Андрей Шипиловнинг шартномаси тугаяпти, у Бекободда қоладими ёки...

«Металлург» клуби ўтган йилдаги каби жорий мавсумни ҳам 5-ўринда якунлади. Ваҳоланки, бекободликлар чемпионат давомида асосан ўртамиёналар қаторида юрганди, фақат мавсумнинг охирги туридаги натижалардан келиб чиққан ҳолда «Металлург» 5-ўринга кўтарилиб кетди ва якунда ушбу поғонани банд қилди. Клуб бош директори Абдуқаҳҳор Маъруфалиев аввало мавсум якунлари ҳақида фикр билдирди.

- Мавсум узоқ бўлганидан кейин унда албатта паст-баландликлар бўлиб туради. Шундай экан, бизда ҳам шундай ҳолатлар учради. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Масалан, чемпионатимизда бир неча муддатли танаффуслар бўлди, футболчилар терма жамоалар ихтиёрида бўлишди. Ўйинчилар эса доим ҳам бир хил ҳолатда клубга қайтиб келишмайди, ҳаммаси турлича бўлиши мумкин. Лекин жамоамиз ҳақида гапирадиган бўлсам, «Металлург» ўтган йилгига қараганда бу йил ўсди деб ҳисоблайман. Эътибор берсангиз, ўтган йили 12 та жамоа орасида ҳам 5-ўринни олгандик. Бу йил эса иштирокчилар сони 14 та бўлганида ҳам биз яна 5-поғонани эгалладик. Бизнинг ушбу мавсумдаги вазифамиз эса 5- ёки 6-ўринни қўлга киритиш эди. Биз эса бу борада охиригача курашдик десам ҳам бўлади. Айниқса, сўнгги тўртта ўйинда ютқазмаслигимиз керак эди. Масалан, Бухорода ғалаба қозонишни истагандик, аммо дуранг ўйнаб қўйдик. «Насаф» эса охирги турда ўз майдонида «Динамо»га ютқазиб қўйганидан сўнг биз 5-ўринни олдик. Агар қаршиликлар ютишганида биз 6-ўриндан жой олишимиз мумкин эди. Шу боис деярли олдимизга қўйилган мақсадга эришилди. Таркибимизда яхши йигитлар йиғилганди. Улар муносиб курашишди. Фақат юқорида таъкидлаганимдек, чемпионат мобайнида доимий равишда барқарор ўйин кўрсатиш қийин. Бундай паллада албатта нотекисликлар ҳам учраб туради. Шу маънода айтадиган бўлсам, ўз майдонимизда очколарни йўқотдик. Масалан, «Андижон», «Бунёдкор» каби жамоаларга ютқазиб қўйдик. Футбол шунақа ўйинки, сафарда ёки ўз уйингда ютишинг мумкин ё бўлмаса бунинг акси кузатилади.

Клубнинг режалари катта. Айниқса, «Металлург» ўз академиясини ишга тушириш ва бу орқали ёш иқтидорларни тарбиялаш йўлида ташланаётган дастлабки қадамлар хусусида ҳам клуб бош директори тўхталиб ўтди.

- Ҳозирги пайтда чемпионатимиз тугаб, ҳамма қишки таътилга чиққанига қарамасдан биз ҳамон иш билан бандмиз. Аввало «Металлургкомбинати» раҳбарларига раҳмат. Уларнинг ёрдамида клуб академиясини барпо қилган ҳолда иккита стадион қурдик. Клубнинг базаларини қайтадан таъмирладик. Аёллар ва футзал жамоаларининг ётоқхоналарини ҳам таъмирдан чиқардик. Келаси йилдан иш тизимини янада яхшилашни ният қилганмиз. Академиямизни ишга туширамиз ва айни пайтда ёш болаларнинг селекцияларини олиб боряпмиз. Энди келажакда ўзимиз ҳам «Насаф», «Бунёдкор»га ўхшаб академиямиздан ёш иқтидорларни етиштиришга ҳаракат қиламиз. Эсингизда бўлса, футболимиз мутасаддилари томонидан барча клубларга ўз академиялари бўлиши шартлигини айтганди. Тўғрисини айтсам, асосан биз бу йўналишда охиригача ва жиддий равишда ишладик. Қолган жамоаларда эса академия масаласида қандайдир ишлар олиб борилганини кўрмадим. Боя иккита стадион қурганимизни айтгандим, улардан бири сунъий бўлса, яна бири табиий майдон. Насиб қилса, келаси йилга яна иккита майдон қуриш режамизда бор. Умуман олганда, ишларимиз яхши кетяпти.

