Мураббийлик иши жуда нозик масала-да. У бугун янги иш жойига эга бўлган бўлса, қанча вақт ишлашини аниқ билмайди. Тузилган шартнома эса аслида шунчаки расмиятчилик холос. Мураббийнинг тақдири натижаларга боғлиқлигини ҳамма яхши билади. Узоққа бормайликда, бугун “Динамо”даги ўзгаришни қаранг, атиги 12 кун ишлаган Равшан Аҳмедов бош мураббийликдан истеъфога чиқариб юборилди ва ўрнига Сергей Лушанни олиб келишди. Бу энди бошқа масала, биз эса эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчимиз.

Ҳозирги кунда ишсиз юрган мураббийларимиз талайгина. Улардан бемалол топ-рейтинг тузиб чиқса бўлади. Айниқса, уларнинг орасида россиялик Александр Хомяков юқори ўринлардан бирини эгалласа керак. Кўпчилик ушбу мураббий ҳақида гапирганда, асосан яхши фикрларни айтишади. Чунки у меҳнаткаш мутахассис. “Андижон”да ишлаган пайтида камтарона футболчилардан яхшигина таркиб туза олгани хусусида ҳам кўпчилик ижобий фикрларни билдиришганини эшитгандик. Натижада Хомяковга бўлган ҳурмат ва эътибор янада ортганди. Бироқ ўша ҳурматга сазовор бўлган мураббийнинг ҳалигача ишсиз қолиб кетаётгани сизнингча ғалата эмасми?

Шу ўринда охирги пайтларда Хомяковнинг атрофида юз берган воқеликларга тўхталиб ўтсак, аввало шуни айтиш керакки, унинг “Андижон”дан кетиши ўзининг ташаббуси эди. Чунки раҳбарият уни истеъфога чиқармаганди, мураббийнинг ўзи кетишни хоҳлади. Майли, бўлар иш бўлиб ўтди ва ортда қолган ишларни эслашнинг ҳам ҳожати йўқ. Хуллас, 15 март куни у “Андижон” бош мураббийи сифатидаги охирги ўйинини ўтказди. Мана, орадан салкам тўрт ой вақт ўтибдики, Александр Андреевич ҳамон футболдан ташқарида юрибди. Аслини олганда эса, унинг “Андижон”дан кетгач, янги жамоаси ҳам маълум эди. Яъни, у “Қизилқум” клубида иш бошлаши кутилаётганди. Балки Хомяков ушбу таклифга ишониб, “Андижон”дан кетгандир, аммо воқеалар ривожи кейинчалик мураббий истагандек кечмади, оқибатда унинг учун “Қизилқум” варианти ўз кучини йўқотди. Шунга қарамай, унга яна бошқа таклифлар бўлиши аниқ эди ва шундай ҳам бўлди.

хомяков_4

Хабарингиз бор, яқинда унга “Сурхон” клуби таклиф билан чиқди. Хомяков эса клуб раҳбари билан музокара ўтказди ва эшитишимизча, у ерда ишлашга ҳам рози бўлган. Аммо сўнгги паллада молиявий масалада келиша олишмагани ҳақида эшитдик. Оқибатда, россиялик мураббий яна ишсиз қолишда давом этмоқда. Балки у “Андижон”дан кетмаслиги керакмиди?! Ҳар ҳолда тайёр иши бор эди, мухлислар эса уни яхши кўришарди ва ишонишарди. Шуларни ўйлаган киши Хомяков “Андижон” дан кетиб хато қилган, деган хаёлга бораётган бўлса ҳам керак. Балки бу ҳам унинг учун ҳаётнинг бир синовидир. Шунчаки, ўйлаган режалари амалга ошмаётгани ўзига ҳам оғир ботаётгандир, яна ким билади дейсиз?!

У яна қачонгача ўйинларни четдан кузатишда давом этаркин? Аммо ҳозирда ҳам Хомяков билан боғлиқ гап-сўзлар йўқ эмас. Эндиликда уни “Бухоро”да пайдо бўлиши ҳақида ҳам гапиришмоқда. Лекин мураббийнинг ўзи олдиндан бирор нима дейишни истамаяпти. Чунки бунгача икки марта унинг “Қизилқум” ва “Сурхон” билан боғлиқ вазиятда аввалдан ишлаши маълум, деган хабарлар чиққач, кейинчалик ҳолат бошқа томонга ўзгариб кетгани туфайли ҳам Александр Андреевич энди қачонки 100 фоиз расман аниқ бўлмагунча ҳеч кимга ҳеч нима демоқчи эмас. Ҳозирча ишлари ўхшамаётган мураббийнинг ичидан нималар ўтаётганини ўзи билади. Аммо кейинги қадамини ташлашда, у еттиб ўлчаб бир кес, мақолига амал қиладиганга ўхшайди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)