Анри: «Агар «Арсенал»га ёрдам бера олмасанг...»

SPORTS.uz АПЛнинг барча замонлардаги энг яхши футболчиси - Тьерри Анрининг чин юракдан билдирган фикрларини сизларга тақдим этади.

Француз ўз футболчилик фаолияти давомида «Олтин тўп»дан бошқа барча совринга эга чиққан. Англия ва Испанияда муваффақиятли тўп сурди. Ҳозирда, телеканалларда футбол эксперти сифатида ишламоқда. Хўш, унинг футбол ҳақидаги фикрлари қанақа? У қандай хотиралар оғушида яшайди? Шу ва шунга ўхшаш бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида унинг автобиографик қиссасидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Агар сиз Анридан уни нима буюк футболчига айлантиргани ҳақида сўрасангиз, у тезлик ёки техникаси ҳақида фикр билдирмайди. У ҳаммаси фикрлашга бориб тақалишини айтади!

«Марко Ван Бастен 1992 йилда амалга оширган иш мени ҳайратда қолдирган!»

Қаҳрамонимиз 13 ёшга тўлганида, Франциядаги энг таниқли академия - «Клерфонтен»га қабул қилинди. Николя Анелька, Вильям Галлас ва Луи Саа сингари бўлажак юлдузлар билан катта бўлган Анри футболни ўзгача ўзлаштирди. Ёш жамоадошларидан фарқли ўлароқ, унинг яна бир устози бор эди! У ҳам бўлса, телевизор! Тьерри ўз кумирлари ижросидаги футбол учрашувларини қайта-қайта томоша қилар, улардан нимадир ўрганишга интилар эди.

«1992 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионатида Марко шундай ишни амалга оширдики, мен буни аввал ҳеч ҳам кўрмаган эдим. Деннис Бергкампнинг голи билан якунланган вазият футболга бўлган қарашларимни ўзгартириб юборган. Ван Бастен ҳимоячиларни ўзи билан олиб кетди ва Деннисга гол киритиш имкониятини яратди».

Бўлажак ЖЧ ғолибининг фаолиятида бурилиш ясаган яна бир воқеага алоҳида тўхталиб ўтиш шарт. Ёш футболчи «Монако»га ўтгач, Арсен Венгер билан танишади. Мутахассис Анрида бир нима бор эканлигини дарров англайди. Орадан 5 йил ўтгач, улар Лондонда яна учрашиб қолишади...

erherhstehrtj

«АПЛ мени ўзгартирди! Англияда мен чинакам эркакка айландим, деб ҳисоблайман. Ёдимда бор, «Арсенал»даги илк мавсумда мени ярим ҳимояга жойлаштиргани учун мураббийлардан ранжиган эдим. Шунда, Венгер мени суҳбатга тортган. Ёдимда бор, у деярли 45 дақиқа ўйин схемаси, тактика ва стратегия ҳақида тушунча берган эди. Унинг мен учун жон куйдириб сўзлаган гаплари қулоғимга кирмаган бўлса-да, чин юракдан тўп суришга қарор қилдим.

Вақт ўтгач, ўйин услубига мослашиш учун ярим ҳимоя энг зўр вариант бўлганини англадим. У мендан доимо тўпсиз олдинга интилишим кераклигини талаб қилган. Секин-аста у мендан нима талаб қилаётганини англадим. Кейин, ўз вазифамни уддалаш учун бор кучимни ишга солдим.

Бир куни ўйлаб қолдим. Мен марказий ҳужумчи бўлсам, қандай қилиб футболдан лаззат олишим мумкин? Ахир, марказий ҳужумчилар бутун 90 дақиқа давомида узоғи билан 2-3 дақиқа тўп билан бирга бўлади, холос. Қолган дақиқаларни нимага сарфлайман?»

Бу ўйлардан сўнг, Анри Венгер билан биргаликда ўзи учун янги позиция яратишга қарор қилди. Шундай қилиб, чап қанот вингери катта футболга кириб келди. Тьерри чап қанотда тўп сурар, лекин исталган дақиқада жарима майдончасига ёриб кириши, иккинчи ҳужумчига айланиши мумкин эди.

«Мен «Арсенал»га ўтганимда, барча «қандай қилиб ярим ҳимоячи гол киритади? Ахир у жарима майдончаси ичига ҳам кирмайди» қабилидаги фикрларни билдиргани ёдимда. Ҳозирда эса, вингерлар киритган голлар сони марказий форвардларникидан анча кўпроқ.

Бу менинг қоидам эди. Марказий ҳимоячилар мени таъқиб этиш учун қанотга чиқиши мумкин эмас. Шу боис, доимо эркин ҳаракат қилишим мумкин. Бу биз ўйлаб чиққан режанинг энг муҳим қисми. Тан олиш лозим, биргина позиция билан қолганлардан олдинда бўлиш мушкул. Ўртамиёна клублар билан тўқнашувларда доимо кучли жисмоний тайёргарлик талаб этилади. Шу боис, кундан-кунга ўз устимда ишлашни кўпайтирдим».

kuyukyk

Дарҳақиқат, Мартин Киоун ва Ли Диксон («Арсенал»нинг жисмоний тайёргарлигига жавоб берувчи мураббийлар) фаолият олиб боргач, яккакурашларда Анри бир қадам олдинда бўла бошлади. АПЛ баҳсларида киритилган 175 гол ўз-ўзидан келмагани аниқ. Бир қарашда ҳаммаси оддийдек: чап қанотдан марказга ва зарба. Қарабсизки, Анри номи таблода пайдо бўлмоқда.

«Бу ишни тўлиқ ўзлаштириш учун менга неча ой кетганини биласизми? Машғулотларда қай даражада меҳнат қилинганимни-чи? «Монако»да бу ишни машқ қилар эдим, лекин 50 уринишдан фақат бир бор дарвозани ишғол қилганман, холос.

Мен клубнинг барча захира дарвозабонларини жонига текканман. Улардан ҳар куни машғулотдан кейин қолишларини илтимос қилардим. Кейин 1-2 соатлаб фақат шу зарба устида ишлар эдим."

Анри нафақат гол киритиш, балки жамоавий ўйинда ҳам беназирлардан бири эди. АПЛдаги 258 ўйинда ижро этилган 74 ассист сўзимизга исбот бўлиши аниқ.

«Тўғриси, баъзан ҳужумчиларни ортиқча эркалаб юборишади. Мен бутун ўйин давомида 9 ноаниқ зарба берсамда, якунда ғалаба голини киритсам кифоя. Дарвозабонлар 90 дақиқа қутқариб, 91-дақиқада гол ўтказиб юборса, дарров танқид қилинади.

Шу боис, ярим ҳимоячиларни қадрлашни ўргандим. Улар доимо сояда қолиб кетишади. Ҳеч ким ўйиндан сўнг, майдон марказида меҳнат қилган йигитларни хотирламайди. Ҳамма гол киритганларни эслаб қолади. Бу адолатдан эмас. Афсуски, футбол ўз ёзилмаган қоидаларига эга шафқатсиз спорт!»

Анри ёш спортчилар учун намуна бўлиши мумкин. Эътиборлиси шундаки, у баскетбол юлдузи - Майкл Жорданнинг фанати. У болалик чоғидан бери Жорданнинг ҳар бир ғалабаси ва мағлубиятини ҳис этиб келади. Тан олиш лозим, уларнинг ўхшаш томонлари бор. Иккиси ҳам ўз оламида меҳнат ва талабчанлиги билан шуҳрат қозонган. Айниқса, уларнинг жамоадошлари билан илиқ муносабатда бўлиши таҳсинга сазовор. Бошқа бир афсона - Роналдиньодан фарқли ўлароқ, Анри ҳеч қачон юзида табассум билан тўп сурмаган. У туғма етакчи эди ва доимо жамоа учун ўзини масъул, деб билган. Масъулиятни ҳис этиб турган инсонларнинг табассум қилаётганини тасаввур қила оласизми?