Мавсум охирларига яқин жамоа бош мураббийи Андрей Шипиловнинг «Металлург»дан кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бу чиндан ҳам ростмиди ёки қуруқ миш-мишмиди? Биз эса ушбу масалага ҳам ойдинлик киритишни истаб Маъруфалиевга мурожаат қилганимизда мутлақо инкор этди.

- Андрей Шипилов ҳеч қаерга кетмайди. Бу фақат қуруқ гап-сўз холос. У жамоамизда қолади. Мавсум тугаганидан кейин ўзаро йиғилиш қилганимизда ҳам жамоадаги барча ўйинчилар кераклиги ва янги мавсумда янги марралар сари курашишимизни айтган. Айни пайтда эса таътилга чиққан. Аммо у билан ҳар куни хабарлашиб турибмиз. Албатта, Андрей Сергеевичнинг шартномаси шу ойнинг охирида тугайди ва биз Шипилов билан янги шартнома имзолаймиз. Биз бош мураббийликка бошқа номзодни кўриб чиқаётганимиз ҳам йўқ, бундай гап-сўзнинг ўзи бўлгани йўқ. Биз Андрей Шипиловга тўлиқ ишонамиз.

металлург23

Яқинда хабар берганимиздек, «Металлург» сардори Акбар Исматуллаев клубни тарк этди ва Таиланднинг «Бурирам Юнайтед» жамоасига ўтмоқда. Унинг кетиши эса бекободликлар учун жиддий йўқотиш бўлиши мумкин.

- Акбарга катта раҳмат. У икки йил давомида жамоамизга шунчалик ёрдам берди. «Пахтакор» Ўзбекистоннинг бренд клуби. Исматуллаев эса ўша клубда ўйнади. Тўғриси, «Пахтакор»дан бошқа клубга ўтиб яна юқори спорт формасида тўп суриш анча-мунча футболчига қийин кечарди. Чунки у ердаги шароит билан бу ердаги шароит бир-биридан фарқ қиларди. Шунга қарамай, Исматуллаев жамоамизга келиб, ўзимиздаги шароитларга кўникиб муносиб ўйин кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Клубдан кетаётганини маълум қилди ва биз унга оқ йўл тиладик. Аммо доим бундай футболчилар учун эшигимиз очиқ. Айтиши бўйича, Таиландда унга яхши шароитларни яратиб беришар экан, - деди «Металлург» бош директори.

Шунингдек, таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида ҳам сўраганимизда шундай жавоб қайтарди.

- Жамоамизда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида ҳозирча бирор нима дейишим қийин. Тўғриси, барчасини Андрей Шипилов ҳал қилади. Ҳозирча бош мураббий бизга бирор-бир ўйинчини кетгани ҳақида гапиргани йўқ. Шуниси аниқки, барча футболчилар билан гаплашган. Ҳаммаси мураббийнинг қарашларига боғлиқ. Россиялик легиоенеримиз Сергей Тумасян масаласига келсак, у билан тузилган шартнома тугаган. Менимча, шартномани чўздирмаса керак. Тўғриси, унинг масаласи ҳозирча очиқ. Бош мураббий ҳал қилади.

Умуман айтганда, янги мавсумга қандай тайёргарлик кўрилади? Йиғин қачондан бошланади? Бу борада клубнинг дастлабки режалари бор.

- Янги мавсум учун тайёргарликни 5 ёки 6 январдан бошлашни режалаштириб турибмиз, - дейди Маъруфалиев. - Унгача яна вақт бор. Балки декабрнинг охирларида байрам арафасида йиғилиб қолишимиз ҳам мумкин. Лекин асосий машғулотлар январдан ташкил этилади. Ҳамма таътилдан қайтганидан кейин биз яна раҳбарларимиз билан йиғилиш қиламиз. Қайси жамоа юқори ўринлар учун курашишни хоҳламайди дейсиз, ҳамма ҳам истайди. Янги мавсум учун режа ва мақсадларимиз қандай бўлишини раҳбарларимиз билан ўзаро гаплашганимиздан сўнг аниқ бўлади.