«Арсенал» кимни сотди? «Сити» кимни харид қилди? Қишнинг илк трансферлари билан танишинг

1 январь санасида Европанинг кучли бешлик вакиллари учун трансфер ойнаси очилди. Шу боис, клублар трансферларни амалга оширишга тушиб кетди. Кимдир келажак учун иқтидорли футболчиларга пул сарфлаган бўлса, бошқа клублар бўш позицияларга ижрочилар харид қилишга киришди. Бугун ортда қолган 5 кун давомида трансфер бозоридаги энг кўзга кўринган трансферларни ёдга оламиз.

Амад Диалло Траоре

«Аталанта» - «Манчестер Юнайтед»

fas1

Аслида, бу трансфер ёзнинг сўнгги кунида ҳал этилган эди. «Юнайтед» ҳужжатларни расмийлаштиришга шошилмади ва вундеркинд учун 21 миллион еврони олдиндан тўлаб қўйди. Янги йилнинг илк кунида эса, Диаллонинг трансфери расман эълон қилинди. Эътиборлиси шундаки, Амад Траоре бу мавсумда А Серия ўйинларида атиги 35 дақиқа тўп сурди, холос.

Доминик Собослаи

«Ред Булл Зальцбург» – «РБ Лейпциг»

fas2

Венгрия футболидаги энг ёрқин юлдузлардан бири саналган Собослаи учун кураш авжида эди. Уни «Реал» ёки «Ливерпуль»га ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар урчиб кетди, аммо якунда футболчи ўз клубининг «акаси» сафига бориб қўшилди. 20 миллион евро эвазига ўз футболчисини Бундеслигага қўйиб юборган Австрия клуби аллақачон бу пулларни сарфлашни бошлаган.

Йоаким Меле

«Генк» - «Аталанта»

fas3

Даниялик қанот ҳимоячиси ўзини Бельгияда жуда яхши намойиш эта олди. «Генк» билан биргаликда Европа Чемпионлар Лигасида тўп сурди ва ҳатто терма жамоадан чақирув олди. Бергамода Гасперини бир нечта кучли қанот ҳимоячиларини (Кастань, Госенс, Хатебур) етиштириб чиқарди. Энди навбат Мелега шекилли.

Брендан Ааронсон

«Филаделфия Юнион» – «Ред Булл Зальцбург»

fas4

Собослаини қўйиб юборган жамоа, унинг ўрнини МЛСдан келган 20 ёшли йигит билан тўлдиришга қарор қилди. Ёш бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз ўтган мавсумда жамоасини регион чемпионлигигача бошлаб борган эди. Гол киритишдан ташқари, ўйинни яхши ўқий оладиган Ааронсон учун «Ред Булл Зальцбург» 6 миллион евро сарфлади.

Филип Стеванович

«Партизан» - «Манчестер Сити»

fas5

Сербиялик янги юлдуз 16 ёшида «Партизан»нинг асосий таркибида кўриниш берган эди. Орадан икки йил ўтиб, уни шахсан Пеп Гвардиола ўз жамоасга чақирди. Бу трансфер учун эса, «Сити» 8,5 миллион евродан воз кечишга мажбур бўлди. Катта эҳтимол билан, Филип яқин келажакда Агуэронинг ўрнини эгаллаши кўзда тутилган.

Сеад Колашинац

«Арсенал» - «Шальке 04”

fas6

Чап қанот ҳимоячиси негадир Микель Артета қўл остида кўринмай қолди. У жорий мавсумда АПЛнинг атиги битта ўйинида иштирок этди. Шу боис, Лондон клуби босниялик футболчини ижара асосида «Шальке»га қайтариб юборди. Сеад энди, Бундеслигада ишлари юришмай қолган жамоани элитада жон сақлаб қолишига кўмак бериши лозим.

Раджа Наинголан

«Интер» - «Кальяри»

fas7

Бельгиялик футболчи ўтган мавсумни «Кальяри» да ижара асосида ўтказган эди. Қаҳрамонимиз саратон касаллигига учраган аёлини ёнида бўлиш мақсадида кучсизроқ жамоада тўп сурган эди. Ёзда у Миланга қайтди, аммо Конте билан тил топиша олмади. «Интер» эса, футболчини яна «Кальяри»га ижарага бериб юборди.

Бас Дост

«Айнтрахт» - «Брюгге»

fas8

Голландиялик ҳужумчи Бундеслигани Бельгия чемпионатига алмаштирди. Аслида, Достни Йовичнинг ўрнини эгаллаши учун таклиф этишган эди, бироқ бу уриниш омадсиз чиқди. Оқибатда, клуб баланд бўйли ҳужумчини 4 миллион евро эвазига «Брюгге»га қўйиб юборди.

Этьен Капу

«Уотфорд» - «Вильярреал»

fas9

Француз 7 йил давомида Англиянинг ўртамиёна жамоаларида тўп сурди, аммо кутилган натижага эриша олмади. «Тоттенхэм»даги омадсизликдан сўнг, Капу «Уотфорд»да узоқ қолиб кетди. Ҳозирда, у Европа Чемпионлар Лигасида тўп суриш имкониятига эга.

Жо Скалли

«Нью-Йорк Сити» – «Боруссия Менхенгладбах»

fas10_1

АҚШда ўзини кўрсатган футболчи учун немис клуби аслида 2019 йилда пул тўлаб қўйган эди. У 2020 йилнинг 31 декабрь санасида 18 ёшга тўлди. «Боруссия М» эса, унинг туғилган кунига совға сифатида клуб либосини тақдим этди.

Фредрик Алвес Ибсен

«Силькеборг» – «Вест Хэм»

fas11_1

Даниялик ҳимоячининг АПЛга кўчиб ўтиши учун «Лидс» ҳам кураш олиб борган эди, аммо Ибсеннинг агентлари «товуслар»нинг элитада узоқ ушланиб қолишига ишонмади. Шунингдек, Фредрик учун «Ростов» асосий даъвогарлардан бири эди.

Қишки трансфер ойнаси чоғида эркин агентлар ўзлари учун бошқа жамоа излаши мумкин. Мисол учун Халкнинг Хитой клуби билан шартномаси якунланди. Диего Коста эса, «Атлетико» билан хайрлашди. Эзикель Гарай эса, 6 ойдан бери ишсиз қолиб кетмоқда. Шунингдек, Аҳмед Муса, Квадво Асамоа, Ведад Ибишевич, Сандро Рамирес сингари таниқли футболчилар ҳам ўзлари учун янги клубни қишки трансфер ойнаси чоғи топишни режа қилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар