Ана холос! 87 ёшли онахон ҳам челленжда иштирок этди

Юртдошларимиз орасида карантин даврида уйда қолиб, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни фаол тарғиб қилиш, шу орқали уларни соғлом турмуш тарзига ошно этиш мақсадида ташкил этилган #уйдақол #ҳаётгақўшил #спортчалленге челленжида навбатдаги ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Бу ҳақда Жисмония тарбия ва спорт вазирлиги расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Эътиборлиси, челленж юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди. Аввал бошда челленжда 7 ёшдан 70 ешгача бўлган аҳоли қатнашиши кутилганди. Аммо, челленж тобора қизғин тус олиши натижасида унда эндигина юришни бошлаган гўдакдан тортиб ҳатто ёши 80дан ошган отахону онахонлар ҳам иштирок этишди. Хусусан, навоийлик 87 ёшли Розия ая спорт билан шуғулланиш ёш танламаслигини, аксинча спорт билан шуғулланган инсон соғлом ва тетик бўлишини исботлади.

6 апрелдан старт олган мазкур челленжга 6 мингдан ортиқ видео материал юборилгани танлов юртимиз аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотганини англатади.

#уйдақол #ҳаётгақўшил #спортчалленге челленжига 22-26 апрель оралиғида юборилган видеороликлар орасидан Ҳакамлар ҳайъати энг яхши бештасини танлаб олди. Унга кўра битта 1-ўрин ҳамда иккитадан 2-3-ўрин эгалари тақдирланади. Таъкидлаш керак, челленжда илк бора Самарқанд, Жиззах ҳамда Сирдарё вилояти вакиллари совриндорлар сафидан жой олишди.

Шу тариқа челленжда ғолиблик Навоий вилояти Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Жабборовлар оиласига насиб этди.

2-ўринга пойтахтлик Фармонқуловлар ҳамда Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқтош шаҳрида яшовчи Рашидовлар оиласи лойиқ кўрилди.

Ниҳоят фахрли 3-ўринни жиззахлик Донишевлар ҳамда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридан Ташметовлар оиласи банд этишди.

Биз челленжнинг ғолиб ва совриндорларига мукофотлар муборак бўлсин, деб қоламиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)