Азат Усеналиев:

Қирғизистонлик боксчилар орасида ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш бўлгани шубҳасиз, 52 кг вазн тоифасида узоқ йиллардан буён турли хил турнирларда иштирок этиб, ўзига хос натижалар қайд этаётган ва кўп карра Қирғизистон чемпиони Азат Усеналиев десак, муболаға бўлмайди. Мазкур чармқўлқоп устасини Жасурбек Латипов, Шаҳобиддин Зоировларга қарши жангларига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз.

Ўзига хос маҳорат эгаси бўлган ушбу боксчи билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик ва унга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида, ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

аза

- Ассалому алайкум.

- Во алайкум ассалом. Ассалому алайкум.

- Азат сизни ўзбекистонлик бокс мухлислари ҳам яхши билади. Чунки бир неча бор юртдошларимиз билан рингда тўқнаш келагансиз. Лекин тўлиқ маълумотга эгамиз, деб айта олмайман?

- Мен 1991 йил 11 сентябрда Тўқмоқ шаҳрида таваллуд топганман. 2009 йил биринчи бор Қирғизистон чемпионатида иштирок этдим. Шундан бошлаб, жуда кўп марта чемпионликни қўлга киритдим. Бир неча бор халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлганман.

- Бир неча бор ўзбекистонлик боксчилар билан жанг килгансиз? Уларни ноқулай рақиб сифатида биласизми?

- Жуда кўплари билан рингда тўқнаш келаганман. Улар орасида энг машҳурлари Шаҳобиддин Зоиров билан беш маротаба (3 :2 ҳисобида Зоиров фойдасига) Жасурбек Латипов билан уч бора (2:1 Латипов фойдасига) жанг қилганман. Яна бор, лекин уларнинг исмлари ёдимдан кўтарилибди. Ўзбекистонлик боксчилар техник ва тактик жиҳатидан ҳам кучли. Улар ҳар қандай боксчи учун ноқулай рақиб ҳисобланади.

- Дарвоқеа, Токио Олимпиадасига лицензия масаласи нима бўлмоқда?

- Ҳозирча йўлланмани қўлга киритганим йўқ. Лекин апрель ойида яна лицензия берувчи турнир бўлади ва унда йўлланмани қўлга киритишдан умидворман.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон терма жамоаси Токиода ҳам биринчи бўла оладими?

- Албатта, ҳозирги кунда Ўзбекистон бокси жуда юқори даражага кўтарилди. Буни сўнги Олимпиада ва жаҳон чемпионатида ҳам кўрдик. Ўйлайманки, Токиода ҳам етакчи бўла олади.

- Сизнинг вазн тоифангиз яъни, 52 кгда Токио Олимпиадасининг фаворитлари дея кимларни эътироф этасиз?

- Шаҳобиддин Зоиров ва ҳиндистонлик Амит Пангални айтиб ўтишим мумкин.

- Ўзбекистонлик кайси боксчи ва мураббийлар билан дўстона муносабатдасиз?

- Кўпчилигини яхши биламан. Жумладан, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳоббиддин Зоиров ва Жасурбек Латипов, мураббийлардан Зиёйиддин Тайғанбоев билан яхши муносабатдаман.

азик

-Ҳозир Қирғизистоннинг Ош шаҳрида Зиёйиддин Тайғанбоевнинг укаси, ўз вақтида ажойиб боксчи бўлган Қувонч Тайғонбоев ҳам мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Уни ҳам танийсизми?

- Албатта, уни нафақат ажойиб мураббий балки, яхши инсон деб ҳам биламан. Лекин юқорида айтиб ўтганимдек, мен Тўқмоқ шаҳрида яшайман. Орадаги масофа узоқлиги учун кам кўришамиз.

- Қирғизистон боксининг ривожи ҳақида нима дея оласиз?

- Айни кунларда ривожланиш босқичида. Жуда кўп маҳоратли ёшлар етишиб чиқмоқда. Ўйлайманки, тез орада улар ҳам яхши натижалар қайд этади.

- Азат жавоблар учун раҳмат. Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишингизга тилакдошмиз!

- Эътибор учун хурсандман!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар