Андрей Шипиловга таклифлар бор, у

“Металлург” жамоаси Суперлигада ўз ўрнини топа олди. Бош мураббийликка Андрей Шипилов келганидан кейин клубни яна рақобатбардош даражага кўтара олди. Муҳими, у ўзидаги мураббийлик салоҳиятини кўрсата олди.

Илгари “Пахтакор”да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаб юрган кезларида кейинчалик унинг бош мураббийликка ўтиб ўзидан яхши таассурот қолдиришини кўпчилик ўйламаган бўлса керак. “Металлург”даги фаолияти эса Шипиловнинг ташриф қоғозига айланган бўлса ҳам ажабланмаймиз. У sports.uz учун айрим масалалар бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

- Андрей Сергеевич, “Металлург” кетма-кет икки йил давомида 5-ўринни эгаллади. Бу йил эса кўпи билан 6-поғонани банд эта олиши мумкин. Бу йилги вазифани қанчалик уддалай оляпсиз?

- Афсуски, бугунги ҳолатимиз ва мусобақа жадвалидаги мавқеимиз бизнинг мавсумни 5-ўринда якунлашимизга имкон бермайди. Шак-шубҳасиз, бу бизнинг мусобақа жадвалидаги ҳақиқий ўрнимиз эмас.

- Олдинда Ўзбекистон Кубоги ўйинлари ҳам турибди. Кубокни ютиш режага киритилганми?

- Ўзбекистон Кубогини ҳали ўйлаётганимиз йўқ. Бутун фикру-зикримиз чемпионатни муносиб тарзда якунлаб олишдан иборат.

- Жорий йилги мавсум декабрь ойида ҳам давом эттирилади. Одатда, ушбу ойнинг ўрталаридан янги мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари бошланарди. Шундан келиб чиқиб, қандай режа тузмоқчисиз?

- Бу борада бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аввало ва энг асосийси, тайёргарлик режасини кўнгилдагидек тузиб олиш. Ишни эса ҳар қандай шароитда бажарса бўлади.

- Сизнингча, Суперлигани ким тарк этади?

- Бу мавзуни муҳокама қилиш мен учун унчалик қизиқарли эмас.

- “Металлург”даги учинчи йилингиз ҳам тугаяпти. Янги чақирувларга қизиқяпсизми ёки Бекободда қолмоқчимисиз?

- Олдинги учта мавсумни жуда самарали ўтказдик. Ҳаммаси режа асосида кетяпти. Ҳали мавсум ўз поёнига етгани йўқ. Бундан кейин яна битта турнир бор.

- Умуман, клубда шунча пайт давомида ўзим ўйлаган барча ишларни бажардим, деб айта оласизми?

- Фаолиятимнинг уч йилини Бекободдаги ишга бағишладим. Ростмана ва ҳаққоний ишлаганимиз учун ҳам ўз олдимизга муайян вазифаларни қўя олдик. Шу пайтгача амалга оширган ишлар яхши бўлди деб ҳисоблайман.

- Эшитишимча, сизга яхши таклифлар бор экан. Шу ростми?

- Албатта, таклифлар бор, буни яшириб ўтирмайман. 2019 йилдаёқ менга таклифлар кела бошлаганди. Ҳозир ҳам таклифларни олиб турибман. Менга Бекободда ишлаш жуда қулай бўляпти. Бу ерда ишлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Бу ерда шунчаки аравани қуруқ олиб қочувчилар эмас, балки ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари меҳнат қиляпти. Бу ерда ҳеч ким катта гапирмайди, балки ўз ишини иложи борича яхшироқ бажаришга интилади. Бизда ҳамма иш Бекобод шаҳри манфаатлари учун амалга ошириляпти. 3-5 йил ичида “Металлург” ўз олдига катта мақсадларни қўядиган жойга айланди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
01/12/2020 17:23
hech qanaqa ish kursatmadi. chunki sahal murabbiy bulsa. yahshilap uylap kurib bitta narmalni klub tuzardi masalan har yili. 3.4. uyinchi tahlap hozir zur klub tuzgan bulardi. tajribali uyinchilarni oldiga. asta asta uyinlarga yoshlarni tashlab. bitta zur klub tuzgan bulardi agar zur bulsa. Shuncha tajribali uyinchilarni oldiga. yoshlarni tahlap olgan bulardi. Bu yil kimga asosolanib uynaydi. klubni yoshi katta.