Айни пайтда клублар қизғин тайёргарлик ишларига киришиб кетишган. Бир қатор жамоалар Тошкентда шуғулланишяпти, уларнинг орасида “Андижон” ҳам бор.

Биласиз, бу жамоанинг мухлислари ўта ашаддий ҳамда талабчан. Улар клуб билан боғлиқ ҳар қандай янгиликни эътибордан қочиришмайди, ҳатто майда деталларигача қизиқишади. Шу боис ҳар куни андижонлик мухлислар томонидан бизга қўнғироқлар бўлиб, клубга бефарқ эмасликларини, қандай ўзгаришлар бўлаётганига қизиқишяпти.

Уларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда sports.uz мухбири “Андижон” бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев билан боғланди.

Ноқулай об-ҳаво режаларни ўзгартириб юбордими?

Маълумки, шу кунларда Республикамиз бўйлаб ҳаво ҳарорати яна совиб кетди. Бу эса клубларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Қор ёғиши натижасида ўйин ўтказиш ҳам муаммога айланади. Хўш, ноқулай об-ҳаво Отабек Ғуломхўжаевнинг режаларига қанчалик таъсир ўтказяпти?

- Ноқулай об-ҳавонинг ҳеч қандай салбий таъсири бўлмаяпти. Қайтанга, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаб олишда қўл келяпти. Тўғри, агар майдон тоза бўлса ўртоқлик учрашувини ўтказиш мумкин. Агар қорли майдон бўлса, у ҳолда ҳеч қандай ўйин услуби ҳақида гап бўлиши мумкин эмас ва жисмоний тайёргарлик биринчи ўринга чиқади. Барибир бизда ҳамма эътибор таркибни шакллантиришга қаратилган. Жамоа ўзагини аниқлаштириб, футболчиларни тўғри танлай олганимиздан сўнг, кейинги босқичдан жамоанинг ўйин услубини яхшилашга эътибор қиламиз.

Назорат ўйинлари хусусида

“Андижон” клуби Тошкентдаги илк назорат баҳсини “Бунёдкор”га қарши ўтказди ва унда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу ўринда бош мураббий навбатдаги ўйинлар ҳақида ҳам маълумот берди.

- “Бунёдкор”га қарши назорат учрашувини ўтказдик. Энди навбатдаги рақибимиз “Сурхон” бўлади. Ундан сўнг, “Локомотив”нинг аралаш таркиби билан ҳам ўйин ўтказамиз. Шунингдек, “Сўғдиёна”га қарши ҳам майдонга тушамиз. Тошкентдаги тайёргарлигимизнинг биринчи босқичидаги назорат баҳсларимиз шундай кўриниш олган. Мабодо, таркибга қўшилган янги ўйинчиларнинг имкониятларини яна бир бор кўриб олиш учун қўшимча ўйин зарур бўлиб қолса, буни ҳам ташкиллаштириш бўйича муаммо бўлмайди.

отабек2_4

Таркибга яна кимлар қўшилади?

Айни пайтда ҳаммани таркибдаги ўзгаришлар қизиқтириб турибди. Яқинда бир қатор футболчилар билан расман шартномалар имзолангани маълум қилинди. Лекин улар билан чекланиб қолмаслиги шубҳасиз. Ҳозирги кунда эса яна қизғин музокаралар давом этяпти. Уларнинг орасида хорижлик ўйинчилар ҳам бор.

- “Навбаҳор” ва яна бошқа клубларда тўп сурган ўйинчилар билан алоқага чиққанмиз, - дея мавзуни давом эттирди, мураббий. - Фақат уларнинг ўтиши бўйича бироз кутишимиз керак. Булардан ташқари, 5-6 нафар легионерлар билан ҳам музокараларга киришганмиз. Уларнинг орасида кўрикка келадиганлари ҳам, тайёр шартнома учун таклиф қилинганлари ҳам бор. Улар билан клуб раҳбарияти Тошкентда музокаралар олиб боряпти. Биз кўришни истаётган легионерлар марказий ҳимоячи, ҳужумчи ва ўрта чизиқда тўп сурадиган футболчилардир. Ҳозирча уларнинг номларини айтмай турганим маъқул. Фақат шуни айтишим мумкинки, Сербия, Россия, Украина ва черногориялик легионерлар ҳисобланади. Умуман айтганда, яхши трансферларни амалга ошириш ҳаракатида юрибмиз. Бу борада легионерлардан ҳам, ўзимиздаги айрим футболчилардан ҳам эътиборга молик харидларни қиламиз. Лекин бу биргина ўзимга боғлиқ эмас. Гап ҳаттоки, пулга ҳам боғлиқ эмас. Футболчининг хоҳиш ва истагига ҳам қаралади.