«Яшириб ўтирмайман! «Чикаго Буллз»нинг ўйинларини томоша қилиб катта бўлганман. Айниқса, Майкл Жорданнинг ўша даврдаги спорт формасини хотирласам, этларим жимирлаб кетади. Шахс сифатида доимо унга ўхшашга интилганман. Яқинда унинг болалиги ва фаолияти акс эттирилган ҳужжатли фильмни томоша қилдим. Ўйлашимча, ўзимга кумир танлашда адашмадим.

Биласизми, ўша фильмдаги сўнгги саҳна мени таъсирлантирди. Жанг якунлангач, Жордан кўз ёшларини тийиб тура олмайди. Аслида, спортчилар учун ҳар бир ўйин жангга тенг. Биз - жангчилармиз. Жангда ҳиссиётларни жиловлаш шарт! Уруш тугагач, ўзингни бемалол ҳис этасан. Шунда, кўз ёшлар қуйилиб келади.

Уни афсона даражасига чиқишида Тони Кукоча ва Скот Пиппен катта роль ўйнаган. Мен ҳам Вилтор ва Бергкампсиз Анрига айланмаган бўлар эдим. Шунингдек, бошқа футболчиларнинг ҳам меҳнатлари эвазига шу даражага етишдим, деб ҳисоблайман».

У ҳеч қачон «Арсенал»ни севишдан тўхтамаслигини бир неча бор таъкидлаган. Айниқса, клуб стадиони олдида очилган ҳайкалини кўргач, кўз ёшларини беркита олмай қолди. Хўш, қаҳрамонимиз учун «Арсенал» нимани англатади?

«Агар сиз «канонирлар»га ёрдам бера олмасингиз, яхшиси уйга кетинг! Агар жамоа либоси оғирлик қилса, уни кийманг! Жамоани тарк эт ва ҳеч қачон клуб ҳақида негатив фикр билдирма! Мен шундай қилиш тўғри, деб ҳисоблаганман. Фақат мухлисларгина ҳар қандай вазиятда «Арсенал» либосини кийиш ҳуқуқига эга.

Мен бу либосни шунчаки тунги сайр учун кийиб чиқишга ҳеч бир футболчининг ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайман! Бу «Арсенал» фахрийлари билан суҳбатлардан сўнг пайдо бўлган фикрим. Бу ўзгача жамоа ва ўзгача муҳит дегани! Биласизми, нега авваллари «Арсенал»ни енгиш мушкул бўлган? Гап шундаки, футболчилар қандай клубда тўп сураётганини яхши англаган! Тони Адамс, Патрик Виейра, Деннис Бергкамп... Улар буни ҳис этиб майдонга тушиб келган.

Мен авлиё эмасман. Шунчаки инсонман ва хато қилишим мумкин. Шунга қарамай, фаолиятим давомидаги бирорта ўйинга совуққонлик билан қарамаганман. Менда омадсиз учрашувлар бўлган, лекин тайёргарликсиз келган ўйинларим бўлмаган! Доимо мухлисларимизни ҳурмат қилганман. Уларга панд бермаслик учун ҳам машғулотларни бирортасини ўтказиб юбормаганман!»

ytjtktktyktyk

Анрининг сўзлари кишини ўйлантириб қўйиши бор гап. Чинакам афсона, туғма етакчи. Яқинда, Тьерри барча ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ўчириб ташлади ва интернет оламини тарк этди. Унинг қарори ғалати кўриниши мумкин, лекин барча ҳам бундай қила олмаслигини англаб турибсиз. Демак, Анрини бежизга «ўзгача» деб аташмаган. У доимо шундай бўлиб қолади!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар