Андрей Шипилов: Жепаровга ўхшаган профессионаллар тобора камайиб бормоқда (2-қисм)
Ads

Яқинда «Металлург» клуби бош мураббийи Андрей Шипилов билан уюштирилган суҳбатимизнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қигандик. Бу сафар эса мураббий билан мулоқотимизнинг иккинчи қисмини тақдим этамиз ва ўйлаймизки, бу сафаргиси янада қизиқарли кечган.

- Мухлислар орасида кўп юрганимиз боис шу қабилдаги гап-сўзларни эшитишимизга ҳам тўрғи келади: «Металлург» - «Пахтакор»нинг укаси. Бежизга «Пахтакор» унга ўз ўйинчиларини бермайди, ўз навбатида «Металлург» «Пахтакор» учун «йўлларни тозалаб беради»… «Пахтакор»да ишлаган мутахассис сифатида бундай фикрларга муносабатингизни билмоқчи эдим. Аслида ҳаммаси қандай кўриниш олган?

- Бу каби саволингизга жавоб беришга тайёрман. Чунки шундай мазмундаги гап-сўзлар менга ҳам етиб келади. «Металлург»да иш бошлаганимдан бери юқоридагига ўхшаш гапларни етарлидан ортиқ эшитишимга тўғри келди. Айниқса, сафарларга чиққан пайтимизда мендан шу ҳақида кўп сўрашади. Бундай мазмундаги иддаолар ўтган мавсум 2-тур доирасида «Насаф»га қарши ўйнаганимизда билдирила бошланганди. Ҳа, мен «Металлург»ни шошилинч тарзда қабул қилиб олдим. Мен жамоада иш бошлаган пайтимда бир қанча футболчилар «Металлург»ни тарк этишга улгуришганди. Уларнинг ўрнини  тўлдириш учун имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўйинчиларни клубга таклиф қилдик. Шундан келиб чиққан ҳолда учрашувларни ўтказишга тушдик. Наманганга бордик, уйда «Локомотив» билан дуранг ўйнадик. Сўнгра «Насаф» меҳмони бўлдик. Беллашув олдидан менга худди сиз юқорида айтгандек саволлар билан мурожаат қила бошлашди. «Пахтакор»да ўзим билан ишлаган футболчиларнинг «Металлург»га келиши қандай юз берган? Улар клубга керак бўлмай қолганди. Масалан, Акбар Исматуллаевни 10 йилдан бери танийман. Аммо негадир бирор-бир журналист «Металлург»да иш бошлаган пайтимда Қашқадарёдан уч нафар футболчи  - Жавоҳир Илёсов, Зафар Тўраев ва Шахзод Шайманов бўлгани ҳақида ҳеч сўрамайди. Кейин Наманганга ўйнаш учун кетдик. «Навбаҳор» ютар экан, ҳамманинг кайфияти чоғ, ҳақиқий байрам бўлади. Биз учрашувни яхши ўтказдик ва 0:0 ҳисобидаги дурангни қайд этдик. Ўйиндан кейин менга худди юқоридагига ўхшаш саволлар билан мурожаат қилишган.

Хўп, энди ўйлаб кўрайлик, Остон Ўрунов қайси клубнинг тарбияланувчиси? «Пахтакор»никими, «Пахтакор»ники. Шерзод Каримов, Даврон Ҳошимов – булар ҳам «Пахтакор»да ўйнашганми, ўйнашган. Келинг, нарсаларнинг ўз оти билан атайлик. «Локомотив» меҳмони бўлдик. Бир ўйинчи кам тўп сурган ҳолда гол ўтказиб юбордик. Ҳамманинг димоғи чоғ, стадионда ажиотаж юзага келган. Мухлислар бақир-чақир қилади. Бундай муҳитда ўйнаш жуда ёқимли. Энди ўзингиз холис айтинг, «Локомотив»нинг таркибида «Пахтакор»дан чиққан қанча футболчи бор? Игнатий Нестеровдан тортиб Анзур Исмоиловгача олиш мумкин бўлса, «Локомотив»нинг таркибидаги «пахтакорчи»лар «Металлург»никидан ҳам кўплигини кўрасиз. Наманганда учрашувни зўр ўтказган ҳолда дуранг ўйнадик. Лекин жамоамга нисбатан ўринсиз эътирозлар билдирилаётганига ҳеч тушунмайман. Бундай «тиконли» гап-сўзлар фақат меъдага тегади холос. Демократик давлатда яшаяпмизми, ҳаммасига ҳаққоний қарашни ҳам билиш керак. Мисол учун «Насаф»дан чиққан 10 футболчи айни чоғда «Пахтакор» учун тўп сурмоқда. Аммо мен шуни билсам ҳам бақир-чақир қилмай жим юрибман. Умуман айтганда, бу масалада бошқалар ҳам ҳеч қандай муносабат билдирмайди. Ҳаммасини тўғрилигача қабул қилишни қачон ўрганар эканмиз? Одамлар «Насаф»да ишлар яхши йўлга қўйилгани ва шунинг эвазига қатор иқтидорли футболчилар етишиб чиққанини негадир тушунишни исташмайди. «Насаф»да ўз соҳасининг билимдонлари ишлашган. Жумладан, Анатолий Демьяненко, Эдгар Гесс, Усмон Тошев, Рўзиқул Бердиев. Улар туфайли Қашқадарёда кўплаб малакали футболчилар етишиб чиқди. «Машъал», «Шўртан», «Насаф» - ушбу жамоаларда яхши ўйинчиларни етиштириб чиқиб, кейин сотиш бизнес даражасига кўтарилган. Футбол ҳам бамисоли бозордек гап: Сотувчи борми, демак харидор ҳам топилади. Черан билан Ҳамробековни «Пахтакор»га кўчириб ўтишди. Шунингдек, самарқандлик Фарруҳ Сайфиев ҳам «Пахтакор» аъзосига айланган. Аммо негадир бу хусусида биров чурқ этмайди. Лекин «Металлург»га келганда негадир вазиятга нотўғри баҳо бериш ҳолатлари кузатилади. Шундай бўлса ҳам индамайгина ўз ишимни бажаришда давом этяпман.

янги-шипилов2

Жароҳат олган Александр Лобановни ким таркибга қўшиб олишни истади? Ҳеч ким. Лекин мен шундай бўлган тақдирда ҳам таваккалга йўл тутиб, Лобановни «Металлург»га олиб келдим. Ёки бўлмаса Илёсовни мисол сифатида олиш мумкин. У «Локомотив»га менинг клубимдан ўтган. Сўнгра миллий терма жамоага жалб этилди. Бундай бўлишида жамоамизнинг дарвозабонлар мураббийи Алишер Аҳмедовнинг ҳиссаси катта. У бир йил ичида катта ўсишга эришди. Бугунги кунда Илёсов  миллий терма жамоада учинчи дарвозабон саналади. Уни доим термага чақиришади. Демак, биз ҳам кимларгадир ўсишига ёрдам берганмиз. Худди шундай фикрни 1999 йилда туғилган Йўлдошев борасида ҳам билдириш мумкин. Уни ҳеч кимга керак бўлмаган пайтда «Металлург»га олиб келдим. У ёшлар терма жамоаси аъзосига айланди. Негадир бошқалар «Металлург» мураббийлари амалга оширган ишни муносиб баҳолашни истамайдилар. Нега энди умумий ҳолатга бармоқ орасидан боқиш урфга айланяпти? Равшан Ҳайдаров Тошқўзиев билан Сатторовни ҳам терма жамога чақирган. Шунингдек, бизда Одил Абдумажидов бор. Андижонлик бу йигит ҳам терма жамоадан чақирувлар оляпти. Ўтган йили «Андижон»да ўйнамаганди. Бошқаларга керак бўлмаган футболчилар «Металлург»да ўйнаб кетаётган экан, нега буни тан олишни исташмайди? 2000 йили туғилган Қудратуллаев «Пахтакор»да тарбияланган ва унга ҳам бошқалар эътибор бермаганида мен уни жамоамга чақирдим. Йигитча кўчада қолганди. «Пахтакор»да «Хирмон» доим бўлган ва бўлиб келади. Лекин бундайроқ жамоаларда бир-икки йил ичида «хирмон» кўтариш амримаҳол. Юқоридаги мисоллар билан ўзимни зўр мураббий сифатида таърифламоқчи эмасман. 10 йил давомида «Бунёдкор»да олиб борилган ишлар мана энди ўз мевасини бермоқда. Худди шундай мулоҳазани «Насаф», «Шўртан» ва «Машъал» мисолида ҳам давом эттириш мумкин. Бундай ишлар ўз-ўзидан юз бермайди. Бунинг учун аввало ҳокимларни тилга олиб ўтиш керак. Агар мен бўлмасам, бошқа ҳамкасбим ҳам терма жамоа савиясига жавоб бера оладиган футболчини етиштириб бериши мумкин-ку.

Яқин-яқинда ҳам Наманган ва Фарғонадан кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқарди. Бироқ иқтисодий муаммолар туфайли негадир бу жараён тўхтаб қолди. Ўйлайманки, оққан сув яна оқаверади. Албатта, Наманган ва Фарғона яна вакилларини терма жамоага юборадиган даражага қайтади. Айниқса, бу масалада «Навбаҳор»нинг имконияти кўпроқ, назаримда. Наманган вилоятида етишиб чиққан ўйинчиларнинг «Пахтакор»га жалб этилгани ҳақида батафсил тўхталиш шарт эмас. Футбол хўжалиги шундайки, қисқа вақт давомида ҳар томонлама етук ижрочини шакллантиришнинг иложи йўқ.

- Сервер Жепаров келганидан сўнг у бош мураббийнинг ишига қанчалик ёрдам бера оляпти?

- Серверни нима учун жамоага чақирдим? Олдинги хизматлари учун эмас, албатта. Серверни анчадан бери танийман. У билан илгари ишлаганман. Жепаров «Навбаҳор»да ўйнашни бошлагандаёқ уни билардим. Кейинчалик футболчи шаклланишда давом этди, «Пахтакор»га жалб этилди ва миллий терма жамоада майдонга тушишни бошлади. Сўнгра Сервер фаолиятини чет давлатларда – Эрон, Саудия Арабистони ва Кореяда давом эттирди. Шундай ижрочи билан миллий терма жамоада бирга ишлаш менга насиб этганидан хурсандман. Биринчи навбатда мен ўйинчининг ўта машҳур ёки таниқли бўлгани учун эмас, балки инсонийлик хусусиятларига қараб баҳо бераман. Масалан, Анзур Исмоилов ёки Азиз Ҳайдаров билан ҳам муносабатим жуда самимий. Улар билан танишган пайтимда қандай камтар бўлишган бўлса, ҳозир ҳам сира ўзгаришмаган. Маълумки, ўзгарувчан одамлар ҳам кўплаб топилади. Бундай инсонлар молиявий томондан аҳволларини яхшилаб олганларидан сўнг бутунлай ўзгариб қолишади. Аммо шундай мақомда ҳам ўзлигини сақлаб қоладиган кишиларни жуда ҳурмат қиламан. Серверни бекорга «Металлург»га таклиф қилмаганман. У билан музокараларни бошлаган пайтимизда ишонтириш учун ортиқча гап-сўзларга ҳожат ҳам бўлмади. Мен ҳаммасини рўй-рост, очиқчасига тушунтирдим. Албатта, Серверга тузиб қўйган режаларим борасида маълумот бердим. Агар бу режалар яқин 3-5 йил ичида иш берса, клубда яхшигина ўзгариш бўлади. Чунки биз келажакка эътибор қаратяпмиз. Жепаров – ҳақиқий профессионал. Боз устига бундай профессионаллар сони тобора озайиб бормоқда. Ундайларни санаш учун бир қўлдаги беш бармоқ ҳам етарли, деб ўйлайман. У эса мана шундай инсонлардан биридир. Сервер, Игнатий Нестеров ва Азиз Ҳайдаров – булар ўз ишининг ҳақиқий профессионалларидир. Агар кимларнидир унутиб қўйган бўлсам, мени кечиришсин. Дарҳақиқат, Одил Аҳмедов хусусида ҳам фақат юқоридаги фикрни айтишим мумкин. Камолиддин Тожиев ҳам шундайлар сирасига киради. Бундай ижрочиларнинг борлиги ҳар қандай жамоага фақат фойда келтиради холос. Айниқса, ёш авлод вакиллари улардан ўрнак олишга интилишади. Мана шундай профессионаллар жамоадаги ички муҳитга ижобий таъсир кўрсатадилар. Шундан келиб чиққан ҳолда Жепаровни «Металлург»га таклиф қилганман. Бундан кўзлаган мақсадим – ёшларнинг ундан ибрат олишини исташи холос.

Чирчиқлик оддий йигитнинг футбол орқали тирик афсонага айланиши худди эртакка ўхшайди. Аммо бу эртак эмас. Ёшлар ўз ишига сидқидилдан ёндашган тақдирда шундай даражага кўтарилиш мумкинлигини ҳис қилиб тер тўкар эканлар, бундан аввало ўзлари фойда кўришади. Оддий оиладан чиққан йигитнинг Осиёда икки бор тенгсиз футболчи деб тан олиниши – бу жуда катта натижадир. Биласизми, энг кучли футболчилар аксар ҳолларда оддий оилалардан чиқишади. Моддий томондан тўкинликда вояга етганлар орасида бу даражага кўтарилганларни билмайман. Оддий оила фарзандлари эса футбол орқали кўп нарсага эришиш мумкинлигини сезган ҳолда ишлашади. Бу гап нафақат футбол, балки спортнинг бошқа оммабоп турлари – бокс, кураш, дзюдо, самба билан шуғулланадиганларга ҳам тегишли. Спорт улар учун аҳволини ҳар томонлама яхшилаб олиш йўлида фақат восита саналади. Мен буни тўкин ҳаёт учун берилган йўлланма деб ҳам аташим мумкин. Жепаровни клубга таклиф қилиш билан бошқаларга гўё шундай демоқчиман: кўринглар, у сизларнинг ичингизда, сизлар билан бирга ишлаяпти, бирга овқатланяпти, бирга дам олмоқда. Энг асосийси, Сервер ҳар доим ўзини жуда сипо тутади. Уни четдан кузатиш жуда ёқимли. Жамоамиздаги ёшлар Жепаровдан ўрнак олишса, бундан фақат хурсанд бўламан холос. Боз устига у ҳақиқий оилапарвар инсондир. Серверни жамоага таклиф этиш имкони борлигини билган заҳотим уни қўлдан чиқариб юбормасликка ҳаракат қилдим. Шукрки, бу ҳаракатларим зое кетмади. Майли, у олдингидек ўйинларини бошидан охирига қадар ўтказмасин, аммо майдонга тушган пайтда жамоадошлари у билан бирга эканликларини ҳис этган ҳолда ўз кучларига бўлган ишончни яхшироқ туя бошлайдилар. Бу шунингдек, ўйинни томоша қилиш учун кирадиган мухлисларга завқ бағишлайди. Бекободлик ишқибозларни бу масалада омади кулган, десам ҳам бўлаверади. Чунки «Металлург»да Жепаров ва унга ўхшайдиган ҳақиқий профессионаллар тўп суришяпти.

янги-шипилов3

Бекободни 2,5 соат ичида айланиб чиқса бўлади. Мана шундай кичик шаҳарнинг жамоасида ўз ишининг ҳақиқий усталари тўп сураётгани – бу катта натижа. Ўтган йилдан бошлаб ёш болаларнинг жамоамиз иштирокидаги машғулотларни бошқача иштиёқ билан кузатишаётганига гувоҳ бўляпман. Ўз навбатида уй ўйинлари чоғида стадион мухлислар билан тўляпти. Тўғри, биз бу масалада Наманган, Қашқадарё ёки Андижон билан беллаша олмаслигимиз мумкин. Аммо Бекободдек кичик бир шаҳарда маҳаллий жамоа ўйнар экан, уни қўллаш учун ҳатто кичик ёшдаги болалар келаётганини кўриш  мени хурсанд қиляпти. Саша Лобанов, Сервер Жепаров, Камолиддин Тожиев каби футболчиларни майдонда кўриш ҳар қандай томошабинни қувонтирмасдан қолмайди. Бундай ижрочиларнинг клубга таклиф қилиниши маҳаллий болалар ва ўсмирларни руҳлантиряпти.

- Ўзбек футболчилари орасида четга йўл олган ҳолда легионер сифатида тўп сураётганлари етарли даражада кузатилади. Аммо негадир ўзбекистонлик мураббийларнинг хорижда ишлаши масаласида бундай дейиш амримаҳол. Сизнингча, нега шундай ҳолат юзага келган?

- Жуда қийин савол бердингиз. Шу боис бунга қандай жавоб қайтаришни ҳам билмайман. Агар номма-ном санаб чиқиб, кимларнидир ёдимдан чиқариб қўйсам мени нотўғри тушунишлари тайин. Бизда ҳам бемалол хорижда ишлаши мумкин бўлган икки-уч нафар етук мутахассис йўқ эмас. Бироқ четда ишлаш осон эмас. Қолаверса, чет мамлакатларнинг футболидаги фарқ ҳам бор. Масалан, Россия биринчилигининг савияси Европа ғарбидаги мамлакатлар чемпионатларидан яққол ажралиб туради. Менинг бу борадаги фикрим шундай: агар клубларимиз Осиё майдонларида яхши натижа кўрсатишадиган бўлса, ўз-ўзидан мураббийларимизга ҳам четдан таклифлар келиб тушиши тайин. Яна қайтараман: алоҳида исм-шарифларни тилга олмоқчи эмасман. Балки кимларгадир шу пайтга қадар четдан таклифлар бўлиб, аммо қайсидир сабаблар туфайли буни қабул қилмаганлари бор бўлиши мумкин. Эҳтимол, масаланинг моддий ёки бошқа томонлари уларни қаноатлантирмаган бўлиши мумкин. Бундай пайтда кўп нарса клубларимиз ҳамда терма жамоамизнинг рейтинглардаги ўрнига боғлиқ бўлади. Рейтингларда юқори ўринларга кўтарилишни уддалаш мумкин, деб ҳисоблайман. Буни амалга ошириш учун маълум вақт талаб қилинади. Тўғриси, ўзбекистонлик мураббийларнинг футболчилардан фарқли равишда четда фаолиятини давом эттирмаётганларини кўриш мени ҳам бироз ҳайрон қолдиради. Бу мен учун ҳам жумбоқ. Бу масаланинг обьектив томонлари ҳам бор.

Агар Англияни мисол тариқасида олиш мумкин бўлса, у ерда маҳаллий мутахассислар хизматига эхтиёж камлигини кўриш мумкин. Россия футболида ҳам легионер мураббийларнинг хизматига бўлган талаб юқори. Бундай мисолларни терма жамоалар миқёсида ҳам кўрса бўлади.  Қатор мамлакатларнинг бош жамоаларида маҳаллий эмас, балки легионер мақомидаги мураббийлар устозлик қилишмоқда. Албатта, маҳаллий устозларга таянадиган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун Германия ёки Португалияда буни кўрса бўлади. Украина борсида ҳам шундай деса бўлаверади. Қатар, Саудия Арабистони футболида маҳаллийдан кўра легионер мураббийларга бўлган талаб юқорилигини ўзингиз ҳам билсангиз керак.

-  Ўзингизга маълум, тез орада Андижон футболининг 55 йиллик юбилейи ўтказилади. Ҳозирда бунга тайёргарлик кетмоқда. Агар тадбирга таклиф олсангиз, меҳмон сифатида иштирок этасизми ёки «Андижон» клубининг собиқ ўйинчиси сифатидами?

- Менимча, «Андижон» клубининг собиқ ўйинчиси сифатида иштирок этсам керак. Ахир жамоада етти йил ўйнаганман. Бу эса оз муддат эмас.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Navbahor1996
27/06/2019 01:03
Пахтакорга карши металург мативация билан уйнамайди. Буни хамма куради ва билади.

Минбар

Барча блоглар