Жасур Жалолиддинов билан нега учрашгани тўғрисида

Биламизки, Отабек Ғуломхўжаев Жасур Жалолиддинов билан яхши муносабатда. Ўз вақтида Ўзбекистон U-19 терма жамоасини бошқарган пайтида ҳам Жасур унинг ишончли ўйинчиларидан бири бўлганди. Бир сўз билан айтсак, бу футболчи “Андижон” устозидан кўп нарсаларни ўрганган. Ҳозир эса бу футболчи “Бунёдкор”да шуғулланиб юрибди. Асли Москванинг “Локомотив” клубига тегишли бўлган ўйинчининг янги мавсумни қаерда давом эттириши ҳали номаълум. Балки у яна катта эҳтимол билан бошқа клубда ижарада тўп суриши ҳам мумкин. Қизиқ, бу ҳолатдан Ғуломхўжаев фойдаланиб қолиши мумкинми? Бу масала бўйича мураббийга юзланганимизда шундай жавоб берди:

- Жалолиддинов масаласида сизга дарҳол шуни айтаманки, уни таклиф қилишнинг иложиси йўқ. Бу ҳақида ўзи билан гаплашмадим ҳам. Ҳа, Жасур билан муносабатларимиз жуда яхши. Уни худди ўз ўғлимдек кўраман. Тўғри, куни кеча ўзи билан бирга кўришиб, гаплашиб ўтирганмиз. Лекин бу суҳбатимиз “Андижон”га ўтиши тўғрисида бўлмаган. Келажагига бефарқ эмасман. Шу боис “Локомотив”, “Тамбов” ва янги режалари хусусида гаплашдик. Мендан маслаҳатлар олади. Қанийди, қўл остимда тўп сурса бундан хурсанд бўлардим. Лекин у янада ўсиши керак. Ҳозирги кунда Жасур Жалолиддиновнинг трансфер нархи жуда баланд. Ижара нархи ҳам қиммат туради. Лекин вақти келиб бирга ҳам ишлармиз. Ҳозир эса спорт формасини ушлаб туриш учун “Бунёдкор” билан шуғулланиб турибди. Гапига қараганда, “Локомотив” билан шундай келишув бўлганки, бу нарса шартномасида ҳам кўрсатиб ўтилган, яъни, спорт формасини ушлаб туриш учун “Бунёдкор”да шуғулланиши мумкин. Бизнинг жамоамизга шуғулланиш учун келиб туришини ҳам хазил тариқасида айтгандим, аммо шартномаси бўйича бу мумкин эмас экан.

Мухлислар тинчланинг!

Юқорида айтиб ўтганимиздек, андижонлик жонкуяр ишқибозлар жамоанинг ҳозирги ҳолатидан қайғурган ҳолда таркибда юз бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатишяпти. Уларнинг орасида селекциядан кўнгли тўлмаётганлари ҳам бор, албатта. Бу борада гап кетар экан, Отабек Ғуломхўжаев қуйидагиларни айтди:

- Номи чиққан футболчиларни олиб келиб натижа кўрсата олмаган мураббийларни ҳам кўрганман. Мухлислар асло хавотир олишмасин. Тўғри, биз олаётган ўйинчиларнинг ҳали номи чиқмагандир. Аммо ўйин ва натижа бўйича ташвишланишмасин. Аксинча, бизга келаётган футболчилар “Андижон”да танилишади ва бизнинг клуб пойдевор бўлади. Биз Суперлигадан тушиб кетиш ёки қолиш учун курашадиган таркиб тузмаяпмиз. Шуни аниқ айтаман: бу йил “Андижон” лигада қолиш учун курашадиган жамоа бўлмайди. Мана кўрасиз, анча-мунча жамоага бош-оғриғи бўладиган клуб бўламиз. Янги мавсумда “Андижон” кутилмаган сюрприз кўрсатади.

отабек4_1

Иброҳим Отахонов ёрдам бера оладими?

Маълумки, футболчилик фаолиятини якунлаган Иброҳим Отахонов яқинда яна “Андижон” клубига ўйинчи сифатида қайтгани хабар берилганди. Қизиқ, у Суперлигада ўз жамоасига ёрдам бера оладими? Бу саволга бош мураббийнинг жавоби шундай бўлди:

- Биринчи ўринда Иброҳим Отахонов жамоанинг ички муҳитида менга керак. Тажрибаси ўзига яраша етарли. Уни футболдан кетганига бор-йўғи олти ой бўлди. Аммо бу ҳали фаолиятини тугатганликка кирмайди. Максимал кучи етса, асосий таркибда ўйнайди. Захирадан майдонга тушишдан ташқари ичкарида ҳам менга керак. Машғулотларда ҳам ўз ўрни бўлади. Ҳали жамоага кўп ёрдами тегади. Унинг андижонлик энг яхши мутахассислардан бири бўлишига кўзим етяпти.

Мураббийлар штабига қўшилган Ёрқин Назаров тўғрисида

Шунингдек, “Андижон”га яна бир мураббий – Ёрқин Назаров ҳам таклиф этилди. Бунгача “Бунёдкор”да фаолият олиб бораётган мураббий энди Отабек Ғуломхўжаевга жисмоний тайёргарлик бўйича яқиндан ёрдам беряпти.

- Ёрқин Назаровни футболчи сифатида катта тажрибаси бор. Ўзбек футболида ўзига яраша ҳурматга эга. Ёшлар билан ишлаш бўйича ҳам етарли малакаси бор. “Шўртан”да ҳам яхши натижа қилган. Биринчи лигада “Бунёдкор”ни бошқарган. Кўплаб мураббийлар билан ишлади. “Бунёдкор” академиясида ҳам бирга фаолият олиб борганмиз. Жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам тажрибаси бор. Унинг малакаси жамоамиз учун фойдали бўлади. Дарвозабонлар мураббийи бўйича бир тўхтамга келсак, кейин бу ҳақида айтамиз. Ҳозирча музокаралар кетяпти, - деди Отабек Ғуломхўжаев.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
mashxurbek solijonov
24/01/2021 00:39
Баха хамидуллаевни каргиши урмаса болди
Mirali Hcerali
23/01/2021 19:58
Отабек тажрибали дарвозабон х,ам олинглар дарвозабон ярим жамоа деган гап бор футболда

Минбар

Барча блоглар