Ads

Биринчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олмаган «Андижон» клуби ҳам ёзги таътилга чиқди. Хабарингиз бор, «Бургутлар» якунига етган биринчи даврадан кейин турнир жадвалида 13-ўринни эгаллаб туришибди. Агар жамоа ўйини таҳлил қилинадиган бўлса, муаммоли вазиятлар кўп бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин. Буни мураббийлар алмашганидан ҳам билиб олши қийин эмас.

Эътиборлиси, андижонликлар 13 та ўйиннинг бор йўғи биттасидагина ғалаба қозонишди. Шунингдек, дуранг ва мағлубиятлар олтитаданни ташкил қилмоқда. Биринчи давра шуни кўрсатиб бердики, жамоа ўйинидаги муаммоли чизиқлар кўриниб қолди.

Энди эса таркибни ва ўйинни кучайтириш муҳим масалага айланиб қолди. Чунки биринчи даврада йўқотилган очколар ўрнини иккинчи даврада қоплаши лозим. Бош мураббий Александр Хомяков эса жамоадаги мавжум камчиликларни кўрди ва энди заиф нуқталарни кучайтириш устида бош қотирмоқда.

Айни пайтда Суперлигада бир қатор жамоалар ёзги йиғинни бошлашган бўлса, айримлари энди таътилга чиқишди. «Андижон» жамоаси эса Суперлигадан кейин Лига Кубоги баҳсларида деярли асосий таркиб билан иштирок этгани боис қисқа муддатли таътилга чиқишган. Етакчи футболчилардан Илдар Маматказин, Ойбек Қиличев, Рўзим Аҳмедов ҳамда Аброр Ҳусинов Лига Кубоги учрашувларидан озод этилишганди. Ҳозирда бош мураббий иккинчи давра учун режаларни тузиб чиқмоқда. Бу борада эса Хомяков ёзги йиғинни қачон ва қаерда ўтказиши борасида маълумотлар билан ўртоқлашди.   

- «Навбаҳор»га қарши Лига Кубогидаги охирги ўйиндан кейин футболчиларга беш кунлик дам берганмиз. Режамиз бўйича 14 июль куни биз Тошкентда тўпланамиз. Эртасига футболчилар тиббий кўрикдан ўтишади. Шундан кейин жамоамиз билан Янгиерга отланамиз. Чунки иккинчи даврага тайёргарликни ўша ерда олиб борамиз. У ерда эса иккита назорат учрашувини ўтказишни режалаштириб қўйганмиз. Шунингдек, Янгиердаги бир кунимизни тест синовларига ажратамиз. Шундан кейин 23 июль куни Андижонга қайтиб, тайёргарликнинг қолган қисмини ўзимизда давом эттирамиз ва «Бухоро»га қарши ўйинга ҳозирлик кўрамиз, - дея жавоб берди, Александр Андреевич.

Маълумки, у «Машъал»ни бошқарган пайтида жамоаси билан асосан Янгиерда шуғулланарди. Шунинг учун бош мураббий янги жамоаси билан ҳам яна ўша ерда йиғин ўтказишни маъқул кўрди. Боиси Янгиердаги шароит ва имкониятларни яхшироқ билгани учун ҳам «Андижон» билан ўша ерда тайёргарлик кўришни лозим топди. Дарвоқе, андижонликлар Лига Кубогида ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритишган ҳолда кейинги босқичга йўл олишди. Эътиборлиси, «Андижон» клуби Суперлиганинг 13 та ўйинида рақиблар дарвозасига 10 та гол урган бўлса, Лига Кубогининг 3 та учрашувда 7 та гол уришга эришди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг 3-босқичида «Бухоро» дарвозасига тўртта гол урди. Умуман олганда, Александр Хомяков келгач, жамоа ҳужумкор ўйин кўрсата бошлаганини натижаларидан билиб олса бўлади. Лекин ҳали «Андижон» Хомяков бошчилигида Суперлигада ғалаба қозона олгани йўқ. Янги мураббий асосан Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Балки Кубок баҳсларида жамоа олдига жиддий вазифа қўйилганми? «Андижон» устози эса бу масалага қуйидагича жавоб қайтарди:

хомяков_2

- Албатта, бу савол ҳаммани қизиқтиради. Афсуски, бизда ҳозирча ғалабалар Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубогида бўлди. Лекин айни пайтда биз ўйинларни ажратиб ўтирмаймиз. Аксинча, биз учун ҳар бир учрашув муҳим аҳамият касб этади. Тўғриси, Кубок баҳсларида олдимизга аниқ мақсадлар қўймаганмиз. Асосийси шуки, мана шундай Кубок ўйинлари орқали ўзимизга бўлган ишончни кучайтирмоқчимиз.

Бир томонда қараганда, мураббий ҳақ, ҳар қандай ўйиндаги ғалаба жамоа аъзоларига қўшимча куч ва руҳ бағишлайди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, барибир Суперлигадаги натижа биринчи рақамлиси ҳисобланади. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, жамоа қандай қилиб бўлмасин иккинчи даврада албатта кучайиши шарт. Акс ҳолда яна муаммолар бошланади. Хомяков жамоага яқинда келди ва ҳозирги таркибни у тузмаган. Балки унинг талабларига мос тушмайдиган футболчилар ҳам бўлиши мумкин. Биз эса ундан айнан шу ҳақида сўраганимизда шундай деди:

- Бу ҳақида гапиришни хоҳламасдим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз таркибга яна янги ўйинчиларни олмоқчимиз ва рақобатни кучайтирмоқчимиз. Қачонки, янги футболчиларни қўлга киритсак, шунда таркибимиздаги рақобат янада кучаяди. Қачонки, жамоада кучли рақобат вужудга келса, шунда ўйин ҳам кучаяди ва ғалабага бўлган интилиш ҳам ортади.

Ўз навбатида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, «Андижон» клуби спорт директори сифатда молдавиялик мутахассис Николай Минчев иш бошлади. У Лига Кубоги доирасида «Навбаҳор»га қарши кечган баҳсда стадионда ўйинни кузатиб борди. Айтиш мумкинки, бунгача «Насаф»да ушбу лавозимда ишлаган Николай Ильич энди Александр Хомяковга яқиндан ёрдам беради. Тез орада таркибда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Behzod Aliev
13/07/2019 09:11
Кейинги боскичда Андижонга омад
&
Фан
12/07/2019 12:45
Андижонни асосий составидан уринбосарлари кучли эканда.
Хомяков ва Андижонга омад.
&
Holis
12/07/2019 13:01
Ôrinbosarlar tarkibi kuchlimas shunchaki raqiblari 3-tarkib bilan ôynadi.
Абдусамат Жураев
12/07/2019 08:42
КУБОКЛАРДА ВА ЛИГАДА 7 ТА ГОЛЛЛЛ ЗУРКУ СУПЕР ЛИГАДА 13 ТА УЙИНДА 10 ТА ГОЛЛ АНДИЖОН КУБОКЛАРДА ИККИНЧИ САСТАВ УЙНАДИКУ РАКИБЛАРИНГ
Низомтой Эргашев
12/07/2019 10:41
Про лигага тушиб кетади