Акмал
26/07/2019 19:19
Астойдил харакат қилила йӯқса тушуб кетишила аниқ
Murod Panjiev
25/07/2019 21:10
Бу йил андижон ёки бухоро лигадан тушиб кетиши мумкин колганини вакт курсатади жужани кузда санаймиз омад хамма клубларга
Аваз Бегматов
25/07/2019 21:01
Кукон 1912 жамоасига биз ишонамиз!
&
Surxon turon
25/07/2019 20:20
Омадини берсин