Кеча Суперлигада иккинчи тур баҳслари якунланди. Турнинг охирги иккита ўйини Андижон ва Бекободда ўтказилган бўлиб, иккаласида ҳам бир хил ҳисоб – 1:0 натижаси кузатилди. Айниқса, Андижондаги учрашув ўзгача руҳда ўтди. Sports.uz мухбири бу борада кўрган-кечирганларини сизлар билан баҳам кўради.

Ҳавас қилса арзийдиган “Бобур арена”

Ўйин соат 16:15 га белгиланганди. Андижонда ҳамма шу ўйинни кутди. Сабаби, мухлислар футболни соғинган. Шунинг учун ўйин куни эрталабдан стадионга етиб бордик. Нега вақтли? Чунки “Бобур арена”да охирги тайёргарлик ишлари роса авжида эди. Ўйинга тайёргарлик қай даражада кетаётганини кузатиш биз учун ҳам қизиқ эди. Бунгача ҳам стадионда катта ишлар қилинаётганини, у ерда катта куч билан тайёргарлик жараёнлари давом этаётганидан хабардор эдик.

бобур арена

Илгари “Соғлом авлод” номи билан юритилган стадион энди бутунлай бошқача тусга кирди. Шунга яраша, унга “Бобур арена” номи берилди. Дарвоқе, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов нима сабабдан “Бобур арена”, деб номланганига изоҳ берди. Фақат бу хусусида сал қуйироқда тўхталамиз. Стадион янгича қиёфага кирди. Дизайн ҳам ажойиб даражада ишланган. Бошида стадион мана шундай ҳолатга келтирилиши айтилганида ишонмаганлар ҳам бўлганди. Амалда барчаси тасдиғини топяпти. Илгари бу ерга мухлислар фақат футбол учун келишарди. Энди бундай эмас. “Бобур арена” шаҳарда қад ростлаган чиройли иншоотлардан бири сифатида ҳам гавдалана бошлади. Стадион атрофида барча турдаги дўконлар барпо қилинди. Турли шаҳобчалар одамлар учун хизмат кўрсатади. Бу фақат футбол куни эмас, доимий иш фаолиятида бўлади. У ерда ресторан, кафе-бар, савдо, озиқ-овқат ва клуб атрибутикалари дўконлари иш бошлади. Стадионнинг ташқи кўриниши ростдан ҳавас қилса арзийди. У ердаги муҳит мухлисларда қайта ишончни уйғотяпти. Энди ишқибозлар ўйиндан ташқари кунлари ҳам бу ерда маданий ва маънавий хордиқ чиқариб кетишлари мумкин. Шу кунни ўзидаёқ савдо дўконлари мухлислар билан ҳам гавжум бўлди.

бобур арена2

Майдон сифатига ҳам тўхталмасликнинг иложиси йўқ. Бунгача ҳам бир-икки бор майдон ҳолатини кўрганимизда унинг сифатини яхшилаш учун стадион ишчилари катта меҳнат қилишаётганига гувоҳ бўлгандик. Ўйин кунигача майдон ям-яшил рангга бурканганди ва буларнинг барчаси табиий эди. Телевизор орқали ўйин намойиш этилганида ҳам “Бобур арена” майдонининг сифати юқори даражага келтирилгани шундоқ кўзга ташланиб турди. Шубҳасиз, ҳозирда юртимиздаги энг яхши майдонлардан бири.

Стадионнинг ташқи кўриниши ва майдон ҳолати чиройли ҳолатга келтирилишидан ташқари унинг ички қисмига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Айниқса, майдонга чиқиш йўлакчаси, кийиниш хоналарининг мозайка ёрдамида безатилгани дизайн бўйича ўзига хос ёндашув билан эътибор қаратилганини кўриш мумкин.

бобур арена1

Бош вазир ўринбосари ва вилоят ҳокимининг ташрифи хусусида

“Андижон” – “Сурхон” ўртасидаги очилиш ўйинига эътибор ҳар жиҳатдан юқори бўлди. Буни ушбу ўйинга ташриф буюрган меҳмонлардан ҳам билса бўлади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан бирга ўйиндан бир неча соат аввал стадион атрофини кўздан кечирди. Ўйинга кўрилаётган тайёргарлик билан яқиндан танишдилар. Янги очилган савдо дўконларининг иш фаолияти ва ундаги ўзимизнинг маҳсулотларга қизиқиш катта бўлди. “Андижон” клуби раҳбари Журъатбек Қувватов клуб ва стадионда қилинаётган ишлар юзасидан бош вазир ўринбосари ва вилоят ҳокимига маълумотлар берди. Шунинг баробарида Абдуҳакимов билан Абдураҳмонов ОАВ учун “Бобур арена”даги шароит, спортга қаратилаётган эътибор юзасидан ўз фикрларини билдирди. Жумладан, Андижон вилояти ҳокими шундай деди:

- Бугунги турган жойимиз фақат стадион эди. Муҳтарам Президентимизнинг фармонларига асосан энди бу “Бобур арена”га айлантирилди. Стадион ва арена нимаси билан фарқ қилади, деган савол туғилиши мумкин. Аввал, бу ерда йилда 13 ёки 14 марта ўйин бўлгандагина халқ стадионга кирарди. Бошқа пайт бўш эди. Стадионни яхшилаш учун 20 миллиард пул сарфланган, бор-йўғи 13-14 та ўйин учун. Энди бу стадион аренага айлантирилгач, кўриб турганингиздек, кўплаб дўконлар ишга туширилди. Бу ердаги маҳсулотлар, спорт кийимлари Андижонда ишлаб чиқарилган ва бунинг учун алоҳида дўконлар ташкил этилди. Шу билан бирга, бу ерда 1200 та иш ўрни ҳам яратиляпти. Энди бу ерда фақатгина футбол эмас, маданий ва маънавий, кўнгилочар тадбирлар ҳам ташкил этилади. Четдан келаётган меҳмонлар учун ҳам туризмни ривожлантиришга катта хизмат қилади, деб ўйлайман. Энди бу ерда сарфланган харажатга яраша даромад ҳам бўлади. Давлат бюджетига қараб ўтирмасдан, ўзини-ўзи қоплаш йўлига ўтади.

- Андижонда спорт даражасини қандай баҳолайсиз?

- Муҳтарам Президентимиз оммавий спортни ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилди. Уч ой олдин вилоятимизда оммавий спортни ривожлантириш 9-10 фоиз эди. Бугун эса бу кўрсаткич 35 фоизга чиқди. Халқимиз ҳам спорт қанчалик муҳимлигини тушуниб етяпти. Бундай спорт иншоотлари туфайли халқимизнинг янада қизиқишини ҳам орттиряпти. Бугун футбол куни бўлса-да, бошқа спортчилар ҳам стадионга келиб хурсандчиликка шерик бўляпти. Ҳурматли Юртбошимиз томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, энг аввало, спорт билан шуғулланиш билан боғлиқ. Спорт билан шуғулланган инсон касал бўлмайди. Бугунги тадбир ҳам Андижон ёшлари ва халқини соғлом бўлишига жуда катта хизмат қилади деган ниятдаман.

- “Бобур арена” деб ном берилганининг сабаби ҳақида ҳам тўхталсангиз.

- Яхши биласизлар, Андижон – Заҳириддин Муҳаммад Бобур юрти. “Бобур арена” деб ном берилгани ҳам бежиз эмас. Ҳурматли Президентимиз ҳам маънавият ва маданиятга боғлиқ йиғилишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобурни эслаб ўтадилар. Бу номни ўзлари танлаб берди. Андижон аэропортига ҳам “Бобур” номи берилди ва ушбу стадион ҳам “Бобур арена”, деб аталади. Бу ҳар қандай андижонликни фахрлантиради.

Биласизми, Андижон вилоятида спорт соҳаси бўйича биринчи бўлиб шу қадамни босдик. Яъни, Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан давлат хусусий шерикчилик асосида футбол клубни ҳам, стадионни ҳам бердик.

- Вилоятда футболни ривожланишига қандай қарайсиз?

- Аввал эгаси йўқ эди, десак тўғри бўларди. Сабаби, жамоа кўпчиликники эди. Энди натижасига битта одам жавоб беради. Клубни давлат хусусий шерикчиликка берганимизга ҳеч қанча бўлгани йўқ, аммо ҳозирданоқ натижаси кўриняпти.

- Бу йил “Андижон” клубидан қандай натижа кутяпсиз?

- Қарасангиз, ташқарида ажойиб машина олиб келдик. Эскиларда яхши ният, ярим мол деган гап бор. Бизнинг ниятимиз камида 3 ёки 4-ўринни эгаллаш. Агар вазифа бажарилса, вилоят раҳбари сифатида мени ҳам совғаларим бор. Ҳар қандай масалада руҳлантириш керак. Ниятимиз катта. Спортчиларнинг шароитлари учун ҳамма имкониятлар бор. Албатта, меҳрини бериб, ёлғон аралаштирмасдан ўз ишига жиддий ёндашишлари муҳим. Ҳозирги пайтда интернетда ҳакамлар ва бошқа масалалар роса муҳокама бўляпти. Бу йил бошқача ният билан иш бошладик. Ғирромлик бўлмаса, кўзлаган мақсадимизга етамиз, - деди вилоят ҳокими.

андижон мустанг

Андижонга катта футбол қайтаётганини ҳамма таъкидлаяпти. Вилоят раҳбарининг ушбу спорт турига қаратаётган эътибори ва ўзининг қизиқиши ҳам амалда исботини топяпти. Қолаверса, ўйиндан аввал ҳоким “Андижон” жамоасининг кийиниш хонасига кириб ўз футболчиларини руҳан қўллаб-қувватлади. Қолаверса, “Андижон” клуби раҳбари мавсум аввалида ўтказилган тақдимот маросимида жамоа учинчи ўринни эгалласа, ҳар бир футболчига “Форд Мустанг” машинасини ваъда қилганди. Сўз исботи билан деганларидек, “Бобур арена”га айтилган машинадан биттасини олиб келди. Бу эса футболчиларда қўшимча иштиёқнинг ошишига ҳам туртки бўлди.

Ўйин

Учрашув “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилгани боис кўп ҳам ўйинга тўхталмоқчи эмасмиз. Дарвоқе, шу ўринда ОАВ ҳақида ҳам гапирмасак бўлмайди. Ушбу учрашувга матбуот томонидан эътибор ва қизиқиш катта. Андижондаги “Бобур арена”нинг очилиш ўйинига кўплаб ОАВ вакиллари ёритиш учун келди. “Ўзбекистон 24”  ва “Узрепорт” телеканали ходимлари ҳам мазкур ўйин давомида репортажлар тайёрлашди.

бобур арена3

Учрашувдан икки соат олдин концерт дастури ташкил этилди. Стадионга йиғилган мухлислар зерикиш нималигини билмайди. Стадиондаги муҳит шунчаки фантастик даражада эди. Стадион деярли 90 фоизга тўлди. Айниқса, 18-сектордаги фан-клубнинг ҳам учрашувга нақадар жиддий тайёрланганини ўйин давомидаги қўллаб-қувватлашлари орқали исботлади. Бундай юқори даражадаги муҳитда тўп суриш иккала жамоа аъзоларига ҳам ёқди. Стадионда европача муҳит ҳукм сурди. Айниқса, “Андижон” футболчиларида босим ҳам юқори эди. Одатда, бундай паллада чиройли ўйиндан кўра натижа биринчи ўринга чиқади.

14-дақиқада 14-рақам эгаси Дониёр Исмоиловнинг стандартдан киритган чиройли голи ўйинни янада безади. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевнинг айтган гапидан жон бор. У таъкидлаганидек, жамоанинг 70 фоизи ҳали бундай катта даражадаги муҳитда ўйнамаганди. Шунинг учун улардаги ҳаяжон ҳам кучли бўлди. Муҳими, “Андижон” мухлисларнинг байрамона кайфиятини ғалаба орқали мустаҳкамлади. Учрашувдан кейин жамоа аъзолари мухлислар қаршисида ғалабани бирга нишонладилар. Жасур Жалолиддинов айтганидек, жамоа қўшиғини ишқибозлар билан бирга куйлашди. Вилоят ҳокими шахсан майдонга тушиб футболчиларни табриклади. Шунингдек, ўзига хос мушакбозлик ҳам уюштирилгани байрамона муҳитга ўзгача кайфият бағишлади.

андижон состав

Шу ўринда, ташкилотчилик хусусида тўхталмасак бўлмас. Гапнинг очиғи, клубнинг бу қадар юқори даражада тайёргарлик кўришини кўпчилик кутмаганди. Ўйинга кўрилган ташкилотчилик борасида мақтовли сўзлар кўп айтилди. Бу масалада мезбонларга қойил қолса арзийди. Масалан, ўйин учун чиқарилган чипталарнинг савдоси бўйича катта иш бажарилди. Илгари чиптани шаҳарнинг икки-учта жойидан сотиб олиш мумкин эди. Бу йилдан ҳаммаси ўзгарди. Чипталар бутун вилоят бўйича сотилди. Ҳар бир туманда чипта савдоси бўйича алоҳида шаҳобчалар ташкил этилди. Ўйиндан кейин эса мавсумий чипта сотиб олганлар учун лотерея ўйналди. Қимматбаҳо совғалар ўз эгаларига топширилди. Стадионга келган ота-бола уйига янги “Спарк” машинасида қайтди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ободон
17/03/2021 20:42
Андижонни югургани сомонхонага
Xurshidbek Sultonov
17/03/2021 21:29
Сеники кайгача
&
Bek 56
01/04/2021 21:29
Сеники югурганинг к,аергача

Минбар

Барча блоглар